11:20 msk, 21 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Тожик мухолифати бирлашди ва Раҳмонов режимига қарши курашни бошлаб юборди

19.02.2007 19:10 msk

Феруза Жоний

2007 йилнинг февраль ойида Тожикистон мухолифати кучлари бирлашди: амалдаги президент Эмомали Раҳмонов сиёсатига қарши бўлган кишилар “Ватандор” (“Ватанпарвар”) ҳаракатига қўшилдилар. Янги ҳаракатнинг шиори: “Тожикистон – янги йўл, янги ҳокимият, янги фикрлар, янги ҳаёт”. “Ватандор”нинг биринчи ва асосий талаби президент Раҳмоновнинг зудлик билан истеъфога кетишидир.

- Ҳаракатга жуда кўп таниқли кишилар кирган, энг аввало, бу Тожикистоннинг пешқадам зиёлилари, собиқ вазирлар, собиқ бош вазирлар, парламент аъзолари ҳамда президент Раҳмонов атрофидаги жуда кўп эътиборли кишилардир, - дея маълум қилди “Ватандор” ҳаракати раиси, Марказий Осиё демократик кучлари форуми ҳамраиси, мухолифатнинг “Чароғи рўз” газетасининг бош муҳаррири Додожон Атовуллоев “Фарғона.Ру” ахборот агентлигига берган интервьюсида. – Ҳозирча биз уларнинг номларини ошкор қилолмаймиз: ҳаммага маълумки, Тожикистонда режимдан норози бўлган ҳар қандай одамни қамоқхона, ўлим ёки сургун бўлиш кутади. Аммо икки-уч ҳафталардан кейин ҳаракат раёсатида кимлар борлигини айтамиз.

“Ватандор” президиумига ўн бир киши, ҳаракатнинг жамоатчилик кенгашига элликка яқин киши кирган. Ҳозир ҳаракат аъзолари консультациялар, музокаралар ўтказиш, “Ватандор” дастурини ҳамда сиёсий шартномани тайёрлаш билан бандлар. Унда ҳаракатнинг Тожикистон халқи учун НИМА қилиш мажбуриятини олиши ва НИМА УЧУН масъулиятни ўз зиммасига олиши кўрсатиб берилади.

- Тожикистон ҳозир жар ёқасида турибди. Мамлакатда оммавий қашшоқлик, оммавий ишсизлик авж олган, Тожикистон аста-секинлик билан иккинчи Афғонистонга айланиб бормоқда, - дея давом этади Додожон Атовуллоев. – Шунинг учун ҳам бизнинг асосий мақсадимиз Раҳмоновни ўз ихтиёрига кўра кетишга мажбур қилиш, сўнгра эса мамлакатда эркин демократик сайловларни ташкил этишдир. Агар Раҳмонов ҳукмронлигига яна етти йил чидайдиган бўлсак, кейин қутқарадиган нарсанинг ўзи қолмайди. Биз, Раҳмонов ҳукмрон бўлиб турар экан, демократик сайловлар ўтказиш мумкин эмаслигига аминмиз, агар шундай қилинса, унинг режимига барҳам берилган бўларди. У буни жуда яхши тушунади, шунинг учун ҳам ҳеч қачон мамлакатда демократик сайловлар ўтказилишига йўл қўймайди. У ўз халқидан қўрқади, ҳалол сайловларда ўн фоиз ҳам овоз ололмаслигини билади. Кўп йиллардан бери Тожикистонда сайлов деб ўтказилаётган жараён спектакль, масхарабозликдир. Яқин орада биз Раҳмонов олдига ихтиёрий равишда истеъфога кетиш талабини қўямиз.

Фарғона.Ру: - Сиз уни бўйсунади, деб ўйлайсизми?

Д. Атовуллоев: - Шахсан мен бунга ишонмайман, аммо, шунга қарамай, биз Раҳмоновга ўйлаб кўриш ва Тожикистон келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олиш имконини бермоқчимиз. Агар у кетса, унга ва оиласига тўла хавфсизлик кафолати берилади, ҳатто унинг барча президентлик имтиёзлари сақлаб қолинади. Биз фақат ана шундай инсонпарварона йўл билангина ниманидир ўзгартириш мумкин, деб ҳисоблаймиз.

Фарғона.Ру: - Вазият қай йўсинда ривожланади, деб ўйлайсиз?

Д. Атовуллоев: - Энг аввало, Раҳмонов истеъфога кетиши керак. Кейин миллий яраш муваққат ҳукумати тузилади, унга турли партиялар ва жойларнинг вакиллари кирадилар. Ана шу ҳукумат янги президентлик сайловларини ташкил қилади.

Фарғона.Ру: - Мўлжалингизда президентликка номзодлар борми?

