18:20 msk, 20 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Игорь Ротарь: Бу одамлар менга “Қачонгача асабимизга тегасан. Паттангни олиб, чиқиб кет, бўлмаса калтаклаймиз”, дедилар, холос

17.08.2005 18:47 msk

Дмитрий Камцев

Фарғона.Ру: Сиз ҳамкорлик қиладиган Норвегиянинг Форум18 ташкилотига Ўзбекистон ҳукуматинингг қандай эътирозлари бор экан?

Игорь Ротарь: Ҳеч қандай. Менга расман ҳеч нарсани билдирмадилар. Мени икки сутка ушлаб туришди, мен ҳар бир соатда ушланиб турилишим сабабини тушунтириб беришларини талаб қилдим. Мен Норвегия ташкилотида ишлайман, Россия фуқаросиман. Менга Россия ва Америка элчихоналари билан боғланишимга имкон бермадилар. Ўзбекистонда Норвегия элчихонаси йўқ, шунинг учун мени Америка элчихонаси оталиққа олди. Америка элчихонасига миннатдорчилик билдиришим керак, у ердаги дипломатлар беш марта келиб, мендан хабар олиб кетдилар. Лекин улар билан ҳатто ойна орқали ҳам гаплашишга рухсат бермадилар. Икки сутка мобайнида менга нега ушлаб турилганим ҳақида ҳеч қандай тушунтириш берилмади. Кейин мени бошқа одамлар билан учраштиришди. Улар ўзларини миграция хизмати ходимлари, деб таништирган бўлсалар ҳам, мен уларни Ўзбекистон МХХ вакиллари, деб гумон қилдим. Улар менинг Тошкентдаги шахсий ҳаётим тўғрисида кўп нарсаларни билишар экан, Андижонда жанг қилганларини ҳам айтиб ўтишди. Бу одамлар менга “Қачонгача асабимизга тегасан. Паттангни олиб, чиқиб кет, бўлмаса калтаклаймиз”, дедилар холос.

Фарғона.Ру: Бундай босимдан ташқари сизга нисбатан жисмоний куч ишлатилдими?

Игорь Ротарь: Уларнинг сиёсати мана бундай: мен хавфсизлик хизмати ходимларига элчихона билан боғланишимга рухсат бермаётганлари тўғрисида гапирганимда, улар менга “сиз расман йўқ одамсиз”, деб жавоб беришди. Мен уларнинг мантиғига охиригача тушуна олмадим. Лекин улар менга мана буларни айтишди: “Сиз чегарани кесиб ўтмагансиз ва расман Ўзбекистон ҳудудида эмассиз”. Улар менга йўловчилар билан мулоқот қилишимга тўсқинлик қилдилар, чегарачилар ҳам мен билан гаплашмас эдилар. Менимча бу руҳий босим тактикаси бўлган. Мен тўла яккаланган эдим. Мен элчихонага телефон қилмоқчи эдим, қўлимдаги телефонни зўрлик билан тортиб олишди.

Фарғона.Ру: Зўрлик билан тортиб олишди?

Игорь Ротарь: Ҳа. Мени ҳеч ким калтаклагани йўқ. Мен билан жуда юмшоқ муомалада бўлдилар, ресторанда овқатланиш учун рухсат бердилар. Лекин мен ҳожатхонага борсам ҳам, ортимдан чегарачи кузатиб турарди. Бу чегарачи мен билан гаплашмас, лекин мунтазам тарзда “Игорь ака, сизга телефон қилиш мумкин эмас, мен ҳам сизга ҳеч қандай ахборот беролмайман”, деб эслатиб турарди. Ҳар ярим соатда менга дунёнинг исталган мамлакатига билет сотиб олинг, дейишарди. Мен қатъий тарзда бу таклифдан бош тортдим ва расман депортация қилишларини талаб этдим.

Фарғона.Ру: Сизни аэропортнинг Дьюти Фри ҳудудида сақладиларми?

Игорь Ротарь: Ҳа.

Фарғона.Ру: Форум18 қандай мақсадларда фаолият кўрсатади ва Ўзбекистонга боришингиздан мақсад нима эди?

Игорь Ротарь: Форум18 собиқ коммунистик мамлакатлардаги диндорлар ҳуқуқлари билан шуғулланади. Мен Форум18нинг Марказий Осиё бўйича мухбириман ва Қорақалпоғистон шимолидаги протестантларга ўтказилаётган тазйиқлар тўғрисида маълумот йиғмоқчи эдим.

Фарғона.Ру: Ўзбекистон ҳукумати Сизнинг сиз эканингизни ва Сизни қўлга олиш кераклигини қандай билган? Сизни Бишкекдаёқ кузата бошлаганларми?

