18:59 msk, 18 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

“Туркманбошининг оқ фотиҳаси”. Марҳум президентнинг янги китоби ёруғ кўрди

15.02.2007 11:22 msk

Фарғона.Ру

Туркманистоннинг янги президенти инаугурацияси куни мамлакатнинг аввалги президент Сапармурод Ниёзовнинг “Менинг ўгитларим” номли навбатдаги китоби ёруғ кўрди. Бу ҳақда чоршанба куни мамлакатнинг расмий оммавий ахборот воситалари хабар қилдилар. Китобнинг биринчи эгалари 11 февраль куни бўлиб ўтган президентлик сайлови натижаларини тасдиқлаш учун йиғилган Халқ Маслаҳати делегатлари бўлдилар.

“Беш минг нусхада чиқарилган китобда Сапармурод Туркманбошининг кўплаб нутқларидан, мақолаларидан парчалар ҳамда унинг тарихий-фалсафий асарларидан ва шеърий тўпламларидан иқтибослар жамланган”, - дея хабар қилади “Нейтральний Туркменистан” ҳукумат газетаси.

Давлат янгиликлар хизмати томонидан ёйинланган китобда Туркманбошининг раҳбарларга ўгитлари, аскарларга, ёшларга ҳамда уларнинг устозлари бўлмиш руҳонийлар ва қарияларга ватанпарварлик юзасидан йўл-йўриқлари жо бўлган.

“Туркманлар ҳар доим электр, газ, сув ва туздан бепул фойдаланадилар”, дейилади Сапармурод Ниёзовнинг бу китобида.

Шунингдек, Ниёзов “Туркманбошининг Лайлатулқадрдаги авф Фармонини ўзгартишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Бу Фармон Турманистон давлати тургунича амал қилсин!” дея васият қилади.

Туркманистоннинг умрбод президенти ўз кўрсатмаларида унинг Руҳнома китобини ўқишга ҳам чорлаган.

“Сапармурод Туркманбошининг ўлмас ғоялари ва юксак тамойилларини ўзига жо этган “Менинг ўгитларим” номли янги тўплам бундан буён барча туркманистонликлар учун содиқ ҳамроҳ бўлади”, дея якунланади “Нейтральний Туркменистан” газетасидаги тақриз.