02:47 msk, 19 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Россиядаги тожик меҳнат муҳожиротининг айрим хусусиятлари

22.02.2007 11:00 msk

Селин Заурбеков

Муҳожирот кўп қиррали жараён бўлиб, унинг иштирокчилари бегона мамлакатда бўлган пайтларида кўп қийинчиликларга дуч келадилар. Тадқиқотчилар муҳожирлик жараёнининг уч босқичини ажратиб кўрсатадилар: тайёргарлик босқичи, кўчишнинг ўзи ҳамда идентификация босқичи. Шубҳасизки, муҳожирлар ҳар бир босқичда қийинчиликларга дуч келадилар ва ҳар бир босқич ўзига хос жиҳатга эга. Муҳожирлар дуч келадиган қийинчиликларни ватанни тарк этишга мажбур қилувчи иқтисодий қийинчиликлар билан қабул қилувчи мамлакатда муҳожирлар дуч келадиган қийинчиликлардан ажратмаган ҳолда кўриб чиқиш зарур. Ўрганишнинг бу методи бизга муҳожирлар оқимини шаклланиш тенденциясини ҳамда муҳожирот жараёнининг ривожланиш динамикасини олдиндан айтиб беришга имкон беради.

Тожикистонда потенциал муҳожирлар иқтисодий қийинчиликлар – ўзини ва оиласини боқиш муаммосига дуч келадилар. Уларни, бошқача қилиб, муҳожиротнинг объектив ва субъектив омиллари, деб аташ мумкин. Объектив омиллар, ўз навбатида, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва демографик асосга эга. Бу каби омиллар белгиловчи омиллар бўлиб ҳисобланади. Шунга қарамай, субъектив омиллар ватандан чиқиб кетиш ҳақида қарор қабул қилишда баъзан катта аҳамиятга эга бўлади, чунки қарор индивидуум томонидан унинг ижтимоий мақоми, унинг учун муҳим бўлган қадриятлар ва муҳожиротнинг объектив омилларига нисбатан қандай муносабатда бўлишидан келиб чиққан ҳолда қабул қилинади.

Маълумки, Тожикистон Республикасидан муҳожирларнинг чиқиб кетишига сиёсий омил, истиқрорсизлик ва фуқаролар уруши туртки бўлганди. Дейлик, 1990 йиллар бошларидаги сиёсий истиқрорсизлик Тожикистондаги кўп одамларни ўз уйларини ташлаб, бошқа жойларга кўчиб кетишларига мажбур қилганди; шундан кейин ишлаб чиқариш суръати пасая бошлади, ишсизлик даражаси ортди, бу эса умумий иқтисодий истиқрорсизликка асос бўлди.

Франциялик таниқли демограф Жорж Топиноснинг қайд этганидек: “Иқтисодиёт нуқтаи назаридан муҳожирот, энг аввало, тараққиёт йўқлигига жавоб аломатидир”. Масалан, 1990 йилларнинг биринчи ярмида Тожикистонда республика бўйлаб умумий иқтисодий кўрсаткичлар бир неча баробар пасайиб кетгани кузатилганди.

Бугунги кунда тожикистонлик муҳожирлар мансаб поғоналари бўйлаб кўтарилиш, интеллектуал тараққиёт ва ўз малакасини ошириш имкониятларининг етишмаслиги каби катта муаммоларга дуч келмоқдалар. Хорижда ишлаш чоғида муҳожир фақат ўзининг бирламчи эҳтиёжларини қондириш, айнан эса тирикчилик ўтказиш билан шуғулланмоқда.

Пул топиб келиш учун хорижга чиқиш ҳақида қарор қабул қилишда асосий омил потенциал муҳожирларнинг ўз олдиларига қўйган мақсадлари бўлиб ҳисобланади. Шундан келиб чиққан ҳолда уларни қуйидаги тоифаларга ажратиш мумкин:

- ўз оиласи тирикчилигини, унинг бирламчи эҳтиёжларини (озиқ-овқат, кийим-кечак) таъминловчи муҳожирлар;

- ўз оиласи таълимига кўмаклашаётган муҳожирлар – оила бизнесига ёрдам ва ҳ.;

- ўз ватанлари тараққий қилишига интилаётган муҳожирлар; улар қабул қилувчи мамлакатда таълим оладилар, ўз ватанларида уй-жой қиладилар ёки у ерда ўз ишларини очадилар ва ҳ.;

- қабул қилувчи мамлакат шароитига мослашиб кетишга интилаётган муҳожирлар; улар қабул қилувчи мамлакатда ўз ишларини очадилар ёки маҳаллий аҳоли билан бирга ишлайдилар, қабул қилувчи мамлакатдан уй-жой қиладилар ва фуқаролик оладилар.

Муҳожирларнинг аввалги икки тоифаси кўпинча ватанга қайтишга ҳаракат қиладилар, кейинги икки гуруҳ эса қабул қилувчи мамлакатда ўтроқлашиб қолишга мойиллар. Тожикистонлик муҳожирларнинг кўпчилиги бошланғич тоифалардан ўтиб бўлдилар ва ҳозир улар кейинги иккисида турибдилар, аммо аввалги икки мақом ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.

Муҳожирларни экспорт қилувчи мамлакат учун муҳожиротнинг салбий томонлари ҳақида

Муҳожирларни экспорт қилувчи мамлакат учун салбий томонлардан бири шуки, муҳожирлар ватанларида малака талаб қиладиган иш билан шуғулланганларига қарама-қарши тарзда хорижда малака талаб этмайдиган иш билан шуғулланишларига тўғри келади. Чунки меҳнат бозоридаги малака талаб қилинадиган касблар маҳаллий аҳоли томонидан банд қилинган бўлади. Шундай қилиб, муҳожирлар дуч келадиган қийинчиликлардан бири ихтисосни ўзгартириш зарурлиги бўлиб ҳисобланади. Кўпинча бу ўқитувчиларнинг юк машинаси ҳайдашларига, муҳандисларнинг қурилишда оддий ишчи бўлиб ишлашларига олиб келади. Бироқ хориждаги малака талаб қилмайдиган ишга уйда малака талаб қиладиган иш учун тўланадиган ҳақдан бир неча баробар кўп пул тўланади. Муаммо шундаки, бу муҳожирлар уйларига қайтганларидан кейин уларнинг малакалари пасайиб кетган бўлади. Шундан келиб чиққан ҳолда, муҳожирларнинг кўпи хорижда ишлаб қайтганларидан кейин барибир аввалги касбларига қайтмайдилар.

***

Мақоланинг кейинги қисмларида Россия Фанлар академияси Шарқшунослик институти аспиранти Селин Заурбеков “Россиядаги муҳожирлик тармоқлари”, “Иқтисодий омиллар ва “муҳожир” касби” ва ҳаказолар ҳақида фикр юритади. Мазкур илмий мақоланинг тўла матни билан рус тилида бу ердатанишишингиз мумкин.