19:49 msk, 18 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон жанубидаги мактабларда ҳижоб муаммоси ҳалигача ҳал этилгани йўқ

20.02.2007 16:29 msk

Абдумалик Шарипов (Фарғона.Ру)

Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятидаги Қизилжар қишлоғида жойлашган икки мактаб маъмурияти ўқувчи қизлардан ҳижобларини ечиб ташлашни талаб қилишиб, уларни дарсга қўймаяптилар. Қизлар уларнинг талабини бажаришдан бош тортаяптилар, маҳаллий ва туман таълим бошқармаларидаги расмийлар эса зиддиятга аралашишни истамаяптилар ва бунга эътибор бермаяптилар.

Қизларнинг ота-оналари ўз болаларининг конституцион ҳақ-ҳуқуқларини тиклаб беришни илтимос қилишиб, “Фингбекс” ҳуқуқни муҳофаза қилиш мурожаат қилганлар.

“Фингбекс” ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти раҳбари Батирбек Сираждиновга кўра, муаммо ўқув йили бошидан бошланган. Ҳуқуқ ҳимоячиларига мурожаат қилишдан аввал мусулмон қизлар Учқўрғон қишлоқ ҳукумати раҳбарига, Ахси туман ҳокимига ҳамда туман маданият ва таълим бошқармаси бошлиғига ўз шикоят аризаларини йўллаганлар. Бироқ бу жойлардан улар жавоб ололмаганлар.

Ота-оналарнинг аризаларида кўрсатилишича, Сатилғанов номли ўрта мактаб ўқитувчилари Назар Сулайманов ва Абдурахман Нишанов, шунингдек, Мешкев номли мактаб ўқитувчилари Сағин Қамчибеков ва Қимбат Нишанова мактаб маъмурияти билан биргаликда қизларга дарсда рўмол ўраб ўтиришни маън қилиб қўйганлар.

2007 йил бошида рўмол ўраган қизлар мактабдан навбатдаги марта ҳайдалганларидан кейин, ота-оналар мактаб раҳбариятидан тушунтириш хати ёзиб беришни талаб қилганлар. Сатилғанов номли ўрта мактабнинг тарбиявий ишлар бўйича директор ўринбосари қуйидаги мазмунда тушунтириш хати берган: “Мен, Жилдиз Абилқасимова, ушбу тушунтириш хатини шу ҳақда бердимки, 2007 йилнинг ўн биринчи январь куни 7-“В” синф ўқувчилари Қанишай ва Самара Кўчимқуловлар мактабга ҳижобда келганлар. Навбатчи ўқитувчилар Назар Сулайманов ва Абдурахман Нишанов улар дарсга мактаб формасида келишларини талаб қилишиб, уларни мактабга киритмаганлар. Ўн иккинчи январь куни ота-оналар биздан ёзма изоҳ сўрадилар. Мен ва директор ўринбосари Жанибек Нишанов, агар болалар дарсга ҳижобда келсалар, мактабда ўқимасликларини айтдик. Бунга асос ўлароқ Қишлоқ кенгаши 13-сессиянинг 13\6 сонли қарорини кўрсатдик”.

Бироқ, аризачилар мактаб маъмуриятининг болалар мактаб формаси киймаётганлари ҳақидаги фикрига унча қўшилмайдилар.

“Болаларимиз мактабга ўқитувчилар талаб қилгандек формада борадилар, уларнинг бошқалардан ягона фарқи рўмол ўрашларидир”, - деб ёзади Абдиқал Кўчимқулов ва бошқа ота-оналар (ўн бир имзо).

Жалолобод вилоятидаги мактабларда рўмол ўраш муаммоси бир неча йиллардан буён кенг кўламда муҳокама этилади, аммо томонлардан бирортаси ҳам ён беришни истамайди. Ота-оналар Қуръон Карим талабига, ўқитувчилар эса мактаб низомлари ва маҳаллий кенгаш қарорларига таянадилар.

Нима қилиш керак? Агар ўқитувчилар мактаб низомлари ва маҳаллий кенгаш қарорларидан устун турувчи мамлакат Конституцияси ва Эътиқод эркинлиги ҳақидаги қонунга бўйсунмас эканлар, балки мусулмон қизлар ва уларнинг ота-оналари ён беришга рози бўларлар? Шу савол билан биз бир қатор уламолар ҳамда диний масалалар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш бўйича экспертларга мурожаат қилдик.

“Исломий таълим маркази” жамоатчилик бирлашмаси раҳбари, Жалолобод вилоятининг собиқ қозиси Дилмурад Ўрўзов зиддият сабаби сифатида маҳаллий расмийлар ва мактаб маъмуриятининг ҳуқуқий жиҳатдан саводсизлигини кўрсатади. “Биринчидан, мен маҳаллий расмийлар ва ўқитувчиларни Конституцияни, Дин ҳақидаги қонунни билмаганлик ва тушунмаганликда тўғридан-тўғри айблайман. Иккинчидан, мен уларни эътиқод эркинлигини кафолатловчи халқаро битимлар моддаларини оёқости қилганликда айблайман. Давлатимиз қонунлари эътиқод жабҳасида ҳам эркин танлов имконини беради. Қирғизистоннинг ҳар бир фуқароси истаган динига эътиқод қилиш ва агар конституцион тузумга зид келмайдиган бўлса, ўз дини талабларига риоя қилиш ҳуқуқига эга”, - дейди Дилмурад Ўрўзов.

