16:00 msk, 20 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистонликлар Россия учун бола туғиб беришга кетаяптилар

16.02.2007 15:17 msk

Алла Пятибратова

2007 йилнинг январь ойи ичида Қирғизистоннинг Ўш вилоятидан 67 киши Россияга доимий яшаш учун чиқиб кетганлар. Агар бутун 2006 йил бўйи бу жойни мазкур мақсад билан ташлаб кетганлар сони 178 кишини ташкил этгани ҳисобга олинадиган бўлса, бу кам эмас. Вилоят ички ишлар бошқармаси (ИИБ) паспорт-виза назорати департаментидан олинган маълумотлар ана шундай. Шу билан бирга, эндиликда қирғизистонликлар якка ўзлари эмас, бутун оилалари билан кетаяптилар.

Бир-бир ярим йил аввал Ўш-Москва рейси ҳафтасига бир маротаба амалга ошириларди. Ҳозир эса мазкур йўналиш бўйича учоқлар ҳафтасига беш марта учмоқдалар. “S7” (собиқ “Сибирь”) ҳамда “Алтин Эйр” авиаширкатларидан ташқари “Итек Эйр” ширкати ҳам яқинда Ўшда ўз ваколатхонасини очди. “Ўш” аэропорти бошлиғининг гувоҳлик беришича, учоқлар йўловчилар билан камида саксон фоизга тўлаяпти.

Қирғизистонликларнинг кўпчилиги Россия шаҳарларига шунчаки пул ишлаш ва ишлаб топган пулларини уйга жўнатиш учунгина эмас, Россия Федерацияси фуқаролигини олиш мақсадида ҳам кетаяптилар. Қирғизистон ИИВ паспорт-виза назорати департаментидан олинган маълумотларга кўра, 2004 йил мартидан 2006 йил августигача 46 минг қирғизистонлик Россия фуқаролигини олганлар. Россия президенти томонидан таклиф қилинган ҳамюртларни қўллаб-қувватлаш дастури бу рақамларни янада оширади, деб кутилаяпти.

“Ташқи миграция бўйича расмий маълумотлар жуда озайтириб кўрсатилмоқда. Биргина Екатеринбургнинг ўзидаёқ қирғизистонликлар диаспораси сони уч юз йигирма минг кишини ташкил этади, - дея изоҳлайди вазиятни ўз номини аташни истамаган юқори лавозимли амалдор. – Ҳеч ким уларни депортация қилаётгани йўқ, чунки бу одамларнинг кўпчилиги аллақачон Россия фуқаролигини олиб улгурганлар. Ҳатто авваллари Россияга фақат пул топиб келиш учун борган ўзбеклар ҳам эндиликда фуқаролик ола бошладилар”.

Ўшлик Санжар уйга унча кўпга келгани йўқ – у ўғилчаси билан хотинини олиб кетиш учун келган. Унинг ўзи Россия фуқароси бўлиб олган. “Биз хотиним билан ҳар йили фарзанд кўришимиз ва бунинг учун пул олишимиз мумкин, - дейди Санжар. – Қирғизистонда биз ҳеч кимга керак эмасмиз, болалар учун ҳам бу ерда ҳеч ким пул тўламайди. Россияликлар учун икки юз эллик минг рубль унча катта маблағ бўлмаслиги мумкин. Аммо биз Россияда яшаб, бола туғиб, пул ишлаймиз, у ердан ҳам уй-жой қиламиз, ватанда ҳам уй қуриб оламиз. Балки қачонлардир бу ерга қайтиб келармиз”.

Афтидан, Россиянинг кўчувчилар ва туғувчиларни қўллаш дастурлари меҳнат муҳожиротининг янги тури (бола туғиб, пул топиш) пайдо бўлиши учун туртки берган кўринади ва Қирғизистоннинг айрим фуқаролари Россияга бизнеснинг янги турини ўзлаштириш учун кетаяптилар.