21:25 msk, 20 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон ёш сиёсатчилари форуми: Президент Қ. Бакиевга халқ мандати зарур

23.02.2007 13:28 msk

Халид Валидов

Адил Турдуқулов. http://www.acssc.org.kg сайтидан олинган сурат

Қирғизистон Ёш сиёсатчилари форуми (ЁСФ) республика президенти Қурманбек Бакиевга умумхалқ референдуми ўтказиш йўли билан ўтган йилнинг ўттизинчи декабрь куни қабул қилинган конституциянинг машруъятини тасдиқлатиб олишни таклиф қилди. ЁСФнинг бундай таклифни олға суриш сабаблари ҳақида Форум мувофиқлаштирувчи кенгаши аъзоси Адил Турдуқулов “Фарғона.Ру” АА мухбирига берган интервьюсида айтиб берди.

“Фарғона.Ру”: - Марҳамат қилиб, кўтариб чиқаётган ташаббусингиз ҳақида батафсилроқ гапириб берсангиз.

А. Турдуқулов: - Биз 2006 йилнинг 30 декабрь куни қабул қилинган конституция номашруъ бўлиб ҳисобланишидан ва на конституцион суд томонидан, на халқ мандати билан тасдиқланмаганидан келиб чиқиб ҳаракат қилаяпмиз (Конституцион суд у пайтда шакллантирилмаган эди ва шунинг учун ҳам конституция экспертлик хулосаси олиш тартибини четлаб ўтганди. – таҳр. изоҳи). Агар президент Бакиев “Оқ уй” ташқарисида бўлган сиёсий кучларда конституцияга нисбатан қандайдир ҳурмат бўлишини истаса, бунинг учун унга халқ мандати зарур бўлади. Бунақа мандатни фақат умумхалқ референдумини ўтказиш йўли билангина олиш мумкин.

Иккинчи жиҳат Феликс Қуловнинг истеъфоси билан боғлиқ. Агар халқ Бакиевга эътироз билдирса, бунга ҳақли бўлади, чунки одамлар уни [амалдаги президентни] шунчаки халқдан чиққан номзод сифатида эмас, 2005 йилдаги инқилобдан кейин Қулов билан тузилган “тандем” аъзоларидан бири сифатида сайлагандилар. Бакиевнинг [ҳозирда] президент лавозимини эгаллаб туриши ғайримашруъдир, чунки одамлар алоҳида шахс учун эмас, конкрет сиёсий иттифоқ учун овоз берган эдилар.

Қурманбек Бакиев ўзининг халқ вакили эканини таъкидлаяпти. Агар шундай бўлса, у буни мухолифатнинг бирлашган фронти талаб қилаётгандай янги президентлик сайловлари орқали эмас, умумхалқ референдуми орқали тасдиқласин. Бирлашган фронт томонидан таклиф қилинган янги президентлик сайловлари эса жуда радикал қадам бўлади.

“Фарғона.Ру”: - Агар Қурманбек Бакиев референдумда етарли овоз йиға олмаса-чи?

А. Турдуқулов: - У ҳолда президент истеъфога кетиб, муддатдан олдинги сайловларни белгилаши керак бўлади. Кўпчилик референдум ўтказиш учун талаб қилинадиган сарф-ҳаражатлар ҳақида гапираяпти. Аммо бу мухолифат учун ҳам жуда зўр қадам бўларди, чунки референдум натижалари иложсиз сохталаштирилади ва бу жиддий норозилик намойишлари учун баҳона бўлиши мумкин.

“Фарғона.Ру”: - Айрим маҳаллий оммавий ахборот воситалари сизнинг ташаббусингизда “Оқ уй” изи борлигини ҳақида хабар тарқатдилар...

А. Турдуқулов: - Ҳа, бир қатор оммавий ахборот воситалари бунақа тахминни ёйинлаганлар. Аммо мен президент маъмурияти бу қадамга бормайди, деб ўйлайман. Агар президент ислоҳотларни олға суриш бўйича ташаббусни ўз қўлига олса, яхши бўларди. Аммо бу иш амалга ошмаяпти.

“Фарғона.Ру”: - Сиёсий элита ичида ҳозир нима кечаяпти?

А. Турдуқулов: - Ҳозир “эски” ва “янги” мухолифат ўртасида консультациялар кетаяпти. Асосий ғов мухолифат лидерларидан бири Алмазбек Атамбаев бўлиб ҳисобланади. Агар эски ва янги мухолифат бирлашса, бу кучда Бакиевни ағдариш учун яна “кўча” усулини қўллашдан бошқа йўл бўлмайди.

Аммо биз биламизки, мухолифат ҳар доим ҳам оломонни бошқара олмайди ва ҳар доим ҳам расмийларнинг мувофиқ ҳаракат қилишларини олдиндан айтиб беролмайди – буни ўтган йил ноябридаги воқеалар ҳам кўрсатди. Бунақа пайтда президент истеъфосини талаб қилган ҳолда масалани радикал равишда қўйиш эмас, ўтказилажак ислоҳотларни муҳокама қилиш муҳимдир. Умуман олганда эса, Бакиев ҳозир жамиятдаги тебранишларни ҳис қилаётгани йўқ ва шу билан унинг ўзи мухолифатни бирлашишга мажбур қилаяпти.

Ҳозир мухолифатнинг таркибан ва танланган услуб бўйича бир эмаслиги унинг болиғлигидан далолат беради. Мухолифат шахсни ўзгартириш ҳеч нарса бермаслигини тушунди. Аммо, шунга қарамай, ҳозир ҳамма иш Бакиевга боғлиқ, ҳамма унинг қўяжак қадамларини кутиб турибди.

“Фарғона.Ру”: - Агар сиз президент маслаҳатчиси бўлганингизда Қурманбек Бакиевга қандай маслаҳат бўлардингиз?

А. Турдуқулов: - Қанчалик кулгили эшитилмасин, мен унга ислоҳотлар ташаббуси билан чиқишни, аввалда ваъда қилинган шаффоф ислоҳотлар ташаббуси билан чиқишни маслаҳат берган бўлардим. Агар президент ҳакам бўлишни истаса, у жамиятдаги ички ҳаракатларга қулоқ тутиши зарур бўлади.

* * *

Халид Валидов суҳбатлашди