02:38 msk, 24 Апрель 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Бухоролик фермерлар зиммаларига аҳолини иш билан таъминлаш мажбуриятини юкладилар

21.02.2007 02:27 msk

Ўз ахб. (Фарғона.Ру)

Ўзбекистоннинг Бухоро вилоятида қишлоқ аҳлини мажбурий меҳнатга жалб қилиш бошланди. Вилоят ҳокими Самойдин Ҳусеновнинг 503-сонли қарори ана шундай бўлди. Фермер хўжаликлари иштирокида аҳолини иш билан таъминлаш дастури икки боб ва ўн етти қисмдан иборат. Уларда фермерлик хўжаликлари далаларига аҳолини жалб қилиш тартиби баён қилинган. Янги қарорга мувофиқ эндиликда ҳар бир фермер икки гектар ерга биттадан киши ёллаш тартибидан келиб чиққан ҳолда қишлоқ одамларини ишга олишга мажбур. Бу ҳақда 31 январь куни Бухорода бўлиб ўтган матбуот анжуманида вилоят ҳокими Самойдин Ҳусеновнинг ўзи билдирди.

“Агар фермернинг ёнида ишчилар бўлса, улар ишни ўз вақтида бажарадилар, агротехника тўхтаб қолмайди. Албатта, фермерлар эркин бўлишлари керак. Истаса – ишга олади, истамаса – олмайди. Бироқ биз жой-жойларда уларнинг давлат олдидаги асосий мажбурияти одамларни иш билан таъминлаш эканини тушунтираяпмиз”, - дея маълум қилди Ҳусенов.

Шундай қилиб, Бухоро ҳокимининг сўзидан келиб чиқадиган бўлсак, бугунги кунда давлат аҳолини иш билан таъминлаш муаммосини қисман ўз зиммасидан олиб, фермернинг елкасига ортди. Аснода, агар ривожланган мамлакатларда фермерлар бой одамлар тоифасига кирадиган бўлсалар, Ўзбекистонда улар ҳақида ҳозирча бундай деб бўлмайди. Бу мамлакатда фермерлик нисбатан янги ҳодиса бўлиб ҳисобланади. Шунинг учун ҳам вилоят раҳбарининг янги қарори маҳаллий фермерларни ҳангу манг қилиб қўйди. Ахир уларга бирор-бир кишини доимий ишга олиш ва йил бўйи унга маош тўлаш фойдали эмас, чунки қиш пайтида далаларда кўп иш йўқ. Маош тўлашдан ташқари, фермер пенсия жамғармасига фоизлар, даромад солиғи ва ҳаказоларни тўлашга мажбур бўладилар.

Қайд этиш керакки, бугунги кунда Ўзбекистонда колхозлар, совхозлар ва ширкат хўжаликлари қарийб қолмаган. Ҳамма ерлар фермерларга тақсимлаб берилган. Маҳаллий кузатувчиларга кўра, маҳаллий фермерлар фақат пахта ва буғдой етиштирадилар, шу билан бирга пахта далаларда кўпроқ жойни эгаллайди. Етиштирилган пахтани фермер бир килограммини 280 сўмдан (1 доллар 1240 сўмга тенг) тўлалигича давлатга сотишга мажбур. Ўз хўжалиги учун сарф қилинадиган пулни фермер нақд олмайди, балки ҳисоб рақамига тушган пуллар дарров банк тизими орқали фермер хўжалиги сарф-харажатларини тўлашга тақсимланади. Бир неча фермерларга кўра, давлат ҳали 2006 йил ҳосили пулини ҳам тўлаган эмас.

- Менга доимий ишчини ушлаб туриш фойдали эмас. Ахир биз ҳали 2006 йил ҳосили учун ҳам давлатдан пул олганимиз йўқ. Ёнилғи учун ҳам бу йил пул келмади. Яхши ҳосил олиш учун эса далаларда ҳозирнинг ўзидаёқ иш бошлаш керак бўлади, - дея ўз аҳволини баён қилади фермерлардан бири. – Мен ҳозир ишни вақтида бошлаш учун қарз олдим. Агар давлат менга қачон пул берар экан, деб кутиб ўтираверсам, 2007 йилда ҳосилсиз қолишим мумкин. Доимий ишчига мен қаердан пул топиб бераман? Ишчилар ишлагани учун пенсия жамғармасига қайси пулдан тўлайман? Бизда шундоқ ҳам чекловлар кўп, энди эса ишимизга яна битта тўсиқ ўйлаб топишибди, - дея ўпкаланади фермер. – Менга бажарган иши учун пул оладиган ёлланма ишчи кучидан фойдаланиш фойдалироқ. Мен доимий ишга одам олмоқчи эмасман.

Бу орада, Бухоро вилоят ҳокими Самойдин Ҳусенов фермер муваққат ишчи кучини ёллар экан, Ўзбекистон қонунчилигининг бирданига бир нечта моддасини бузаётганини таъкидлайди. “Биринчидан, ишчи ариза ёзиб, фермер билан шартнома тузиши керак. Ишчида меҳнат дафтарчаси бўлиши керак ва иш берувчи уни доимий иш билан таъминлаши ҳамда бу иш учун унга ойлик маош тўлаши керак. Пул ишлаётган ишчи пенсия жамғармасига пул тўлар экан, келажагини таъминлайди. Ҳар бир одам ўз даромадидан солиқ тўлаши керак. Буларнинг ҳаммаси бугунги кунда бузилаяпти. Айнан шунинг учун ҳам ана шундай қарор қабул қилинди”, - дея изоҳ беради С. Ҳусенов.

Экспертларга кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда доимий иш ўрнига эга бўлган кишилардан кўра ёлланма ишчилар кўпроқ, бу йирик корхоналарнинг ёпилгани билан боғлиқ. Ҳали ҳам ишлаётган корхоналар арзимаган пул тўлайдилар, бу эса одамларни мардикорликка чиқиб кетишга мажбур қилмоқда. Улар билан шартнома тузиб, пенсия жамғармасига пул тўлаб туришга ҳар бир иш берувчи ҳам рози бўлавермайди.

Бир қарашда, Бухоро вилояти раҳбари С. Ҳусенов томонидан яхши бир тадбир ўйлаб топилгандек – одамлар иш билан, мамлакат қонунчилигида кўрсатилган ҳақ-ҳуқуқлар билан таъминланадилар. Агар бу тадбир фермер эркини ҳам чекламаганда ҳамда ўз қарзи ва харажатларини қоплай олмаётган фермерни бошқа одамларни муқим иш ва ойлик маош билан таъминлашга мажбур қилмаганда, нур устига нур бўларди.

Аснода, Бухоро вилояти ҳокимининг янги қарори турмушга муваффақият билан татбиқ этиладиган бўлса, у мамлакат миқёсидаги лойиҳага айланиши мумкин. Айнан Бухоро вилояти кўпинча турли-туман янгиликлар учун “тажриба” майдони вазифасини ўтайди.



 

Реклама