Игорь Ротарь: МХХнинг қора рўйхати мавжуд. Мана тўрт йилдан бери Марказий Осиё бўйича мухбир бўлиб ишлаётган бўлсам, Ўзбекистон чегарасини ҳар сафар кесиб ўтаётганимда мени компьютерда текширадилар. Бирдан чегарачилар ўта юмшоқ муомала қилишиб, беш минут кутиб туришимни сўрайдилар. Улар МХХга телефон қиладилар. Шундан сўнггина мени мамлакат ичкарисига киритар эдилар. Мен чегарани ўттиз мартача кесиб ўтганман, икки мартасида чегарачилар, қаранг, қора рўйхатда фамилиянгиз бор экан, деб айтганлар. Мен фамилиям қора рўйхатда эканини билардим. Лекин Андижон воқеалари содир этилгунга қадар улар анча ақлли эдилар, ҳар нарсага жанжал кўтаришни истамасдилар. Улар фақат ортимдан кузатардилар. Чегарачилар чегарадан ўтаётганимда керакли жойга сим қоқардилар ва мени ўтказиб юборардилар. Бу сафар мени биринчи маротаба қўлга олишлари. Ўзларини миграция хизмати вакиллари, деб таништирган одамларга кўра, “ўзбек халқининг сабр косаси тўлган”. Ўзбекистонни менчалик қоралаган журналист дунёда йўқ. Менга шундай деб айтди улардан бири ва мени калтаклаш билан қўрқитди.

Фарғона.Ру: Қорақалпоғистондаги муаммо нимадан иборат ва Марказий Осиёда, жумладан Ўзбекистонда протестантлар ҳуқуқи қай тарзда бузилмоқда?

Игорь Ротарь: Бу локал лавҳа эди. Мен уни охирига етказа олмадим. Бу одатий сафар эди. Улар мени қўлга олганларида ҳатта қаерга кетаётганим, нима учун келганим билан ҳам қизиқмадилар. Улар, менимча, Андижон воқеаларидан сўнг мамлакатга киритилмаслиги шарт бўлган конкрет бир одамни ушлаб қолишлари керак бўлган. Қорақалпоғистонда маҳаллий қозоқлардан бир нечтаси насронийликни қабул қилган. Шундан сўнг уларда турли муаммолар бошланган. Ҳамқишлоқлари уларни калтаклаганлар, сувни тўсиб қўйишган. Бу ахборотни мен бошқалар орқали биламан, чунки у ергача бора олмадим. Лекин такрор айтаманки, менинг ушлаб турилишим бу иш билан боғлиқ эмас. Расмийлар ҳатта қаерга кетаётганимни ҳам билган эмаслар. Диндорлар ҳуқуқлари борасидаги вазият эса жуда ачинарли.

Фарғона.Ру: Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари аҳволи қай даражада ўзгарди? Ўзбекистон ҳукуматидан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида нималарни кутиш мумкин?

Игорь Ротарь: Менинг масалам юзасидан Ўзбекистон ҳукуматига АҚШ, Швейцария, Норвегия ва Россия элчихоналари расмий норозилик баёноти билан мурожаат қилдилар. Россия ўзининг жуда сустлигини кўрсатди. Мен Россия фуқароси эканимдан уяламан. Асосан мени америкаликлар ҳимоя қилишди. Америка элчихонаси вакили беш марта мендан хабар олгани келди. Улар нега менинг қўлга олинганимни суриштирганларида, телефон гўшагининг нарига тарафидагилар бу масала олий даражада ҳал этилаётганини айтишиб, гўшакни жойига қўйганлар. Мени қўлга олганларга ўзларини ахмоқона тутаётганларини, бу воқега дунёга шов-шув бўлишини ва Ўзбекистонннинг мавқесига салбий таъсир қилишини айтдим. Улар эса Ғарбнинг фикрига тупуришларини айтдилар. Менинг фикримча, Ўзбекистон Андижон воқеаларигача инсон ҳуқуқларига амал қилишга ҳаракат қилаётгандек бўлиб қўринган, лекин Андижон воқеалари ва Америка базасининг олиб чиқиб кетилиши талаб қилина бошланганидан сўнг улар ортиқча иккиюзламачилик қила олмай қолдилар. Ҳа, айтгандай, миграцион хизмат вакиллари менга Тошкентдаги шахсий ҳаётим ҳақида кўп нарсаларни гапириб бердилар. Мен икки йил бу ерда яшаганман. Мен ишонаманки, улар менинг телефон суҳбатларимни яширин тарзда эшитиб боришган. Лекин у пайтлар менга ҳеч ким халақит берган эмас. Энди эса улар Ғарбнинг фикрига тупуришларини ва ҳеч нарсадан қўрқмасдан охиригача ҳаракат қилишларини билдирмоқдалар. Бу одамлар менга яна буларни айтдилар: “Сиз бизнинг қанчалар инсонпарвар эканимизни тушунишингиз керак. Сизга чегарани кесиб ўтиш имконини бермадик. Бўлмаса, дарҳол қўлга олиниб, устингиздан жиноий иш очилган бўларди. Бахтингизга президентимиз ўлим жазосини бекор қилди”.

Мен қонунларни бузмаганимни айтиб, қандай қилиб жиноят иши очишлари билан қизиқдим. Улар “чегарани кесиб ўтганингиздан сўнг, буни ўзингиз билиб оласиз”, дедилар. Ўйлашимча, улар мени турли йўллар билан қўрқитмоқчи ва билет олишга мажбур қилмоқчи бўлганлар. Менга “Сиз ўзига тўқ одамсиз, билет сотиб олинг”, дейишди. Мен гап пулда эмас, диктаторлик тузумига кўмак бериб, билет сотиб олишни истамайман, дедим. Шундан сўнг ярим соат ичида масалани ҳал этдилар ва мени Москва самолётига ўтқазиб, расман депортация қилдилар.

* * *

Дмитрий Камцев суҳбатлашди.