17:00 msk, 26 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Мойлисувдаги “никель васвасаси” қурбонлари сони ортмоқда

22.02.2007 12:52 msk

Алла Пятибратова

Мойлисув шаҳридаги (Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти) никель тўпловчиларнинг саксон фоизга яқини иш бошлаганидан бир-бир ярим ойдан кейин ногирон бўлиб қолишлари мумкин. Қирғизистон Республикаси Миллий Фанлар академияси Жанубий бўлими Тиббиёт муаммолари институтининг илмий ходимлари ана шундай тахмин қиладилар.

“Никель васвасаси” Мойлисув электр-лампа заводи ахлатхонасига фақат қирғизистонликларнигина эмас, қўшни Ўзбекистоннинг яқин туманларидан бўлган ишсизларни ҳам жалб қила бошлаганига уч йил бўлди. Ҳар куни бу ахлат уюмлари орасида икки мингдан етти минггача одам ахлат титиб юрадилар, улар орасида аёллар ва ёш болалар ҳам кўп.

Қачонлардир Мойлисув чеккасидаги бу тепаликларда маҳаллий гўшт комбинати ўз чиқиндиларини кўмар эди. Кейинчалик ҳайвон суяклари қабристонига кўп йиллар мобайнида электр-лампа заводи ўз чиқиндиларини, жумладан, яроқсиз лампочкаларни ташлаган. Айнан ўша лампочкалар ўлжа объектига айланган. “Олтин изловчилар”ни вольфрам ипи қотириладиган никель симлар қизиқтиради. Симларни чиқариб олиш учун лампочкалар шишани ун қилиб майдаловчи махсус тегирмонга туширилади. Энг омадли ковловчилар кунига бир килограммгача металл топишиб, ўша ернинг ўзидаёқ савдогарларга сотишлари мумкин (бир килограмм никель учун саккиз юз сўм [йигирма доллардан сал кўпроқ] берадилар).

Никель “Клондайк”идаги қазиш ишлари чоғида ўн саккиз киши ахлат уюми остида қолиб ҳалок бўлган. Аммо бу ерда ишловчилар ҳаётига фақат шугина хавф солаётгани йўқ. Ҳатто қазиш ишлари билан машғул бўлмаган ижарачилар, даллоллар, бу ерда ишлаётганларга овқат пиширувчилар ва никель сотиб олувчилар ҳам хавф-хатардан холи эмаслар. Бу ерда энг жўн тиббий ёрдам ҳам йўқ. Фақат ЕХҲТнинг Қирғизистондаги ваколатхонаси радиация ва чанг миқдорини ўлчаш учун асбоб-анжомлар сотиб олишга грант ажратган, холос.

- Кечга бориб ҳамма ишчиларнинг нафаслари қисилиб қолади, - дейди Тиббиёт муаммолари институти директори, тиббиёт фанлари номзоди Рақманбек Тўйчуев. – Улар нафас олиш чоғида доим чанг ютадилар. Бу чанглар таркибида биз турли микроблар борлигини аниқладик. Бундан ташқари, уларнинг ўпкаларига шиша чанги ҳам ўрнашиб қолади – уни организмдан чиқариб ташлашнинг қарийб имкони йўқ. Институтимизнинг илмий ходими Эркин Тўстўқов ва лаборант Қайрат Қўқуев икки юздан зиёд кишини текширувдан ўтказдилар. Ҳаммасининг нафас йўллари ва ўпкаларида жиддий касалликлар аниқланган.



 

Реклама