08:36 msk, 20 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Россиянинг Новгород вилояти - постсовет мамлакатларидан бўлган русийзабонлар учун жозиб диёр

19.02.2007 15:14 msk

Александр Задворнев (Буюк Новгород)

Надпись на стене в Новгороде. Фото ИА Фергана.Ру
Новгород вилоятида давлат миллий сиёсатини амалга ошириш қай йўсинда кечмоқда? Бу ҳақдаги тегишли ҳисоботлар ва рақамлар Федерация Кенгаши яқинда уюштирган “Кўп миллатли Россия” кенгашида эълон қилинди.

Охирги марта ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, Новгороддаги етти юз мингдан сал камроқ аҳолининг 93,92 фоизини руслар, 1,5 фоизини украинлар, 0,76 фоизини белоруслар, 0,49 фоизини лўлилар, 0,3 фоизини татарлар, 0,28 фоизини арманлар, 0,23 фоизини озарбайжонлар, 0,15 фоизини чеченлар, 0,15 фоизини немислар, 0,07 фоизини яҳудийлар ташкил этадилар. Вилоятда ҳаммаси бўлиб 178 миллат ва этник гуруҳлар истиқомат қиладилар.

Қочоқлар ва мажбуран кўчиб келганлар сони Новгород вилоят муҳожирот хизмати томонидан 1992 йилнинг июль ойидан бошлаб рўйхатга олинади. 2004-2005 йилларда мажбуран кўчиб келувчилар мақомини олган шахслар бу ерда умуман бўлмаган. Мажбуран кўчиб келган киши ва қочоқ сифатида 2006 йилда рўйхатга олинган кишиларнинг кўпчилиги аввал уч мамлакат – Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудида доимий истиқоматда бўлган кишилар эди, бу Новгород вилоятининг Ўрта Осиёдан келган русийзабонлар учун жозиб жой эканидан далолат беради.

БУНДА БЕГОНАЛАРГА ЎРИН ЙЎҚ

Гарчи турли даражадаги мутахассислар ва амалдорлар ксенофобиянинг 53-ҳудуд туб аҳолиси учун хос эмаслигини таъкидласалар-да, унинг миллатчилик ёзувлари шаклида деворларда пайдо бўлаётгани кишини ўйга толдиради. Ҳатто агар деворларга ўсмирлар ёзиб кетган тақдирда ҳам, “Россия руслар учун” шиори катта ёшли кишиларнинг онгига ҳам аста-секин сингиб бораяпти.

Новгород милицияси ва тегишли махсус хизматлар бу каби фикр эркинлиги кўринишларига анча кескин муносабатда бўлаяптилар: 2006 йили уйларга ва йўлакларга ажнабийлар шаънига ҳақоратомуз граффити ва шиорлар ёзиб кетган ёшлар устидан бир неча жиноий иш қўзғатилган.

Миллатчилар Новгород вилояти бўйича Федерал хавфсизлик хизмати бошқармаси бошлиғи генерал-майор Анатолий Тюков сўзларини эътиборга олиб қўйсалар, ёмон бўлмасди: “Миллатчиликка келсак, бизникидай кўп миллатли мамлакатда миллий низо чиқариш бевосита фуқаролар урушига олиб борадиган йўлдир. Бу ерда қонун қаттиқ, аммо адолатли бўлмоғи керак. Биз ҳаммамиз қонун олдида ҳақиқатан ҳам тенг бўлганимиздагина маданий ва демократик давлатга айлана оламиз. Агар сиз буни онгли равишда бузаётган бўлсангиз, расмийлар ҳақиқатнинг қарор топтиришга эришажакларига ҳозир бўлинг”.

ЎҚИНГ, ҲАВАС ҚИЛИНГ, МЕН – ФУҚАРОМАН!

“Бозор” текширувларидан бирида журналистлар қизиқ фактларга дуч келдилар. Масалан, бозорлардан бирида чет элликлар умуман ҳеч қачон савдо-сотиқ билан шуғулланмаган эканлар. Пештахталар ортида азалдан фақат новгородлик аёллар савдо қилиб келарканлар. Бу ердаги ягона чет эллик – Тожикистон фуқароси қонун олдида пок экан, унинг барча рухсатномалари жойида экан.

Вилоят марказида савдо қилувчиларнинг қарийб ҳаммаси Россия фуқароларидир. Бу ерда ҳатто вьетнамликлар ҳам фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномасини олишга интиладилар.

ФМХ мутахассисларининг фикрича, Новгород вилоятидаги етмиш саккизта кичик бозорда қонуний равишда ишлаётган чет элликлар миқдори янги қонунда белгиланган қирқ фоиздан ҳеч қачон ошмаган экан. Аммо бунда музтоғ принципини эсдан чиқармаслик керак. Расмий маълумотларнинг барчаси ҳам реал воқеликни акс эттиравермаслиги мумкин.

ТОШКЕНТЛИК ЗОЯ ХОЛА

Миллати рус бўлган Зоя Николаевна Савченко ўн йил аввал ўзи 1947 йилда туғилган ва ҳаётининг кўп вақтини ўтказган Тошкентни ташлаб кетишга мажбур бўлган. Бир маҳаллар унинг аждодлари Новосибирскдан Ўрта Осиёга мол ташиганлар, кейин эса Ўзбекистон пойтахтида ўрнашиб қолганлар.

