17:01 msk, 26 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ислом Каримовнинг банк ҳисоб рақамларидан нақд пул тўлаш кафолатлари ҳақидаги қарори Ўзбекистондаги хусусий тадбиркорлар аҳволини ҳозирча ўзгартиргани йўқ

18.08.2005 08:14 msk

Х. Орипов (Тошкент)

Ислом Каримов томонидан 5 августда чиқарилган «Банклардаги депозит ҳисоб рақамларидан нақд пул тўлашни узлуксиз таъминлаш кафолатлари ҳақида»ги қарор ҳозирча Ўзбекистон хусусий тадбиркорлари кўпчилигининг аҳволотида ҳечам ўз аксини топмади. Уларнинг ўз банк ҳисоб рақамларидан нақд пулни тўсиқларсиз олиш ҳуқуқлари Марказий банкнинг ҳозирча ошкор этилмаётган буйруқлари билан чекланганлигича қолмоқда.

Ўзбекистон президенти қарорининг матнини ўқиганлар, албатта, унинг преамбуласида (кириш қисмида) охирги йилларда мамлакатнинг кредит-молиявий тизими омонатчилар манфаатлари учун ишламаганлигини ва бозор муносабатларининг ривожланишига ёрдам бермаганлигини давлат раҳбари қарийб тан олганлигига эътибор қаратганлар. Аммо қарорда бу учун барча масъулият «ўз фаровонлигини омонатчилар ҳисобига ошириб, улар олдидаги ўзларининг бевосита мажбуриятларни бажармаётган, омонатчиларнинг қонуний талаб ва эҳтиёжларига бефарқ муносабатда бўлаётган, бунинг устига, уларнинг талабномаларни қондиришда ўз мавқеларини суиистеъмол қилаётган, уларнинг манфаатларини эътиборга олмаётган» тижорат банкларига юклатилганди. «Бу каби фактлар Ўзбекистон Ресбубликаси Марказий банкининг вилоят ва шаҳар бўлимлари ҳамда ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки фаолиятида мавжуд бўлган»лиги фақат писанда сифатида қайд этилганди.

Бу орада, 2003 йилдан буён ўз банк ҳисоб рақамларидан нақд маблағларни эркин ола билиш имкониятидан деярли маҳрум бўлганликлари, шунинг учун ҳам молиявий амалиётларни «яширин» олиб боришга мажбур бўлганликлари ҳақида «Фарғона.Ру» агентлиги мухбирларига хабар қилган хусусий тадбиркорлар айнан Ўзбекистон Марказий банки тижорат банкларига мижозларга пул берилишини 10 минимал ойлик маош, яъни 50 доллардан сал ортиқроқ миқдорда чеклаш кўрсатмасини бераётганлигини таъкидлагандилар. Бундан ташқари, тижорат банклари ва филиалларининг раҳбарлари жонли пулларнинг мижозларга берилишини қисқартириш ҳисобига «иқтисод қилиш»га мажбур бўлганлар. Бу Марказий банкнинг нақд пулларни олиш бўйича ўзига хос «ойлик режа»ни жорий қилганлиги учун содир бўлган, буни бажармаганлик учун тижорат банкларига турли санкциялар ва жазо чоралари қўлланилган. Тошкентлик хусусий тарбиркорлардан бирига кўра, бу 2004-2005 йилларга келиб «пулларни банк ҳисобларига қўйиш уларни ўзи учун йўқотиш билан тенг» бўлишига олиб келган. Ўз ҳисоб рақамидан нақд пулни ҳар қандай йўл билан қайтариб олиш эса турли ҳийла-найранглар, «шахсий алоқалар»дан фойдаланиш, сўровчини таҳқирловчи илтимослар ёки инстанциялар бўйлаб югуришларни (банк билан судлашишдаги бесамар уринишларгача) келтириб чиқара бошлаган.

Эндиликда президент қарори билан айнан Марказий банкка «тижорат банклари ходимлари томонидан юзага келтирилаётган бюрократизм, сансалорлик, лоқайдларча муносабат ҳамда юлғичликнинг юқорида зикр этилган ҳодисаларини қисқа муддатлар ичида йўқ қилиш учун унга қонун ва амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан берилган барча механизмлари ва таъсир воситаларидан кенг кўламда фойдаланиш» буюрилган.

