22:09 msk, 17 Август 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: “Coscom” қайта ишга тушди. Аммо алоқа фақат ширкат мижозлари ўртасидагина амалга оширилмоқда

17.02.2007 16:13 msk

Ўз ахб.

Фото ИА Фергана.Ру
Фарғона.Ру АА фотоси
16 февраль куни Ўзбекистонда “Coscom” уяли алоқа оператори ўз ишини қайтадан бошлади. Ширкатнинг кўпчилик хизмат кўрсатиш марказлари ва кичик офислари очилди, мижозларнинг телефонлари эса яна қўнғироқларни қабул қила бошлади. Лекин бу “Coscom” тармоғининг ичидагина амалга оширилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги (ЎзААА) “Coscom”нинг уяли алоқа хизматини кўрсатиш бўйича лицензиясини ўн кунга тўхтатиб қўйганди. Бунга, ЎзАААдан таъкидлашларича, 30 январь куни рўй берган техник носозлик сабаб бўлган, ўшанда ширкатнинг уч юз мингга яқин мижозлари бир неча соатга алоқасиз қолгандилар. Белгиланган муддат ичида уяли алоқа операторига бундан буён носозликлар қайталанмаслиги учун бутун жиҳозларни текшириб чиқиш буюрилганди.

14 февраль куни “Coscom” ЎзАААни техник воситалардаги носозликлар бартараф қилингани ва уларнинг бундан буён белгиланган талаб, меъёр ва стандартларга мувофиқ ишлаши таъминлангани ҳақида хабардор қилган. Эртаси куни ЎзААА 16 февралдан бошлаб “Coscom” лицензиясини қайта амал қила бошлаши ҳақида қарор қабул қилган.

Шундай қилиб, ўн кунлик жимликдан сўнг, “Coscom” мижозларининг телефонлари, ширкат мижозлари орасида бўлса-да, яна ишлай бошлади. Республика ичидаги тармоқ ҳали уланмагани сабабли шаҳар телефонлари ва бошқа уяли алоқа операторларининг телефонларига қўнғироқ қилиб бўлмаяпти. “Сoscom”нинг матбуот котиби Алексей Минин “Фарғона.Ру”га бунинг сабабларини изоҳлаб берди.

- Айтиш мумкинки, ширкатга боғлиқ бўлган барча техник жиҳозлар ёқилган ва эндиликда алоқамиз бутун республика бўйлаб ишлай бошлашини кутаяпмиз. Бошқа томондан эса давлат тузилмаларининг ўзи ширкатимиз билан алоқани тикламаганлар. Гап шундаки, давлат тузилмалари, шаҳар АТСлари “Coscom”га бўйсунмайдилар, балки ЎзАААдан “Coscom” ширкати ишга тушгани ҳақида қоғоз келганидан кейингина биз билан алоқани тиклайдилар. Афтидан, шаҳар АТСларига бунақа буйруқ ҳали келмаган кўринади. Бу ҳол душанбагача давом этиши мумкин. Биз бугунги кунга келиб (16 февраль) алоқамиз тўла тикланишига умид қилгандик, лекин, афсуски, бундай бўлмади.

Алексей Минин ширкатда мижозлар учун махсус бонус ва товон дастури ишлаб чиқилаётганини айтди. Унга кўра, дастур эндигина ишлаб чиқилаётгани учун бу ҳақда кейинроқ эълон қилинади. Аммо ҳозирнинг ўзидаёқ 6 февралгача тармоққа уланган мижозларнинг ҳар бирига юз дақиқа алоқа вақти бепул берилиши маълум бўлган.

“Қанақадир таъсирга эга кишилар ширкат фаолиятида қийинчиликлар туғдириб, кейин унинг активларини арзон-гаров сотиб олиш учун “Coscom”ни “чўктирмаяптиларми?” деган саволга матбуот котиби кейинги ҳафта охирида ширкат махсус матбуот варақчаси тарқатишини, у ерда “Coscom”нинг мижозлар базаси ва унинг Ўзбекистондаги бундан кейинги фаолияти ҳақида баён қилинишини билдирди.

“Бизга ҳаммаси ойдин бўлгач ҳамда умумий баҳо ва статистикага эга бўлгач, бу ахборотни ёйинлаймиз”, - деди у.



 

Реклама