Унга кўра, Қизилжар мактабларидаги нохуш воқеа судда кўриб чиқилиши керак. “Ҳозир мактабларда бўлаётган ишларни мусулмон қизлар ҳақ-ҳуқуқларининг камситилиши сифатида баҳолаш мумкин. Ахир бошқалар мини-юбкалар кийиб юрсалар, орқаларини очиб юрсалар, биз ҳеч нарса демаяпмиз-ку? Нима учун мусулмон қизлар динимиз талаб қилганидек рўмол ўраб юришлари мумкин эмас экан? Биздагина эмас, ҳатто Британия, Франция ва АҚШ каби демократия таянчи ҳисобланмиш мамлакатларда ҳам мусулмон аёллар мактаб ва олийгоҳларга рўмолда бориш ҳуқуқига эришганлар”, - дейди Д. Ўрўзов.

“Агар Қизилжарда бўлгани каби мусулмон қизларга рўмол ва мактабга боришдан бирини танлаш таклиф қилинса, улар нима қилишлари керак?” деган саволга дин пешвоси “Бу борада Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом)дан бир ҳадис бор, унда “агар дунё ва охират иши бир вақтга тўғри келиб қолса, аввал охиратга дохилини қилиш лозим”, дейилади. Мусулмон қиз ҳеч қачон мактабни деб рўмолидан воз кечмаслиги керак”.

Жалолобод вилоятининг ҳозирги қозиси Абибулла Бапановга кўра, мусулмон уламолари бу борада бир неча бор тегишли ташкилотларга талабномалар билан мурожаат қилганлар, аммо улардан жавоб бўлмаган. “Ўтган йили Жалолободда ўқитувчилар, ота-оналар, жамоатчилик ташкилотлари ва республика Омбудсмени иштирокида махсус анжумани ўтказилганди. Биз ўшанда ҳам биз [барча қонунларга кўра] мусулмон қизлар мактабларга рўмол ўраб боришга ҳақли эканларини таъкидлагандик”, - деди у.

“Агар ўқитувчилар бундан буён ҳам қизларга дарсда рўмол ўраб ўтиришни маън қилаверсалар, нима қилиш керак?” деган саволга Абибулла Бапанов мужмалроқ қилиб жавоб берди: “Қизлар рўмол ҳам ўрашлари керак, мактабга ҳам боришлари керак, уларга ўқишни ҳеч ким маън қилолмайди. Мусулмон аёл учун рўмол ўраш ҳам, билим олиш ҳам бир хилда мажбурийдир”.

Ҳар иккала уламога кўра, биронта қози, муфтий ёки эътиборли дин олими, ҳатто вақтинча бўлса-да, ўқитувчилар талаб қилганларидек, қизларга рўмолларини ечиб туриш учун фатво беролмайди, чунки бу Аллоҳ олдида катта гуноҳ бўлиб ҳисобланади.

Жалолобод вилоят таълим бошқармаси бошлиғи Чирмаш Дўўрўнов мактаблар учун энг асосий ҳужжат уларнинг низоми бўлиб ҳисобланади, деган фикрда. “Мен бу ҳақда ўтган йилги анжуман чоғидаёқ айтгандим. Низом мактаб ҳаётининг ички ҳужжати бўлиб ҳисобланади. Агар низомда дарсга рўмол ўраб келиш мумкин, деб ёзиб қўйилган бўлса, келаверсинлар. Агар бунақа деб ёзилмаган бўлса, ҳамма ушбу ҳужжатда кўрсатилган қоидаларга риоя қилиши шарт”, - дейди Ч. Дўўрўнов.

Бунда ёпиқ доира юзага келган. Тарозининг бир палласига кишининг эътиқоди, бошқасига эса таълим олиш, замонавий жамиятда муносиб ўрин эгаллаш қўйилган. Қандай йўл тутиш керак?

Жалолободдаги “Справедливость” вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти раиси Валентина Гриценкога кўра, агар муаммога ҳуқуқий меъёрлар нуқтаи назаридан ёндошилса, бу ерда баҳслашадиган ҳеч нарса йўқ. “Халқаро ҳужжатлар ҳам, мамлакат Конституцияси ҳам ҳар фуқарога эътиқод эркинлигини кафолатлаган. Дин, таълим ҳақидаги қонунлар ва бошқа ҳужжатларда эса Қизилжардаги ва бошқа мактаблардаги ўқувчи қизларга тегишли масалаларни тартибга солувчи бандларни топиш мумкин. Бу ерда йўқ жойдан муаммо пайдо қилишнинг ҳожати йўқ. Қишлоқ ҳукумати қарорлари ва мактаб низомлари Конституцияга ва бошқа қонунларга зид бўлиши мумкин эмас. Қишлоқ ҳукуматлари ва мактаблар даражасида меърий ҳужжатларни қабул қилишда маҳаллий расмийлар айнан Конституцион меъёрларга асосланишлари шарт. Агар бу ўз вақтида амалга оширилмаган бўлса, бу қоидаларни ўзгартириш керак ёки Конституция, халқаро пактлар ва Қирғизистон Республикаси қонунлари каби устивор ҳужжатлар модда ва бандларига риоя қилиш лозим бўлади”, - дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.