Шунингдек, Марказий банкка «банкларнинг депозит ҳисоб рақамларидан аҳолига ва хўжалик субъектларига нақд пулни тўхтовсиз тўлаш бўйича белгиланган тартибнинг кўп маротаба такрорлаган (ойига уч мартадан кўп) бузилишига йўл қўйилган» тақдирда тижорат банклари ҳудудий бўлимлари ва филиалларининг раҳбарларини эгаллаган вазифаларидан озод қилиш юзасидан жазолаш вазифаси ҳам юклатилган. Банкларнинг ўзларига нисбатан эса «банк амалиётларини амалга оширишга ҳуқуқ берувчи лицензияларни чақириб олишгача бўлган жиддий жавобгарлик чоралари»ни қўллаш буюрилган.

Ушбу назорат ва жазолаш чораларини амалга ошириш учун Марказий банк «ўз тузилмаларида нақд пул маблағларини тўлаш устидан мониторинг юритиш бўйича махсус бўлинмаларни ташкил этиши, нақд пулни қонунга мувофиқ тўланишида рад этиш ҳодисалари қайд қилиниши юзасидан индикаторларни ишлаб чиқиши ва улар асосида тегишли ойлик ҳисоботларни жорий қилиши» лозим. Шунингдек, бу тузилмалар мижозларнинг шикоятларини кўриб чиқишлари ва «тижорат банкларининг мансабдор шахсларига нисбатан рағбатлантириш ёки уларни жавобгарликка тортиш бўйича» таклифларни ҳозирлаши керак бўлади. Мижозларнинг шикоятлари ва талабномаларига тезкор тартибда муносабат билдириш учун ҳар бир ҳудудда «ишонч телефонлари» таъсис қилинади.

Яъни, қарорга мувофиқ, Марказий банк ва у ҳисоботлар тақдим этувчи президент аппарати бошчилигида ўтказилувчи текширувлар ва жазолашлар йўли билан давлат бошқарувининг яна бир, қўшимча қатъий вертикал тузилмаси қурилиши керак бўлади.

Тижорат банкларининг баъзи ходимларига кўра, Марказий банк ўзининг ҳар қандай буйруқларига оммавий бўйсунишдан банкларни озод қилмаган ҳолда раҳбарларни алмаштириш ёки фаолиятни тўхтатиб қўйиш йўли билан исталган номақбул банкни тўлалигича қонуний равишда жазолаш имкониятига эга бўлади. Бу оддий мижозлар учун уларга маълум бўлган иқтисодиётни бошқараётган бюрократик иерархия билан алоқа қилишдан бошқа нима беришини олдиндан айтиб бериш қийин. Ҳозирча Ўзбекистонда хусусий тадбиркорлар учун нақд пул тўлаш билан боғлиқ вазият ўзгаргани йўқ.

- Бу ой менинг кўплаб «ХТ» танишларим Тошкентда ҳам, вилоятларда ҳам ўз ҳисоб рақамларидан аввалги 10 минимумни ва фақат айрим вазиятлардагина 100 минимал ойликкача, яъни 500 долларга яқин маблағларни ололганлар, холос, - дея маълум қилди таниш тадбиркор «Фарғона.Ру» агентлиги мухбирларига. – Банк ходимлари расман ўша қарорга таянмоқдалар, унинг 2-бандига мувофиқ нақд пул маблағларини бериш бўйича амалдаги моддалар 1 сентябргача қайта кўриб чиқилиши керак. Бу вақтгача тижорат банкларига нақд пулнинг зарур заҳираларини ташкил этиш ҳам буюрилган. Аммо кейин пахта йиғим-терими бўйича кампания бошланади, у пайтда банклар одатда пахтакорларга узлуксиз ойлик маош берилишини таъминлаш зарурлигидан нақд пулнинг етишмаётганлигини баҳона қиладилар. Аслида сиз ўзингиз ҳозирда пул алмаштириш нуқталарида ўзбек сўмларини умуман йўқлигини ва валюта амалиётлари «қора бозор»ининг шиддат билан гуркираб бораётганлигини кузатишингиз мумкин, бу Марказий банк томонидан доллар курси ва инфляцияни ушлаб қолиш учун нақд пул танқислигини сунъий равишда ташкил этилаётганлигига ишонишга мажбур қилади. 1 сентябрдан бошлаб банклар чиндан ҳам ҳисоб рақамларидан исталган миқдорда ва талаб қилиниши биланоқ пул беришни бошлашларига умид қилгингиз келади. Аммо Марказий банк ўзининг аввалги яширин амр-фармонларидан қайтиши ва сўмларни бозор стихияси оқими бўйлаб «эркин оқиш»га қўйиб беришига ишониш қийин. Эҳтимол, охирги қарорни йўққа чиқарувчи янги қонуности чоралари ўйлаб топилар. Ҳозирча тижорат банклари худди «болға билан сандон» орасида қолганлиги ҳамда иқтисодиётни бир неча йилда оғир бўҳронга дучор қилган ҳокимият уларни айбдор қилиб, осонгина қутилиб кетиши мумкинлиги аниқ…

