21:58 msk, 17 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистонлик муслималар паспортга рўмол ўраган ҳолда суратга тушиш талаби билан чиқмоқдалар

21.02.2007 10:37 msk

Халид Валидов

“Мутакаллим” мусулмон аёллар ташкилоти бир неча йилдан буён шариат талаб қилганидек паспортга ҳижобда суратга тушишга қонунчилик доирасида рухсат этилишини талаб қилиб келмоқда. Бишкекдаги Ислом Университетининг бир неча толибалари айнан рўмолсиз суратга тушишга тўғри келгани учун фуқаролик паспортини олишдан бош тортиб келаяптилар. “Мутакаллим” фаоллари бош кийимсиз суратга тушишни талаб этувчи ички ҳужжатлар меъёрларига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги мурожаатнома остида имзо тўплашни аллақачон бошлаб юборганлар.

Фуқароларни паспорт билан таъминловчи Ахборот ресурслари ва технологиялари бўйича давлат агентлиги (АРТДА) бу талаб бош кийим билан суратга тушган паспорт эгасининг шахсини аниқлашда қийинчиликлар туғдиришини билдираяпти. “Фарғона.Ру” ахборот агентлигига Дин ишлари бўйича давлат агентлигидаги манбалардан маълум бўлишича, мазкур маҳкама раҳбарияти муслималарнинг бу ташаббусини кескин танқид қилаяпти.

“Фарғона.Ру” ахборот агентлиги Бишкекдаги мухбир Халид Валидовнинг “Мутакаллим” лидери Жамал Фронтбек қизидан олган интерьюсини муштарийлар эътиборига ҳавола этади.

“Фарғона.Ру": - Жамал, “Мутакаллим” ташкилотининг асосий талаблари қандай? Фақат паспортга рўмол ўраган ҳолда суратга тушишга эришиш холосми?

Ж. Фронтбек қизи: - Ҳа, ҳозир биз паспортга рўмол билан суратга тушиш учун рухсат берилишини сўраяпмиз. Қуръонда аёлларнинг юз ва қўл кафтларидан бошқа жойларини номаҳрамларга эркакларга кўрсатишни маън этувчи икки сура бор. Шунинг учун ҳам муслималар Парвардигордан қўрққанларидан паспортга рўмолсиз суратга тушишни истамайдилар, чунки, ўзингизга маълум бўлганидай, кўп жойларда эркаклар ишлайдилар. Бу аёллар ўзларини бегона эркаклар олдида кийимсиз тургандек ҳис этмасликлари керак.

“Фарғона.Ру": - Паспорт столларида сизларнинг хоҳиш-истакларингизга қандай муносабатда бўлаяптилар?

Ж. Фронтбек қизи: - Биз уч йилдан буён оддий ёзишмалардан бўшамаяпмиз. Бир хатда бизга “миллий хавфсизликни таъминлаш мақсадида сизларнинг рўмол билан суратга тушишингизга рухсат беролмаймиз”, дея жавоб берибдилар. 2006 йилнинг 19 июнь куни аёлларимиз ғалаён кўтардилар. Бу нима деган гап, ахир биз автомат ёки пулемёт сўраётганимиз йўқ-ку миллий хавфсизликка таҳдид соладиган. Биз ўз ҳақ-ҳуқуқларимиз ҳимоя қилинишини сўраяпмиз, холос. Биз ҳамма ҳужжатларни кўриб чиқдик – бирор-бир халқаро шартнома ёки конвенцияда паспортга суратга тушаётган одам сочи узун ёки қисқа бўлиши, бош кийимли ёки бош кийимсиз бўлиши кўрсатилмаган. Энг асосийси, кишининг юзи аниқ кўриниб туриши кераклигидир. Биз шунчаки рўмол ўраган ҳолда суратга тушмоқчимиз, холос – юзимиз эса аниқ кўриниб туради. Биз паранжида суратга тушишни сўраётганимиз йўқ-ку.

