22:47 msk, 20 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистондаги рус диаспораси: тарқоқликдан жипслашувга ўтиш

15.02.2007 21:39 msk

Фарғона.Ру

Бугун Иссиқкўл бўйида “Қирғизистондаги россиялик ҳамюртлар: муаммолар ва истиқбол” анжумани очилади. Уни “Гармония” рус маданий маркази, “Владимир православ хайрия жамияти” ва “Александр Князев жамоатчилик жамғармаси” ташкил қилган. “Фарғона.Ру” АА саволларига “Владимир жамияти”нинг бош директори Станислав Епифанцев ва Қирғизистон-Россия Славян университети профессори Александр Князев жавоб беради.

Фарғона.Ру: - Тилга олинаётган муаммонинг моҳияти нимадан иборат?

Александр Князев
Александр Князев
Александр Князев: - 1991 йили Марказий Осиёдаги русийзабонлар ўзлари учун маданий, диний ва ижтимоий жиҳатдан бирданига ёт бўлиб қолган мамлакатларда миллий озчиликка айланиб қолдилар. Умуман олганда, дунёда жамиятга уйғунлашиб кетган миллий диаспоралар мавжуд бўлган мамлакатлар кам эмас. Аммо бизнинг мамлакатларимиздан бирортасида (Қирғизистон ҳам бундан мустасно эмас) руслар ёки русийзабонлар ўзларини жамиятнинг ажралмас қисми ўлароқ ҳис қилишларига расмийлар томонидан бирор-бир уриниш бўлмади. Қирғизистонда ўз вақтида давлат тили ҳақидаги баҳс-мунозаралар қирғиз миллатчилигининг кўтарилиши, шу билан бирга, аҳолининг қирғиз бўлмаган қисми бегоналашуви учун катализатор бўлиб хизмат қилди. Ваҳолонки, соғлом фикр нуқтаи назаридан жамиятнинг интеллектуал ва технологик потенциалини сақлаб қолиш ҳақида ўйлаб кўрилса бўлар эди. Асосий миллат ҳуқуқларининг устиворлиги, миллий хусусийлаштириш ва тадбиркорлик учун алоҳида имтиёзлар яратилиши, асосан русийзабон аҳоли ишловчи йирик саноат корхоналарининг бузилиши, маъмурий бўғиннинг рус компоненти тугатилиши – буларнинг ҳаммаси ўз атрофини қирғиз бўлмаган аҳолининг ҳақ-ҳуқуқлари ва қадр-қимматини топтовчи номақбул муҳит сифатида қабул қиладиган потенциал муҳожирлар психологияси ва субмаданиятини юзага келишига сабаб бўлган сиёсат унсурларидир. Ўн беш йил ичида кўпчилик кўчиб кетди, бу эса, ўз навбатида, қолганларнинг шароитини янаям қийинлаштирди – биз янада оз қолдик, биз билан янада камроқ ҳисоблашадиган бўлдилар.

Фарғона.Ру: - Рус диаспорасининг тил масаласи бўйича ҳозирги кундаги қараши қандай?

Станислав Епифанцев
Станислав Епифанцев
Станислав Епифанцев: - Бир томондан руслар қирғизларнинг қирғиз тили тақдири юзасидан хавотирларини тўғри тушунадилар ва қабул қиладилар. Бошқа томондан эса рус тили расмий мақомга эга, у қирғиз тили билан баравар ишлатилади ва буни ҳали ҳеч ким бекор қилгани йўқ. Шунинг учун ҳам Қирғизистоннинг умумий тил фазосида рус тилини супириб ташлаш имконсиз ишдир. Қирғиз тили фазосини кенгайтириш рус тилини қўллаш жабҳасини торайтириш ҳисобига амалга оширилмаслиги керак. Биз Қирғизистон ҳар икки тил ҳам битта фазода уйғун шаклда мавжуд бўлиши ва ривожланиши тўла мумкин бўлган тараққиёт босқичида турибди, деб ҳисоблаймиз.

Фарғона.Ру: - Минтақа республикаларидаги миллий диаспораларининг кўпи, одатда, сиёсатдан четроқда юришга ҳаракат қиладилар...

Александр Князев: - Ҳаммага маълум бўлган қоида бор: агар сиёсатга қизиқмасангиз, сиёсат сизга қизиқа бошлайди. Ҳозир республикадаги сиёсатни шакллантириш асосий механизмларининг барчаси аймоқ принципига асосланади, бу рус ва Қирғизистоннинг қирғиз бўлмаган бошқа аҳолиси тақдири ҳақида янги масалаларни ўртага чиқараяпти. Ақаев давридаги “юмшоқ” этнократия ўрнига аймоқлар манфаати йўлида ижтимоий муносабатларнинг бутун тузилмаларини қаттиқ қоқиштириш сиёсати пайдо бўлди. Сиёсат жабҳаси тўлалигича ягона миллат – қирғиз миллатига музд ўлароқ берилган. Қирғизларнинг носоғломлик даражасигача чиққан сиёсий фаоллиги бошқа ҳамманинг қарийб тўла пассивлиги қабатида кечмоқда. Умуман олганда, уларни ҳеч ким сиёсатга яқинлаштираётгани ҳам йўқ. Фақат русларнигина эмас, ўзбекларни ҳам. Оз сонли миллатлар ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади. Аснода, ўтган ўн беш йил, менимча, давлатнинг миллий модели мутлақо номақбуллиги кўрсатди. Агар руслардан ҳеч ким “ўз ҳақ-ҳуқуқлари учун кураш”га отланмайдиган бўлса, бу Қирғизистондаги руслар орасида потенциал муҳожирлар психологияси устунлик қила бошлаганидан далолат берадими? Ҳозирги Қирғизистон шароитига мослашиш, жумладан, тил ўрганишга, сўровларга кўра, барча русларнинг бешдан биригина уринаяпти. Демак, қолганлар бу ердан кетмоқчи эканлар-да? Балки мен ноҳақдирман – биз айнан шу масалаларни муҳокама қиламиз...

Фарғона.Ру: - Дарвоқе, диаспоранинг тарихий ватан билан алоқаларига қандай баҳо берасиз?

Станислав Епифанцев: - Охирги ўн беш йил ичида диаспора ва Россия ўртасида биргаликда иш олиб бориш юзасидан катта тажриба тўпланди. Мен ҳозир Россия-диаспора фазосида мутлақо янги муносабатларга ўтиш зарур, деб ўйлайман. Бугунги кунда ҳамюртларни, рус тили ва маданиятини фақат фольклор даражасида қўллаб-қувватлаш етарли эмас. Равшанки, агар биз кучли ва таъсирли диаспорага эга бўлишни истасак, Россия-диаспора фазосида ҳамкорлик муносабатларига ўтишимиз зарур.

Александр Князев: - Охирги пайтда мутлақо янги йўналиш сезилаяпти. Уни Санкт-Петербургда бўлиб ўтган Бутунжаҳон ҳамюртлар конгресси чоғида президент Владимир Путин айтди: “агар кўп миллатли Россия давлати Россия тамаддунининг маркази эканини ҳисобга олсак, хориждаги россияликлар диаспораси маълум маънода сиртга чиқарилган Россиянинг бир қисмидир”. Муайян тушкунликка қарамай, ҳаммамиз асосий йўналиш кўпинча амалдорларнинг ҳатти-ҳаракатлари билан “тузатиб турилиши”ни биламиз. Шахсан менда бу борада некбинлик кучлироқ.