Қарорнинг алоҳида банди билан Марказий банкга бундан буён тижорат банкларини уларнинг корреспондентлик ҳисобларидаги маблағлар чегарасида, зарур бўлганда ҳисоб-касса марказлари қошидаги резерв жамғармаларидан фойдаланган ҳолда, нақд маблағлар билан чекловларсиз таъминлаш, шунингдек, нақд пулга бўлган талабни узлуксиз таъминлашни кўзда тутган ҳолда, республика ҳудудлари ўртасида нақд пулни тезкор равишда қайта тақсимланишини амалга ошириш буюрилган. Шу каби ҳолат бу ёз Фарғона водийсида кузатилмоқда, у ерда 13 май куни Андижонда бўлиб ўтган фожиали воқеалардан кейин кўп йиллик одатланишларга қарамай, ойликларни, пенсия ва ижтимоий нафақаларни, ҳатто улар бўйича аввалги қарзларни тўлаш билан биргаликда, узлуксиз тўлаш бошланган, аснода Ўзбекистоннинг бошқа кўплаб ҳудудларида тўловлар билан боғлиқ вазият аввалгидай қолмоқда. Аммо ушбу қайта тақсимлаш сиёсий сабабларга кўра юзага келган бўлиши мумкин ва мамлакатдаги иқтисодиётнинг ҳақиқий аҳволига тўлалигича мувофиқ кела олмаса керак. Марказий банкнинг барча ҳудудлар эҳтиёжларини ва тадбиркорлар талабларини қай тарзда биратўла қондира олиши, сўнгра эса улар эҳтиёжларини қондирилишидан юзага келган оқибатларни ўнглай олишини биз яқин ойлар ичида кўришимиз мумкин.

Балки қарор тайёрланаётган пайтда давлат раҳбари охирги йилларда етишмаётган жонли пулларга эҳтиёжни бир уринишда қоплашга қодир бўлган қандайдир яширин резервлар борлигини билгандир, шу билан билан биргаликда ўласи ҳолга келгунча бошқарилган иқтисодиётни гиперинфляция жарига бирданига қулашдан тутиб қолиш ҳақида ўйлагандир.

Шунга кўра, қарорнинг тўққизинчи банди алоҳида эътиборни жалб қилади, унга мувофиқ Давлат солиқ комитети «банк ташқарисидаги пул айланишини чеклаш бўйича, моллар, қилинган ишлар ва хизматларлардан тушган нақдина-пул даромадларини хўжалик субъектлари томонидан банк кассаларига тўлалигича топширилиши юзасидан назоратни кучайтириш»и, шунингдек, «банк кассаларига топширилган нақд-савдо тушумининг чакана мол айланиши ва пулли хизматларнинг ҳақиқий ҳажмларига мувофиқ келиши, чакана савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналарининг назорат-касса машиналари ва ҳисоб терминалларидан мажбурий фойдаланиши устидан қаттиқ назорат ўрнатиш»и шарт. Пластик карточкалардан фойдаланган ҳолда тўловларни қабул қилишда ноқонуний бош тортиш ҳодисалари аниқланган тақдирда эса айбдор шахсларга нисбатан жавобгарлик (жазо) чораларини қўллаш лозим.

Қарорнинг асосий мазмун-моҳияти шу бандда эмасмикан?.. Аммо, жилла қуриса, пластик карточкалар учун терминалларга келсак (улар юзасидан ҳам яқинда қарорлар чиқарилганди), уларни ҳалигача Ўзбекистон пойтахтида кўп учратмайсиз, ишлаётган банкоматлар ҳақида эса гапирмай қўя қолайлик…



 

Реклама