05:24 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Феликс Қуловнинг мухолифатга қўшилиши билан Қирғизистондаги сиёсий вазият ўзгарди

14.02.2007 17:14 msk

Феруза Жоний тайёрлади

Герман Ломков фотоси, "Фарғона.Ру" АА

Қирғизистон собиқ бош вазири Феликс Қуловнинг 14 февраль куни берган баёноти Қирғизистоннинг сиёсий майдонида катта шов-шувга сабаб бўлди. Изоҳларга қараганда, “темир генерал”дан президент Қурманбек Бакиев билан ҳақиқий муносабати қандай эканини эшитишни анчадан бери кутаётгандилар.

“Ислоҳотлар учун!” ҳаракати лидерларидан бири, Жўғўрқу Кенеш (Қирғизистон парламенти) депутати Ўмурбек Текебаев собиқ бош вазир баёнотини ҳалол одамнинг принципиал қадами, деб атади. Шу билан бирга, у Феликс Қулов ўз вақтида мухолифатга қўшилмаганини қайд этиб ўтди.

Жўғўрқу Кенеш депутати Қабай Қарабеков Феликс Қулов атрофида фақат сиёсатчиларгина эмас, “мамлакат тақдирига бефарқ бўлмаган” бутун Қирғизистон жамияти бирлашиши лозимлигига қатъий ишонади. Қарабеков Қуловнинг “президентлик сайловларида одамларнинг кўпчилиги Қурманбек Бакиев учун эмас, Бакиев-Қулов тандеми учун овоз берган”лиги ҳақидаги эслатмаси тўғри эканини эътироф этган.

Парламент вице-спикери, “Ата-Мекен” партияси аъзоси Эркин Алимбековга кўра, “электорат орасида Қуловни қўлловчилар кўп. Мен Қулов мухолиф кайфиятдаги кишилар ёки ташкилотларнинг радикал қисмига таянса керак, деб ўйлайман. Бундан ташқари, жиноий гуруҳларнинг авж олиши тадбиркорларни сиёсий ҳимоя усулларини қидиришга мажбур қилмоқда. Агар Қуловнинг бўлажак дастурида иқтисодий блокка ўрин берилса, бизнес ҳам Қуловни қўллаши мумкин”.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигининг (ТИВ) собиқ раҳбари Аликбек Жекшенқулов Қуловнинг мухолифатга кетиши билан мамлакатда ҳисоблашиш зарур бўлган реал куч пайдо бўлганлигини таъкидлади. “Мамлакатдаги сиёсий вазият ўзгарди, - дейди ишонч билан у. – Расмийлар бундан тегишли хулоса чиқаришлари лозим”. Аликбек Жекшенқуловга кўра, Қирғизистондаги вазият яқин орада мураккаблашиб бораверади ва у Феликс Қуловнинг баёнотидан кейин расмийлар томонидан провокациялар уюштирилиши мумкинлигини айтиб огоҳлантиради.

Таниқли сиёсатшунос, собиқ ташқи ишлар вазири Муратбек Иманалиев ҳам Қирғизистонда сиёсий вазият таранглашиши мумкинлигини тахмин қилади. “Бундан қочиб қутилиб бўлмайди, чунки Феликс Қулов обрўли сиёсий лидердир, - деб ҳисоблайди М. Иманалиев. – Ҳаммаси мухолифат ва Қирғизистон расмийларининг Феликс Қулов берган бугунги баёнотга қандай муносабатда бўлишларига боғлиқ”.

“Интербилим” маркази раҳбари Асия Сасиқбаева Феликс Қуловнинг баёнотини Қирғизистон сиёсатидаги бурилиш нуқтаси деб атади. Унга кўра, Феликс Қулов бугун ҳокимият тепасидаги вазиятни расман эълон қилган. У Феликс Қулов мустақил сиёсатчи сифатида ҳаракат қилиш ниятида, деб ҳисоблайди.

“Бугун Феликс Қулов нарсаларни ўз номи билан атади, - деб ҳисоблайди Жўғўрқу Кенеш депутати Мелис Эшимқанов. – У амалдаги расмийларни фош қилишдан чўчимади ва ҳамманинг оғзида юрган гапни овоза қилди”. Бироқ, Эшимқановга кўра, “Феликс Қуловдан ташқари мухолифатга раҳбарлик қилишга даъвогар бўлган бошқа кишилар ҳам бор, шунинг учун ҳам ҳозир [улар ўртасида] сокин кураш кетаяпти”.

“Фуқаролик жамияти учун” коалицияси лидери Эдиль Байсалов ҳам собиқ бош вазир баёнотига скептикларча муносабатда бўлган. “2000 йилда Қулов айнан шу меҳмонхонада мухолифатга раҳбарлик қилиш ҳақида баёнот бергани эсингиздами? Шундан кейин у ҳеч нарса қилолмаганди. Кейин давлатдаги иккинчи одам бўлиб турган пайтда “Оқ уй” бошбошдоқлигини кўра туриб, ҳеч нарсани ўзгартира олмади. Унинг мухолифатга ўтиш ҳақидаги баёнотини мухолифатнинг жипслашуви ва Қулов атрофида бирлашуви сифатида қабул қилиш керак эмас. Ҳозир Қулов уйғониб, ўзига ижтимоий мандат қайтарилишини талаб қилмоқда – аммо мухолифат автоматик равишда бирлашмайди”.

Аснода, қирғизистонлик таниқли сиёсатшунос Нур Ўмаров “мухолифат Феликс Қулов баёнотини ягона лидер сифатида жуда яхши қабул қилди. Мухолифат ўзини бундай тутишидан кўзланган асосий мақсад Қулов ёрдамида мустақил қарорлар қабул қилиш маркази яратишдир”, дея таъкидлайди.