07:09 msk, 12 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Туркманистон: Қ. Бердимухаммедов ўз сайловолди ваъдаларини бажаришга киришди

16.02.2007 14:08 msk

Фарғона.Ру

“Нейтральний Туркменистан” газетасининг бугун маълум қилишича, 16 февраль куни Туркманистоннинг янги сайланган президенти Қурбанқули Бердимухаммедов “Туркманистонда таълим тизимини такомиллаштириш тўғрисида” Фармон чиқарди.

Фармонга мувофиқ, 2007 йил Руҳнома (сентябрь) ойининг биринчи кунидан бошлаб мамлакатда ўн йиллик умумий ўрта таълим ва беш йиллик олий таълим жорий қилинади. Тиббиёт ихтисосини ва санъатнинг айрим турларини ўзлаштириш учун олти йил ажратилади.

Туркманистондаги таълим тизими ва мустабиднинг “эксперимент”лари

Сапармурод Ниёзов ҳукмронлиги пайтида Туркманистон ҳудудида Украина, Малайзия ва Туркияда олинган дипломдан бошқа чет эл дипломлари ўз кучини йўқотган. Чет тили дарслари бекор қилинган, энг асосий фан эса Ниёзовнинг ўзи томонидан ёзилган “Руҳнома” “фалсафий асари” бўлиб қолган. Ўрта мактабда ўқиш муддати ўн бир йилдан тўққиз йилга туширилган, олийгоҳлардаги ўқиш эса тўрт йил қилиб белгиланган, олийгоҳларнинг кечки ва сиртқи бўлимлари ёпилган.
Ўрта таълимдаги ўн йиллик муддатга қайтиш ва “Таълим тўғрисида”ги қонунга тегишли ўзгартишлар киритиш ҳақидаги фармон Туркманистон раҳбари томонидан хитойлик журналистлар иштирокида имзоланган.

Ўз қадамини изоҳлар экан, Туркманистон президенти шу тариқа ўзининг халққа берган ваъдасини бажараётганини таъкидлаган. Қ. Бердимухаммедов яқин орада сайловчиларга берилган ваъдаларни бажариш юзасидан янги қарорлар олинажагига ишонтирган ҳамда эртага, 17 февраль куни Ашхободда Интернет-кафе очилишини, кейин эса барча вилоят марказларида ана шундан жойлар очилишини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, таълим тизимини ислоҳ қилиш Қ. Бердимухаммедов сайловолди дастурининг асосий бандларидан бири бўлганди. Бундан ташқари, у пенсия таъминоти масалаларини қайта кўриб чиқишга, солиқнинг ҳозирги ставкасини, бензин, ун ва бошқа зарур эҳтиёж молларини нархларини сақлаб қолишга, коммунал хизматлар учун тўловларни, жамоат транспортидаги йўлкира ҳақларини рамзий миқдорда ўшлаб туришга, аҳолини бепул газ, электр энергияси, туз ва сув билан таъминлашда давом этишга ваъда қилганди.

Туркманистон президенти сайловларидан сал аввалроқ БМТнинг Болалар Жамғармаси (ЮНИСЕФ) Туркманистон янги расмийларининг мамлакатдаги таълим тизимини халқаро стандартларга қайтариш қарорини олқишлаганди.