08:19 msk, 23 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

19 февраль куни Ўзбекистон ҳукумати раҳбари Ш. Мирзиёев Киевга жўнайди

18.02.2007 11:40 msk

Ўз ахб., ОАВ хабарлари асосида

http://www.uza.uz сайтидан олинган сурат

Украина Вазирлар маҳкамаси матбуот хизматининг маълум қилишича, 19-20 февраль кунлари Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев хизмат сафари билан Киевга келади. 19 февраль куни Киевда Украина бош вазири Виктор Янукович ҳамда Ўзбекистон бош вазири Мирзиёев раислигида ҳар томонлама ҳамкорлик масалалари бўйича Украина-Ўзбекистон ҳукуматлараро қўшма комиссияси мажлиси бўлиб ўтади. Комиссия мажлисидан сўнг Украина-Ўзбекистон ҳукуматлараро қўшма ҳужжатларини имзолаш режаланган.

Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев республикани камдан-кам ҳолларда тарк этади ва бошқа мамлакатларга расмий сафар билан қарийб бормайди. Унинг сурати мамлакат Интернет-ОАВда биринчи марта 2006 йилнинг апрелида пайдо бўлганди. Бўлажак сафарни Ўзбекистон ҳукумати раҳбарининг биринчи жиддий чет эл сафари, деб ҳисобласа бўлади.
Ўтган йил декабрида В. Янукович нефть ва газ ҳамкорлигини муҳокама қилиш учун яқин орада Ўзбекистонга боражагини билдирганди.

Украинадаги “Обозреватель” Интернет-нашри бу билан боғлиқ равишда украиналик расмийлар бир йил аввал Андижондаги тинч намойишнинг қонли бостирилишига гувоҳ бўлган ўзбекистонлик қочоқлар гуруҳини қонунга хилоф равишда депортация қилганларини эслатади. Кейинроқ Киев қийноқ ва ўлим жазоси қўлланилиши мумкин бўлган мамлакатга қочоқларни бериб юборишга ҳақли бўлмаганини эътироф этган. Аммо бу пайтга келиб 10 та ўзбекистонлик қочоқ депортация қилиб бўлинганди. Украина президенти котибиятидаги манбалардан олинган маълумотга кўра, депортация қилиш ҳақида шахсан Виктор Юшченко қарор қабул қилганди. Бу унинг Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан норасмий келишуви доирасида амалга оширилганди. Қочоқлар ҳаёти эвазига Украина президентига Ўзбекистон нефти ва гази ваъда қилинганди.

Ўзбекистон ҳам Туркманистон қатори Марказий Осиёдаги йирик миқдорда табиий газ ишлаб чиқарувчи мамлакат бўлиб ҳисобланади. Қазиб олинган газнинг йиллик миқдори 60 млрд. кубометрни ташкил қилади. Ҳозирги пайтда республикада қазиб олинаётган 60 млрд. кубометр газнинг 5 млрд. кубометри Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонга экспорт қилинади.
2007 йилнинг 14 февраль куни ўзбекистонлик қочоқлар депортация қилинганига бир йил тўлиши муносабати билан Киевда норозилик намойиши бўлиб ўтганди. У “Халқаро Амнистия” фаоллари иштирокида Украинадаги ўзбекистонлик сиёсий қочоқлар жамияти ва “Чегараларсиз” ташкилоти ташаббуси томонидан уюштирилганди. Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, ўшанда ўн киши эмас, балки ўн тўрт киши депортация қилинган, 2006 йилнинг ёзида эса депортация қилинганларнинг ҳаммалари Ўзбекистон судлари ҳукми билан турли муддатга (3 йилдан 13 йилгача) озодликдан маҳрум қилингандилар.

* * *

Украина бош вазири Виктор Янукович 2006 йилнинг 16 август куни Ўзбекистон билан эркин савдо ҳудудини яратиш бўйича ишларни жадаллаштириш нияти ҳақида билдирганди. Украина бош вазири Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан (2006 йил) август ойида бўлиб ўтган учрашув чоғида Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия ишини қайта тиклаш ҳақида келишилганини қайд этганди. Украина-Ўзбекистон муносабатлари ривожланиш истиқболлари ҳақидаги фикрга якун ясар экан, ўшанда Виктор Янукович Украина томон Ўзбекистоннинг газ етказиб бериш тизимини реконструкция қилинишида иштирок этишга тайёр эканини билдирганди.



 

Реклама