09:41 msk, 25 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистонда тиббиёт соҳаси мутахассис етишмаслиги туфайли барбод бўлиши мумкин

21.02.2007 17:46 msk

Абдумўмин Мамараимов (Фарғона.Ру)

Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазири Шайлўўбек Ниязов томонидан ёйинланган маълумотларга кўра, 2006 йилда ойлик маош миқдорининг камлиги туфайли беш юзга яқин тиббиёт ходими мамлакатни тарк этиб, Россия ва Қозоғистонга кетиб қолганлар. Айни пайтда Қирғизистон тиббиёт олийгоҳлари дипломларига эга бўлган ёш шифокорлар уларнинг ўрнини эгаллашга ошиқмаяптилар. Улар иқтисодиётнинг бошқа жабҳаларига ишга ўрнашиш афзал кўрмоқдалар ёки умуман ишсиз юрибдилар.

Бу муаммо айниқса чекка жойларда кескин бўлиб турибди. Ўқишни яқинда битирган тиббиёт ходимлари у ерларда ишлашни истамаяптилар, муаммони бир қадар ҳал этишга имкон бериши мумкин бўлган совет замонидагидай олийгоҳдан берилган йўлланма бўйича маълум бир муддат ишлаб бериш мажбурияти эса ҳозирги кунда мавжуд эмас.

Жалолобод вилоятидаги Новкен туман ҳудудий касалхонасининг қирқ ёшли невропатологи Батирбек Қурбанқулов шифокорлар ичида энг ёш эркак шифокордир. Унинг бу касалхонага келганига 17 йил бўлди. Унинг ойлиги 3000 сўмга (тақрибан $75) ҳам етмайди, шунга қарамай, унинг кунора бўлимда тунги навбатчиликка қолишига тўғри келади. “Россияда бунақа иш учун 10-15 баробар кўп пул тўлайдилар, - дейди Б. Қурбанқулов. – Шунинг учун ҳам тажрибали ҳамкасбларимизнинг кўпчилиги ўша ёқларга кетиб қолаяптилар”. Охирги пайтларда у ҳам шу ҳақда ўйлаб юрибди – ҳозир олаётган ойлигига ҳатто қишлоқда ҳам оила боқиб бўлмай қолди.

Чет элларда совет замонида тиббиёт олийгоҳларини битирган мутахассисларга айниқса эҳтиёж катта. Бунақа мутахассисларга Қирғизистоннинг ўзи ҳам зор. Аммо Россияда 25-30 минг рубль ойлик таклиф қиладилар, бу эса Қирғизистондагидан 10-15 баробар кўп деганидир. Бундан ташқари, кўчиб ўтишни истаганларга турар-жой муаммосини ҳам ҳал этиб беришни ваъда қилмоқдалар, бу тоғли ўлка учун энг катта муаммолардан бири бўлиб ҳисобланади. Шу ўринда, Россияда болаларга яхши таълим бериш истиқболи ҳам мавжудлигини эслатиб ўтиш жоиз.

2006-2010 йилларга мўлжалланган ҳамда Қирғизистон соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларнинг иккинчи босқичини бошлаши керак бўлган “Манас таалими” миллий дастури асосан тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашга қаратилган. Дастурга мувофиқ, охирги йилларда соҳани молиялаштириш анча яхшиланди. Масалан, агар 2005 йилда Жалолобод вилоят соғлиқни сақлаш жабҳаси бюжетдан 145 миллион сўм (3,5 миллион доллардан зиёд) олган бўлса, ўтган йили бундан 100 миллион сўм кўп маблағ олинган. Бунақа тамойил мамлакатнинг бошқа жойларида ҳам кузатилаяпти. Мазкур дастурнинг бажарилиши учун халқаро донорлар Қирғизистонга беғараз ёрдам сифатида 57 миллион АҚШ доллари ажратганлар. Аммо тиббий хизматлар сифатининг сезиларли даражада яхшилангани тиббиётчиларнинг моддий аҳволида акс этаётгани йўқ.

Новкен ҳудудий касалхонаси директори Шамшидин Абдирешевнинг “Фарғона.Ру” ахборот агентлигига маълум қилишича, бугунги кунда бошловчи шифокорнинг ойлик маоши 40-45 долларни ташкил қилади, тиббиёт ҳамширалари 35 доллар, санитаркалар 950 сўм (25 доллар) оладилар. Тиббиётчилар бу “чақалар”ни ўз вақтида олаётганларига ҳам хурсандлар.

Расмийлар бу муаммога эътибор қаратмаяптилар, деб бўлмайди. Дейлик, ўтган йили Қирғизистон ҳукумати тиббиётчилар ойлигини ўттиз фоизга оширишга муваффақ бўлди. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Ш. Ниязовнинг сўзларидан маълум бўлишича, “шифокорларнинг чет элга кетиб қолишларини тўхтатиш учун вазирлик мутахассис ҳисобига ойига уч минг сўмдан пул ўтказишини кўзда тутувчи 2006 йилдаги “Шифокор депозити” дастури билан бир қаторда, 2007 йилда “Тез ёрдам бригадаси мутахассиси” депозитига ҳам танлов эълон қилмоқчи. Бу ҳисобга ойига 2,5 минг сўмдан пул ўтказиб туриш режаланган”.

