23:13 msk, 19 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистонда февраль инқилоби бўлмайди. Аммо ўзгаришларга тайёргарлик кўрилаяптими?

21.02.2007 14:54 msk

Артём Улунян

Қирғизистондаги сиёсий истиқрорсизлик янги босқичга ўтаяпти. Парламент тасдиғидан ўта олмаган собиқ бош вазир Феликс Қулов мухолифатга ўтгани ҳақида расмий баёнот берди. 1999 йилнинг 9 июнида ташкил этилмиш “Ар-Намис” партиясининг раҳбари бўлган Ф. Қулов махсус матбуот анжуманида қуйидагиларни маълум қилганди: “мен фақат биргина “Ар-Намис” сиёсий партия доирасида чекланиб қолмасдан, алоҳида шахслар ёки сиёсий гуруҳларга малайлик қилишни эмас, балки позитив ўзгаришларни, бутун жамият фаровонлиги учун ишлашни истаётган тарқоқ, аммо руҳан бир-бирига яқин бўлган ижтимоий-сиёсий кучларни бирлаштиришга қарор қилдим”. “Аммо инсофан огоҳлантириб қўйин керак: бугун менинг ортимдан бормоқчи бўлганлар амалдаги ҳокимият ичида ҳар қанақа пасткашликка тайёр бўлган одамлар борлигига ҳозир бўлиб турсинлар. Мен бизга қарши энг ифлос сиёсий технологиялар ишга туширилиши мумкинлиги ҳақида айтмай қўя қолай. Бир сўз билан айтганда, бу шунчаки ўзни мухолиф сифатида кўрсатиш эмас, бу барча виждонли кишилар қарши чиқаётган ҳодисага ўзни рақиб ўлароқ кўрсатишдир”, - дея билдирди Қулов.

Шундай қилиб, ҳозирги вазият кенг кўламли бўҳронга айланиши ва ҳатто инқилобга олиб келиши мумкин, чунки аввалги “лола инқилоби” ўз устига юклатилган вазифаларни бажармаган. Президент ваколатларини кучайтирган янги конституциянинг қабул қилиниши Қирғизистонда инқилобий потенциал ҳали тугаб-битмаганидан далолат беради.

Айни пайтда мухолифат кучлари турли партиялар ва ташкилотлар – “Ислоҳотлар учун!” сиёсий ҳаракати аъзолари томонидан тамсил этилган, бу ҳаракат сиёсий кенгашига Алмаз Атамбаев, Темир Сариев ва Мелис Эшимқанов (социал-демократик партия), Ўмурбек Текебаев, Бўлўт Шерниязов ва Чўтўнов (“Ата-Мекен” социалистик партияси), Бақит Бешимов ва Ўмурбек Абдрахманов (“Демократик кучлар иттифоқи” партияси), Азимбек Бекназаров, Жўўшбаев ва Дуйшеев (“Асаба” партияси), Эмиль Алиев ва Мамиров (“Ар-намис” партияси) кирган.

Айни пайтда Алмаз Атамбаевнинг ўзи Ф. Қулов билан бирлашиш имконияти ҳақида скептикларча муносабатда бўлди. У собиқ бош вазирнинг қилган иши Қирғизистон парламенти унинг номзодини бош вазирликка тасдиқламаганидан ҳафа бўлиш ҳосиласи эканини билдирди. Шу пайтнинг ўзида А. Атамбаевга нисбатан ҳам Қирғизистон жамиятида ҳамма бир хил яхши қарашда эмас.

Ф. Қуловнинг мухолифатни бирлаштиришга уриниши ана шу тарзда муайян қаршиликка учраши мумкин. 2005 йилда тузилган “Қирғизистоннинг муносиб келажаги учун” бирлашган фронтида ҳозир Ф. Қулов ва у етакчилик қилаётган “Ар-Намис” партиясидан ташқари, Жўғўрқу Кенеш депутатлар Қубатбек Байбўлов, Ўмурбек Текебаев, Қабай Қарабеков, Мелис Эшимқанов, собиқ ички ишлар вазири Ўмурбек Суваналиев, “Ата-Мекен” партияси раис ўринбосари Дуйшен Чўтўнов, Яшиллар партияси лидери Эркин Булекбаев, немис диаспораси раҳбари Валерий Диль, “Ислоҳотлар учун!” ҳаракати раҳбарларидан бири Ўмурбек Абдрахманов бор.

Бу ташкилот раҳбариятига парламентдаги энг кучли сиёсатчилардан бири бўлган “Ата-Мекен” партияси лидери Ўмурбек Текебаевнинг келиши юзага келган вазиятга жиддий тузатишлар киритади. Қ. Бакиевнинг энг кескин танқидчиларидан бири бўлган Ў. Текебаев собиқ президент А. Ақаевга нисбатан ҳозир анча нейтрал муносабатда. Эътиборга лойиқ жиҳати шуки, 2000 йилдаги президентлик сайловларида Текебаев сайловчиларнинг 14% овозига эга бўлганди. Агар ўша пайтдаги Қирғизистон шароити эътиборга олинса, бу анча яхши натижа бўлган. Ўшанда у Ақаевдан кейин иккинчи ўринни эгаллаганди.

Мухолифатни собиқ бош вазир раҳбарлиги остида бирлаштириш вазият ривожи юзасидан бир неча муҳтамал сценарийлар юзасидан тахминлар билдиришга асос беради. Улардан биринчиси қисқа муддатли истиқболга мўлжалланиши мумкин. Бу ҳолда унинг асосий унсурлари ҳокимият ҳамда сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий вазиятдан норози бўлган жамият ўртасида конфронтациянинг (зиддиятнинг) кучайиши бўлиши мумкин. Аввал қайд этилганидек, Қирғизистондаги Стратегик таҳлил ва тахмин институти томонидан ўтказилган ижтимоий сўров маълумотларига кўра, 57% респондент фуқаролар “ўз сиёсий ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиб чиқиш”лари мумкин деб ҳисоблайдилар. Бу ҳолда вазият инқилобий йўл билан тараққий қилиши мумкин. Аммо Ф. Қуловнинг ўтмишдаги ҳаракат йўсинини эътиборга олган ҳолда, юзага келган вазиятда куч ишлатиш ҳатти-ҳаракатлари истисно қилинади. У ҳолда воқеалар бошқа бир йўл билан ривожланиши мумкин бўлади. Буни амалга оширишнинг асосий мазмуни тандемни сақлаб қололмаган Қ. Бакиевни ҳокимиятдан четлаштиришга қаратилган машруъ қадамлар бўлади. А. Ақаев ҳукмронлиги пайтида сайланган Жўғўрқу Кенешнинг ҳозирги таркиби, бир томондан, амалдаги президентга хайрихоҳлик билдиради, бошқа томондан эса, мухолифат бирлашувига кўмак кўрсатади.

Ушбу қисқа муддатли сценарий билан бир қаторда келажакка мўлжалланган бошқа сценарий ҳам амалга оширилиши мумкин: 2010 йилда президентлик сайловлари бўлиб ўтади, унда Ф. Қулов ўз номзодини қўйиши мумкин. Бунинг учун у Қ. Бакиев билан боғлиқ бўлмаган қарийб барча таниқли сиёсатчилар қўлловига эга бўлиб, мухолифатнинг тан олинган лидерига айланиши керак.

* * *

Муаллиф ҳақида: Артём Улунян – тарих фанлари доктори, РФА Умумий тарих институтининг етакчи илмий ходими, “Фарғона.Ру” АА эксперти.



 

Реклама