Д. Атовуллоев: - Раҳмоновга альтернатива йўқлиги унинг эртакларидан биридир. Қандай қилиб буюк миллатда совхоз директорига альтернатива бўлмасин? Бу кулгили-ку! Ватандошларимиз орасида масъулиятни ўз зиммасига олиб, мамлакатни сиёсий, иқтисодий ва руҳоний бўҳрондан олиб чиқишга тайёр бўлган кишилар жуда кўп. Ҳаракатимизда президент бўлишга ва мамлакатни уйғотишга тайёр бўлган беш киши бор.

Фарғона.Ру: - Бу конституцияга мувофиқ бўладими?

Д. Атовуллоев: - Ҳа. Гап шундаки, диктаторлик режими ҳукмронлик қилаётган ҳар қандай мамлакатда қонунлар ишламайди. Тожикистонда ташқаридан қараганда демократиянинг барча белгилари бор: конституция ҳам, парламент ҳам, судлар ҳам, президент ҳам, ҳукумат ҳам... Аммо аслида бу саробдир. Чунки Тожикистонда мутлақ ҳақсизлик, мутлақ қонунсизлик ҳукмрон ва у ерда фақат битта ҳақиқат бор – бу президент, ҳокимиятнинг битта маркази бор – бу президент, битта тадбиркор бор – бу президент, битта ҳакам бор – бу президент.

Фарғона.Ру: - Осиё шароитида демократик давлат қуришнинг имкони йўқ, деган фикр ҳам мавжуд...

Д.Атовуллоев: - Бу ҳам Раҳмоновга ўхшаган кишиларнинг, ўз халқини “демократияга тайёр эмас” дея таҳқирлаётган мустабидларнинг эртакларидан яна биридир. Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида Тожикистонда кўппартиялилик мавжуд бўлиб турган пайтда биринчи ва охирги эркин сайловлар бўлиб ўтганди. Ўшанда ўн икки киши президентликка номзод бўлганди, мамлакатда митинглар, намойишлар ўтиб турарди, матбуот эркин эди. Ўшанда ҳеч ким ҳеч кимни отмаганди. Аммо эркинликнинг бу қисқа баҳори Раҳмонов режими томонидан йўқ қилинди. Одамлар эса ҳамма жойда ҳам эркин бўлишни, ўз фикрини изҳор қилишни, Парвардигорга бемалол ибодат қилишни хоҳлайдилар. Бу демократик қадриятлар барча халқлар учун баробар мақбулдир. Аммо демократия мустабидлар учун ноқулай режим бўлиб ҳисобланади.

Фарғона.Ру: - Агар Раҳмонов талабларингизни қондиришга рози бўлмаса, қандай йўл тутасизлар?

Д. Атовуллоев: - Биз фақат бутун жаҳонга маълум бўлган қонуний йўллардан фойдаланамиз. Булар – намойишлар, очлик эълон қилиш, митинглар, иш ташлашлар ва ҳаказолар. Мен ҳозир ҳаммасини очиб ташлаёлмайман, аммо ҳаммаси қонун доирасида бўлишини билдираман. Аминманки, биз Раҳмоновга ўз халқини отиш учун имкон бермаймиз. Чунки Тожикистон куч ишлатар тузилмаларида ҳам бизнинг тарафдорларимиз кам эмас.

Фарғона.Ру: - Яъни сиз Тожикистон Андижони бўлмаслигига, бу фуқаролар урушини юзага келтирмаслигига ишонасиз, шундайми?

Д. Атовуллоев: - Биласизми, Раҳмоновнинг халқни фуқаролик уруши хавфи билан қўрқитиш тактикаси бор. Агар мамлакатда қанақадир мухолифат партияси пайдо бўлса ёки мухолифат митинги ўтадиган бўлса, Раҳмонов ва унинг тарафдорлари “ана, мухолифат пайдо бўлди, энди уруш бошланади”, каби миш-мишларни тарқатадилар. Ҳеч қанақа уруш бўлмайди!

Аслида, Тожикистондаги ҳозирги вазият урушдагидан ҳам ёмон. Тожикистондаги уч миллионлик меҳнатга лаёқатли аҳолининг бир ярим миллиони мамлакат ташқарисига чиқиб кетган, улар борган жойларида ҳеч қанақа ҳақ-ҳуқуққа эга эмаслар, оилаларидан айри яшашга мажбур бўлмоқдалар. Тожикистонда жуда кўпчилик ўзини боқишга қурби етмаяпти. Кўплар энг охирги чорага қўл ураяптилар: ўзларини осаяптилар, дарёга, поезд тагига ташлаяптилар ва ҳ. Аслида ўз халқини зимдан қириш жараёни кетаяпти. Агар Раҳмонов режими давом этаверадиган бўлса, тожиклар наркобаронлар, гиёҳвандлар, гадойлар ва қуллар миллатига айланиб қоладилар.

