06:12 msk, 20 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Марказий Осиё интеграцияси – американча қараш

22.02.2007 22:39 msk

Виктор Дубовицкий

Америкалик сиёсатчилар, афтидан, геосиёсий шоҳмот ўйинини бас қилишиб, “янги Болқонлар” “интеграция”сига киришган кўринадилар. Бу АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси муовини Эван Фейгенбаумнинг Вашингтонда жойлашган Марказий Осиё ва Кавказорти институтидаги чиқишидан маълум бўлди. Бу нутқ матни АҚШ Давлат департаменти томонидан шу йилнинг 20 февраль куни ёйинланган.

Ҳозирги лавозимига тақрибан етти ой аввал киришган Э. Фейгенбаум бу борада биринчи марта чиқиш қилган. АҚШнинг жабрдийда минтақамизга нисбатан сиёсатини шакллантиришга масъул бўлган Вашингтон мулозимининг янги жойда етти ой ўтириши бекорга кетмади. ХХ асрнинг тўқсонинчи йилларида ўша вақтдаги АҚШ давлат котиби ўринбосари Строб Тэлбот “тузук интеграция”га чорлаб, Европа ва Осиё ўртасида эски Ипак йўли бўйлаб транспорт йўлаги учун кўрсатган жонбозлигини эътиборда тутган ҳолда бунинг олға силжиш эканини тан олмоқ керак: америкаликлар талассократияга хос бўлган кенглик интеграциясидан воз кечишиб, меридионал интеграцияни эътироф этмоқдалар.

Бунинг учун, албатта, америкаликларнинг Афғонистонга бостириб киришига олиб кетган 11 сентябрь воқеалари содир бўлиши керак бўлди, улар учун меридионал интеграциянинг ўзи ҳам Россия жанубий чегараларининг шимоли билан чекланади! АҚШ учун бу геосиёсий “меридиан” ўша чегарадан бошланиб, жанубда Ҳинд уммонига бориб тақалади: “АҚШ давлат котиби К. Райс айтганидек, бизнинг сиёсатимиз жанубий йўналишда Афғонистондан Ҳинд уммонигача, агар минтақа алоқалари шарққа томон кенгайса, Хитой, Япония, Корея ва Тинч уммони ҳавзасигача “бутун йўлак бўйлаб” ёйилаётган ислоҳотларга қўллов кўрсатишда аксланади”. Эван Фейгенбаум интеграцияни “халқаро иқтисодий алоқалар: савдо-сотиқ, сармоя ётқизиш, шунингдек, уларга кўмаклашувчи киши ва жисмоний инфратузилма” сифатида очиқлайди.

Нима бўлганда ҳам, пахта ўрнига герань етиштириш, дастгоҳлар ўрнига асал ишлаб чиқариш, бунга қўшимча равишда туризмни ривожлантиришга ўхшаган олдингидай тавсиялар берилмагани кишини хурсанд қилади. Икки йил аввал бу тавсияларни АҚШнинг Тожикистондаги элчиси оғзидан эшитган иқтисодчилар ва сиёсатчилар ҳангу манг бўлиб қолган эдилар: Совет ҳокимияти йилларида мамлакат эришган барча иқтисодий ютуқлар йўққа чиқарилиши керак эди! Совет Иттифоқи парчаланган пайтда Тожикистон ўртача ривожланган аграр-индустриал мамлакат мақомида мустаҳкам турганди, фақат 1992-1997 йиллардаги фуқаролар урушигина уни иқтисодий жиҳатдан қолоқлашишига сабаб бўлди. Америка расмийларининг вакиллари бу каби тавсиялар билан Тожикистонни Непалга ўхшаш мамлакатга айлантириб, бу қолоқликни янада мустаҳкамлар эдилар, холос.

Айнан ўшанда Панж ва Амударё устига автомобиль ўтадиган кўприкларни ишга тушириш юзасидан “одамни хурсанд қиладиган истиқболлар” биринчи бор бўй кўрсатган эди. Марказий Осиё иқтисодий интеграцияси юзасидан Эван Фейенбаум томонидан чизиб берилган Американинг ҳозирги концепцияси қуйидагича ифодаланган: “Биз томондан барча йўналишлар, айниқса, жанубий йўналиш бўйича алоқаларни кенгайтиришга кўмаклашиш имкониятини кўрмоқдамиз – чунки бу йўналиш ривожланган йўналишдир”. Айни шу стратегия доирасида “шу йилнинг ёзида биз АҚШ маблағига қурилган Афғонистон-Тожикистон кўпригини очамиз, бу кўприк суткасига 24 соат очиқ бўлади, ҳар иккала томонда божхона ва чегара назорати масканлари жойлашган бўлиб, бу жой йилига 1000 автомобилни ўтказиш имкониятига эга бўлади”.

Америкаликлар 2006 йил кузида бўлиб ўтган НАТОнинг Ригадаги сессиясида жанубдаги қўшнимиз ҳудудида жанговар амалиётлар ўтказиш учун ҳатто “қайноқ фин йигитлар”дан ёрдам сўраганлари ва ўзлари эса Афғонистондаги ўз қўшинлари контингентини кўпайтираётганлари қабатида Афғонистон билан алоқаларни ривожлантириш юзасидан бу ваъда ғалати эмас, балки мудҳиш эшитилади! Шу ўринда айтиш жоизки, ўтган йили афюн ҳосили мазкур мамлакатда (2002 йилдаги 3400 тоннадан фарқли ўлароқ) 6100 тоннани ташкил қилди ва НАТОнинг бирлашган қуролли кучлари вазиятни назорат қила олмаётганлари аниқ. Шу жиҳатдан Тожикистон билан алоқалар қандай бўлишини ҳатто “божхона ва чегара назорати масканлари” бўлган чоғда ҳам айтиш қийин.

Албатта, Қўшма Штатларнинг минтақа гидроэнергетикасини ривожлантириш юзасидан мулоҳазалари кишини хурсанд қилади, бироқ бу мулоҳазалар қанақадир Даштижум ГЭСига сармоя ётқизиш бўйича ноаниқ лойиҳалар билан чекланаяпти, унинг қурилиши ҳақида ҳали ўша Афғонистоннинг ўзи билан ҳам келишиш керак бўлади.

МУАЛЛИФ ҲАҚИДА: Виктор Дубовицкий – тарих фанлари доктори, “Фарғона.Ру” АА эксперти. Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида яшайди.