Бундан ташқари, вазирга кўра, вилоят губернаторлари ва туман раҳбарлари билан “қишлоқ жойларга жўнатилган шифокорлар учун уй-жой, ер улушлари ва чорва ажратиш ҳақида” шартлашишга эришилган. Бироқ бош вазир Азим Исабековнинг мамлакат икки босқичли бюжетга ўтиши ҳақидаги куни кеча ёйинланган баёноти (бу вилоят ва туман тузилмалари тугатилишини англатади) бу яхши ниятларни йўққа чиқаради. Гарчи 2007 йилнинг 1 апрелидан барча тиббиёт ходимлари ойлигини яна 30 фоизга ошириш режалаштирилаётган бўлса-да, тиббиётчиларнинг ижтимоий ҳимояланиши муаммосининг ҳал этилиши ҳақида ҳозирча гап ҳам бўлиши мумкин эмас.

Бозорқўрғон ҳудудий касалхонаси жарроҳлик бўлими мудири Нўъмонжон Мирзаҳмедовга кўра, бугунги кунда Қирғизистон медицинасида пенсия ёшини кутиб ўтирган кишиларгина ишлаяптилар.

“Эндиликда нафақахўрларни ишга таклиф қилишга тўғри келаяпти”, - дейди Новкен оила тиббиёти маркази директори Абдикерим Мусаев янги мутахассислар тайёргарлик даражаси пастлигидан шикоят қилар экан. Мусаевнинг ҳисоб-китобига кўра, агар туман шифокорларни бугунги суръатда йўқотишда давом этадиган бўлса, беш йилдан кейин бу ерда ишлайдиган одам қолмайди. “Ислоҳотлар бунақа суръатда олиб бориладиган бўлса, биз жабҳани қўлдан бой бериб қўйишимиз мумкин”, - дейди ёш доктор. Унга эътироз билдириш қийин.

Жалолобод вилоят бирлашган касалхонаси директори Абдиқадир Исаевнинг маълум қилишича, ўтган йили касалхонадан 125 та шифокор кетиб қолган. Улардан ўн биттаси малакали жарроҳлар эди. Икки шифокор билан шу йилнинг ўзида хайрлашиб кетганлар. 133 тиббиёт ҳамшираси ҳам маҳаллий шароитни кўтара олмаганлар. Шу билан бирга ўтган йили еттита ёш шифокор ишга кирган. “Уларни ушлаб қолиш учун шарт-шароит яратиш керак – ойликни ҳеч бўлмаса 5-10 минг сўмга кўтариш керак, турар-жой ва бошқа муаммоларни ҳал қилишда ёрдам бериш керак”, - дейди Исаев. “Биз чекка жойларда тузатишнинг имкони бўлмаган оғир касаллар билан ишлаймиз, аммо бизнинг маошимиз у ердаги шифокорларникидан фарқ қилмайди”, - дея қўшимча қилади у.

“Қанча ойлик олишни истардингиз?” деган саволга тиббиётчилар турлича жавоб берадилар. Кимгадир юз доллар кифоя қилса, кимдир уч юз доллардан кам маош олишни истамайди. Бироқ унча ривожланмаган мамлакат бюжети имкониятлари ҳисобга олинса, тиббиётчилар орзуси яқин орада ушалмаса керак.

Катта ҳамшира Айнура Масабирова Россияда бир йил ишлаган, бироқ оилавий шароит туфайли яқинда “чет эл командировкаси”дан қайтишга тўғри келиб қолган. “Россияда мен тиббиётчиларимизнинг тушига ҳам кирмаган шароитни кўриб келдим, - деди у “Фарғона.Ру” АА мухбири билан суҳбат чоғида. – Россияда бир йил ишлаб, оиламнинг қарийб барча молиявий муаммоларини ҳал қилишга эришдим. У ерда бўлганлар ватанга қайтишни истамай қоладилар. Энди бутунлай кетмоқчиман, у ёқда Россия фуқаролигини оламан ва одамлардай яшай бошлайман. Бунинг устига, у ерда мени россиялик ҳамкасбларим кутаяптилар. Улар мени уйга қўйиб юборишни истамадилар, қайтиб келмайди, деб қўрқдилар. Кишига бунақа эътиборни бизнинг диёрларда кўрмайсиз”.

Қўшни мамлакатлар тиббиёт жабҳаси учун бундан яхшироқ рекламани топиб бўлмаса керак. Қайд этиш жоизки, бугунги кунда чет элдаги иш шароитининг эртакнамо эканлиги турли мақомдаги тиббиёт ходимлари ўртасида қизғин муҳокама қилинмоқда.

Агар маошнинг озлиги ва ижтимоий жиҳатдан ҳимояланмаганлик баъзи тиббиётчиларни қўшни Қозоғистон ва Россиядан бахт излашга мажбур қилаётган бўлса, бошқаларни эса беморнинг пуллари ва давлат бюжетини ўмариш ҳисобига ўз муаммоларини ҳал қилишга мажбур қилаяпти. Гарчи тиббиётчилар орасида аниқланган порахўрлик ва бюжет маблағларини ўринсиз ишлатиш ҳоллари унча кўп бўлмаса-да, аҳоли ўртасида ўтказилган сўровлар мамлакат тиббий муассасаларида “норасмий” пулли хизматлар тизими гуллаб-яшнаётганини кўрсатади. Бироқ, тадқиқотларнинг кўрсатишича, бошқа мамлакат фуқароларини даволашга кетишни истовчи тиббиётчилар тобора кўпаймоқда.