Фарғона.Ру: - Додожон, Сиз Тожикистон ташқарисидасиз. Чет элдан туриб мамлакатдаги вазиятга таъсир ўтказмоқчимисиз?

Д. Атовуллоев: - “Ватандор” ҳаракатида Тожикистонда яшаётган ва ишлаётган жуда кўп кишилар бор. Бундан ташқари, мамлакат ташқарисида истиқомат қилаётган кишилар билан ҳам ишлаш муҳим, чунки бир ярим миллион одам Россия ва бошқа мамлакатларда юрибдилар. Улар бошқача ҳаётни кўрганлар, ўз ватанидаги турмуш даражасини бошқа ердаги шароит билан солиштириш имкониятига эгалар. Улар ҳар йили ўз оилаларига бир ярим миллиард доллар пул ўтказишиб, Тожикистонни боқаяптилар.

Фарғона.Ру: - Сиз “Ватандор” ҳаракати бирлашган мухолифатни тамсил этади, дедингиз. Қандай қилиб бирлашдингизлар? Ахир ҳар бир мухолифатчи гуруҳнинг ўзига яраша иддао-ю ҳавоси бор...

Д. Атовуллоев: - Аслида, бирлашиш жуда қийин бўлди. Тожикистондаги ва мамлакат ташқарисидаги турли гуруҳларни музокаралар столи атрофига жамлаш учун икки йил мобайнида улар билан музокаралар олиб боришга тўғри келди. Лондонда, Берлинда, Вашингтонда, Тошкентда, Олмаотада, Москвада учрашувлар уюштирилди. Масалан, ўтган ҳафтада шаҳар марказининг бешта жойида беш гуруҳ мухолифат аъзолари ўтиргандилар. Биз гоҳ унисининг олдига, гоҳ бунисининг олдига боришимизга тўғри келди, ниҳоят, уларни бир жойга йиғдик ва бу одамлар орадан ярим соат ўтгач, битта тилда гаплаша бошладилар ҳамда “Ватандор” ҳаракатини тузиш ҳақида қарор қабул қилдилар.

“Ватандор” амалга оширишни режалаштираётган иш жаноб Раҳмоновнинг фойдасига бўлади. Ахир у ўз тўрларини шундай қўйиб чиққандики, натижада унга кўпчилик тушганди. Ҳозир кимдир қамоқда ўтирибди, кимдир ўлдирилди, кимдир ватанни тарк этиб, бегона юртларга кетишга мажбур бўлди. Агар вазият ўзгармаса, бу тўрга охирги тушган одам Раҳмоновнинг ўзи бўлади. У битта нарсани тушунолмаяпти: Раҳмонов режимининг энг катта рақиби, энг асосий мухолифатчи – бу Раҳмоновнинг ўзи ва унинг оиласидир. Улар ўзлари мамлакатда норози кишилар сонининг ошишига, уларга қарши нафратнинг тобора ошишига сабаб бўлаяптилар. Улар шундай қилаяптиларки, натижада одамлар бошқа йўл, бошқа майдон, бошқа ғоя қидириб қолаяптилар. Ана ўшалар одамларни, жумладан, бизни ҳам бирлашишга мажбур қилдилар. Ваҳолонки, биз бунинг Раҳмонов учун анча қалтис ишлигини биламиз.

Нима учун одамлар “Ватандор” ғояларини қўллаб-қувватлаяптилар? Чунки 1997 йили Тожикистон мухолифати ва ҳукумати ярашганидан кейин мухолифат қарийб йитиб кетганди. Унинг бир қисмини Раҳмонов сотиб олди, бир қисмини йўқ қилди ва Тожикистон сиёсий майдони бўшаб қолди. Тожикистон бир актёр театрига айланди. “Ватандор” ҳаракатининг пайдо бўлиши янги куч маркази, Раҳмоновга альтернатива бўлади, бу жуда муҳимдир.

Фарғона.Ру: - “Ватандор” ҳаракати дастуридан келиб чиққан ҳолда, Тожикистон қаддини ростлаб, демократик мамлакатга айланиши учун қанча вақт керак бўлади, деб ўйлайсиз?

Д. Атовуллоев: - Ҳаммаси ўзимизга боғлиқ, Тожикистонда ўз манфаатларига эга бўлган мамлакатлар қандай йўл тушишларига боғлиқ. Бу жараёнга ҳеч қайси мамлакат аралашмасдан, тожикларнинг ўз тақдирини ўзлари белгилашларига имкон бериши жуда зарур. Тожикистонда қанақадир таъсирга эга бўлишни истаган мамлакатлар эса ўз халқи қўлловига эга бўлган сиёсатчиларни қўллашлари керак.

Фарғона.Ру: - Сиз халқ айнан сизни, “Ватандор” ҳаракатини қўллаб-қувватлашига аминмисиз?

Д. Атовуллоев: - Аминман.



 

Реклама