22:26 msk, 17 Август 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Тинч саботаж. “Coscom” ширкатига Ўзбекистонда ишлашга имкон бермаяптилар

20.02.2007 13:42 msk

Ўз ахб. (Тошкент)

Катталиги жиҳатдан Ўзбекистонда учинчи уяли алоқа оператори бўлган “Coscom” мижозлари ҳали ҳам шаҳар телефонлари ёки бошқа уяли алоқа ширкатлари мижозларининг телефон рақамларига чиқиш имкониятидан маҳрумлигича қолмоқдалар. Тушунарсиз сансалорлик туфайли тўрт кундирки, фақат “Coscom” тармоғининг ичидагина қўнғироқ қилиш мумкин бўлаяпти, холос.

Эслатиб ўтамиз, 6 февраль куни Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги (ЎзААА) “Coscom”нинг уяли алоқа хизматини кўрсатиш бўйича лицензиясини ўн кунга тўхтатиб қўйганди. Расмий талқинган кўра, бунга 30 январь куни рўй берган техник носозлик сабаб бўлган. “Coscom” 16 февраль куни тўла ишга тушиши керак эди, чунки икки кун аввал ширкат раҳбарияти ўз жиҳозларини созлагани ҳақида билдирган, шундан кейин ЎзААА 16 февраль соат 00 дан лицензияни тиклаганди. Бироқ 20 февралга келиб ҳам ширкатнинг 300 мингдан зиёд мижозлари телефонлари шаҳар АТС ва бошқа уяли алоқа ширкатлари телефонлари билан улана олмаяптилар.

Маълумки, шаҳар АТСнинг у ёки бу уяли алоқа операторига уланиши ҳақидаги буйруқни ЎзААА беради. Шу сабабли ҳам, афтидан, айнан шу маҳкама раҳбарларининг айби билан “Coscom” ишлай олмаяпти ва кундан-кунга ширкат кўраётган зарар миқдори ошиб бормоқда. ЎзААА раҳбариятининг “Coscom”даги техник носозлик туфайли безовта бўлган ширкат мижозлари манфаатлари йўлидаги ғамхўрлиги амалда мижозларнинг ўзи учун ҳам катта муаммолар туғдирди, “Coscom” ширкати иши учун ҳам саботажга айланди.

“Coscom” матбуот котиби Алексей Минин юзага келган вазиятни қуйидагича изоҳлайди:

- Ҳозирча хурсанд бўлишга арзигулик бирор-бир гап айтолмайман, биз ҳам ҳозирча ҳамма мижозлар каби кутиб ўтирибмиз. Жума кундан бери вазият мутлақо ўзгармади. ЎзААА ва “Ўзбектелеком” ҳар куни бизни тармоққа улашга ваъда бераяптилар, аммо иш шундан нарига ўтмаяпти. Бундан фақат биз эмас, давлат ҳам зиён кўраяпти, чунки “Coscom” мижозлари амалга оширган ҳар бир қўнғироқдан давлатга қарашли бу маҳкамалар тармоқларидан фойдаланганимиз учун махсус пул тўлаймиз. Нега бундай бўлаяпти – буни бизга ҳеч ким изоҳлаб бергани йўқ. (Иқтибос тугади.)

Шундай қилиб, “Coscom”ни Ўзбекистон бозоридан чиқиб кетишга ва ўз активларини арзимаган пулга сотишга мажбур қилиб, кейин уни фойдасига сотиш мақсадида ширкат ишига ЎзААА раҳбари А. Орипов (унинг ортида янада юқорироқ лавозимдаги кишилар турганлиги тахмин қилинади) тўсқинлик қилаётгани ҳақидаги тахмин кундан-кунга ўз исботини топаётгандай бўлаяпти.



 

Реклама