Ўқишни битиргач, дея хотирлайди Зоя Николаевна, дўконга сотувчи бўлиб ишга кирдим. Турмушга чиқиб, икки фарзандли бўлдим. Эрим аввал ЖЭК бошлиғи, кейин ҳайдовчи бўлиб ишлаган.

“Совет даврида миллатчиликка оид муаммолар бўлганмиди?” деган саволга, у қуйидагича жавоб берди: “Очиқ зиддиятлар бўлмаган, яхши яшаганмиз. Аммо яширин зиддият доим бўлган – руслар ва ўзбекларнинг болалари уйда ота-оналаридан ўрганишиб, бир-бирларини сўкардилар. Шундай экан, миллий масаланинг қўзғалиши юқоридагилар томонидан уюштирилган, деган гап ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу жуда узоқ жараён бўлиб, кейин яра бирдан ёрилган. Бундан ҳокимият тепасидагилар ўз ўрнида фойдаланиб қолдилар. Афсуски, миллатчилик ҳалигача давлат тепасида турганларнинг сиёсий обрўсини кўтариш учун ютқизиқсиз мавзу бўлиб келмоқда”.

Савченкога кўра, тўқсонинчи йиллар бошларида русларга ёвқараш уларни сиқиб чиқариш даражасигача бориб етган. Эрининг вафотидан кейин Ўзбекистон ортиқ туришнинг имкон қолмаган, ҳатто у ерда қолиш қўрқинчли бўлиб қолган. Улар яшаган ётоқхонада, Зоя Николаевнанинг хотирлашича, русларнинг кўпчилиги ҳатто тунлари мижжа қоқмай чиққанлар. Ўғирлик ва қотиллик ҳам тез-тез бўлиб турарди. Шундан кейин у кўчиб кетишга қарор қилган. Кўчиб кетганларнинг кўпчилиги қатори у ҳам қариндошлик алоқаларидан фойдаланган.

Шундай қилиб, Зоя Николаевна опасининг уйини тахминлаб йўлга чиққан. Вокзалдаги йўловчилардан сўраб-суриштириб, “Ильмень” жамоа хўжалигида сут соғувчи бўлиб ишлайдиган опасининг уйини топиб борган. Бир амаллаб жойлашган. Кейин қўшнилар рўйхатдан ўтиб келиш кераклигини шипшитиб қўйганлар.

1997 йили унга мажбуран кўчганлар вақтинча яшаб турадиган марказдан хона ажратиб берганлар. Ўшандан буён орадан ўн йил ўтди. У фуқаролик олиш учун қанча сарсон бўлганини эслайди. Тўқсонинчи йиллар ўрталарида кўчиб келганларнинг кўпчилиги учун бу катта муаммо эди. ФХХ, паспорт-виза хизмати, тиббиёт йўналишлари бўйича текширувлар кўпчиликни безор қилган. Кўчиб келганлар баъзан “совға”сиз ҳал қилиш мумкин бўлмаган сон-саноқсиз текширувларни даҳшат билан хотирлайдилар. Бошқа томондан эса амалдорлар ҳам ҳақ – сил ёки ОИТСга чалинган одам кимга ҳам керак?

Қочоқлар марказида Савченко ҳозир фахрийга айланган. Айтишича, у ерда асосан руслар, бироз татарлар яшар эканлар. Одатдаги турмуш, одатдаги маиший зиддиятлар. Муҳожирлик хизмати раҳбарияти “Зоя хола”га (бу ерда уни ҳамма шундай деб чақиради) шу йилнинг ўзидаёқ уй учун сертификат беришга ваъда қилган. Бу мавзу кўчиб келганларнинг ҳар бири учун муқаддас бўлиб ҳисобланади. Уларнинг ҳамма маҳаллий ФМХ раҳбарияти олдига “қачон берасизлар ахир?” деган савол билан бир неча марталаб борганлар.

Зоя Николаевнанинг ўғилларидан бири вафот этган, иккинчиси эса ўз бахтини Олтойдан топган ва у ердан ҳеч қаёққа кўчиб кетмоқчи эмас. У оз-оздан пул жамғариб, икки марта невараларини кўргани бориб келган.

Зоя хола Тошкентнинг тафтли қуёшини соғинади, қор ва совуқни эса ўлгудай ёмон кўради. Аммо кўчиб кетганидан афсус чекмайди. Қариндошларининг мозорларидан бошқа ҳеч нарса Зоя Николаевнани “собиқ” ватани билан боғлаб турмайди. Эндиликда россиялик бўлиб олган Савченко 2700 рубллик нафақага яшайди.

ЎЙЛАБ КЎРИШГА АРЗИЙДИМИ? ҲА!

Новгород вилоятида аввалгидек демографик вазият ёмонлашиб бораётгани ҳисобга олинса, бу ерда яқин йилларда кўчиб келаётганларнинг қўллари ва ақлларига талаб кескин ошиб кетиши мумкин. Бу талабнинг ошиши бир қадар муҳожирларнинг ўзларига ҳам боғлиқ бўлиб турибди. Аввал пойтахт бўлган Буюк Новгородда ишлаб чиқариш объектларини қуриш бўйича бир неча йирик инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш мўлжалланган. Шундай экан, собиқ қардош республикаларда жомадон устида ўтирганлар Садко ва Буслаевнинг афсонавий макони бўлмиш жойларга ўз йўлларини буриш ҳақида ўйлаб кўрсалар, ёмон бўлмайди. Бу ўйлаб кўришга арзирлик ишдир.