Ҳатто мусулмонлар сони аҳолининг икки фоизини ташкил қиладиган Америкада ҳам аёлларга ҳижобда суратга тушишга рухсат этилган. Ёзда АҚШга меҳмонга бордим, мезбон аёл ўз паспортини кўрсатди. Бизнинг аёллар бизга бундай рухсат берилмаётганидан ҳам таажжубландилар, ҳам ҳафа бўлдилар. Россияда 2004 йилнинг 22 октябрида муслималар судда ютиб чиқдилар, Ингушетияда, Бошқирдистонда ва Татаристонда рўмол билан суратга тушишга рухсат бердилар. Худди шу нарса 2006 йилда Қозоғистонда ҳам амалга оширилди, Нурсултан Назарбаев ўз халқига совға қилди ва эндиликда паспортини алмаштиришни истаган муслималар уни давлат ҳисобидан алмаштириб олаяптилар. Бизнинг иқтисодиётимизни Қозоғистон ва Россияники билан солиштириб бўлмайди – биз паспортимизни ўз ҳисобимиздан бўлса-да алмаштиришга тайёрмиз. Аммо бизга муттасил рад жавобини бериб келаяптилар. Шу сабабли минглаб муслималар паспорт олишдан бош тортиб келмоқдалар.

“Фарғона.Ру": - Яқинда бўлиб ўтган матбуот анжуманида сиз ўттиз мингга яқин тарафдорларингиз рўмолда суратга тушишга рухсат берилишини талаб қилиб чиқаётганларини билдиргандингиз. Бу ҳақиқий рақамми?

Ж. Фронтбек қизи: - Ҳа, мен бизни қўллаб-қувватлаш учун Қирғизистоннинг турли бурчакларида бизга қўнғироқ қилаётган ҳамюртларимизга миннатдорчилик билдиришни истардим. Матбуот анжумани бўлиб ўтган куни биз яна ўн минг тарафдор топдик. Шундай экан, биз энди қирқ минг кишимиз. Ҳамма кейинги кўрсатмаларни кутиб турибди. Мен бизларни қўллаётган оммавий ахборот воситаларидан жуда миннатдорман. Агар паспорт олиш бўйича йўриқномалар ўзгартирилса, ҳаммаси жойида бўлади.

“Фарғона.Ру": - Агар ҳукумат ён беришни истамаса, нима қилмоқчисизлар?

Ж. Фронтбек қизи: - Биз, аёллар ташкилоти ярим йилдан буён қачон майдонга чиқсак экан, деб ўйлаб турибмиз. Аёллар одамларнинг майдонга чиқишлари билан уларнинг талаблари қондирилаётганини айтаяптилар. Бизда эса ўттиз минг овоз бор ва биз бу муаммони ҳал эта биламиз. Аммо мен ҳукумат бизни майдонга чиқишга мажбур қилмай ҳам бу масалани ҳал қилиб берса керак, деб ўйлайман. Биз пикетлар уюштиришга қаршимиз, аммо бизда муаммога расмийлар эътиборини жалб қилишнинг бошқа йўли йўқ.

“Фарғона.Ру": - Балки ҳукумат сизнинг уринишларингизда мамлакатни исломийлаштиришга ҳаракат кўраётгандир?

Ж. Фронтбек қизи: - Исломий ҳаётга Қирғизистон ҳали тайёр эмас. Одамлар шариат асосида ҳаёт кечиришга тайёр эмаслар ва ҳеч ким уларни бунга мажбур ҳам қилмайди. Исломда зўравонлик йўқ, биз бундан олисмиз. Аммо биз пишиб етилган муаммоларни кўтарган пайтимизда, бизни “Ҳизбут-Таҳрир”, ваҳҳобийлар билан тенглаштира бошлайдилар... Айримлар “паспортга рўмолда суратга тушишга рухсат олганингиздан кейин ҳалифаликни талаб қила бошлайсизлар”, дейишади. Яна “эронликлар, қувайтликлар ва ҳаказолар сизларга қанча пул берди?” деб сўрашади. Сизни ишонтириб айтаманки, биз ҳеч кимнинг пулига зор эмасмиз, ҳалифалик қуришга ўхшаш дастурлар ҳам йўқ бизда. Биз шунчаки авратларимизни номаҳрам эркаклар кўрмаслигини истаймиз, холос – чунки бу гуноҳи кабирадир. Биз Парвардигоримиздан қўрқамиз. Умид қиламанки, ҳукумат бизга рўмол билан суратга тушишга рухсат беради. Бу қонунчилик базасини ислоҳ қилишни талаб қилмайди, шунчаки тегишли фармон берилса, шунинг ўзи кифоя қилади.