06:28 msk, 19 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Байрам Шихмурадов: “Қурбанқули Бердимухаммедовга ўзини кўрсатиши учун вақт бериш керак”

14.02.2007 14:24 msk

Қурбон Нордонов ёзиб олди

14 февраль куни Халқ Маслаҳати мажлисида Туркманистон янги раҳбарининг номи эълон қилинади. Кузатувчиларнинг ҳеч бири Қурбанқули Бердимухаммедовнинг президент бўлишига шубҳа қилмайди. Туркманистонга бундан буён қандай инсон раҳбарлик қилиши ва бу мамлакатда вазият бундан буён қай тариқа ривожланиши юзасидан Туркманистоннинг мухолифатдаги Республика партияси лидерларидан бири Байрам Шихмурадов ўз фикрлари билан ўртоқлашади.

* * *

Байрам Шихмурадов. Фото Михаила Юрьева
Байрам Шихмурадов. Михаил Юрьев фотоси
Фарғона.Ру: - Туркманистонда “илиш” ва “шахсга сиғинишни фош қилиш” кабиларни кутиш мумкинми? Сизнингча, Бердимухаммедов ҳокимият тепасига келганидан кейин ўзининг сайловолди ваъдаларини бажарадими?

Б. Шихмурадов: - Ниёзов шахсига сиғинишнинг фош қилинишига ҳали узоқ, аммо бу нарса унча муҳим эмас, деб ўйлайман. Янги раҳбарият “туркманларнинг олтин асри” ҳақидаги Ниёзов чўпчагини сўзда эмас, амалда фош этиши ва қадамба-қадам мамлакатни нормал ҳаётга қайтариши бундан муҳимроқдир. Бунда жамиятнинг тўла соғломлашмоғи учун анча муддат талаб этилишини эсдан чиқармаслик керак. Тўғри йўлни белгилаб олиб, бу йўлдан оғишмай бориш керак. Аҳоли реал ўзгаришларни ҳис қилганидан, истиқболни кўра бошлаганидан кейин яратувчанликка ҳавас уйғонади – иқтисод ва жамиятнинг 15 йиллик инқирози оқибатларини фақат шу йўл билан бартараф қилиш мумкин.

Бердимухаммедовнинг сайловолди ваъдаларига келсак, мен унинг уларни бажара бошлашдан бошқа иложи йўқ, деб ўйлайман. Таълим, соғлиқни сақлаш, нафақа тизимини ислоҳ қилиш зарурлиги ҳақида баландпарвоз баёнотлар берар экан, Бердимухаммедов ўшандаёқ буларни қилиш кераклигини биларди. Ахир у ислоҳотлар ўтказиш ҳақида у ўз халқига эмас, жаҳон ҳамжамиятига ваъда берди-да. Бердимухаммедов ўша ондаёқ Москва, Вашингтон, Нью-Йорк, Венадан: “Сенинг қанақа ислоҳотчи эканингни кўрамиз”, қабилида жавоб сигналини олганди. Эркинлик эса қисман бўлмайди – у ё бор бўлади ёки бутунлай йўқ бўлади. Халққа ахборот олиш имкониятини бер, ёшларга чет эллик тенгдошлари билан эркин мулоқот қилиш имконини бер, ўшанда сен туркманларга қанақадир махсус демократия кераклигини уларга ҳеч қачон тушунтира олмайсан – тушунмайдилар. Бердимухаммедов ўзининг ислоҳотчилик режаларини эълон қилаётган пайтда буни тушунган ва улардан бўйин тоблашдек масъулиятсизларча уринишга бормайди, деб умид қиламан.

Фарғона.Ру: - Бердимухаммедов ҳақиқий лидерми ёки бошқалар, хусусан, А. Режепов қўлидаги қўғирчоқми?

Шихмурадов Байрам

1973 йилнинг 1 июнь куни Москвада туғилган. Ўрта мактабни битирганидан кейин 1990 йили РФ ТИВ МДХАИнинг халқаро савдо ҳуқуқи факультетига ўқишга кирган. 1993 йили Туркманистонга кўчиб ўтиб, Маҳтумқули номидаги ТДУ ҳуқуқшунослик факультетида ўқишни давом эттирган. Университетни тамомлагач, ҳуқуқ-тартибот идораларида ишлашдан бош тортган, спорт менежменти билан шуғулланган, “Копетдаг” (Ашхобод) футбол клубига бошчилик қилган. Бунга параллел равишда журналистика билан шуғулланган.

Туркманистонни 2001 йилда тарк этган. Туркманистон Республика партияси аъзоси. Уйланган, битта қизи бор.
Б. Шихмурадов: - Қурбанқули Бердимухаммедов ўзи учун ғайриодатий вазиятда нималарга қодирлигини тахмин этиш учун уни шахсан яхши таниш зарур. Шахсан мен унда ёрқин лидерлик сифатлари бирдан намоён бўла бошлашини кутмайман. Лекин унда ақл, журъат ва ташкилотчилик қобилиятлари етарли бўлса керак, умид қиламан.

Ақмурад Режепов эса Туркманистондаги энг таъсири зўр кишилардан бири бўлиб ҳисобланади. Ниёзовнинг вафоти ҳақида айнан у биринчи бўлиб хабар топган, шундан келиб чиққан ҳолда, вазиятни ўз назорати остига олиш учун қулай имкониятга эга бўлган. Бироқ унинг “қўғирчоқбоз”лик роли ҳақида фикр юрита туриб, кўпчилик энг жўн нарсаларни эътиборга олмаяпти: давлатни “телефон орқали” бошқариб бўлмайди. Режепов олдинги планга чиқишдан бош тортар экан, онгли равишда оператив ташаббуснинг бир қисмини Бердимухаммедовга берганди. Бу мазкур одамлар орасида, ҳеч бўлмаганда, ҳозирча муайян даражада ўзаро ишонч мавжудлигини билдиради. Бунинг устига, улар ҳалигача ўз ҳатти-ҳаракатларининг яхшилаб ўйлаб пишитилганига шубҳа қилиш учун асос бермадилар. Бу ҳатти-ҳаракатларнинг нақадар қонунийлиги юзасидан шубҳа-гумонлар талайгина, бироқ уларнинг ўринли бўлиб чиқиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Пировардида ҳаммаси Қ. Бердимухаммедов ва А. Режеповнинг ҳокимият ваколатлари билан қандай йўл тутишларига боғлиқ. Тўсатдан озодликдан маҳрум қилинган Межлис спикери Ўвазгелди Атаевга эса соғлиқ ва сабр тилайман.

Фарғона.Ру: - Туркманистоннинг кейинги президенти Ниёзов каби “монарх”га айлана оладими?

Б. Шихмурадов: - Ниёзов республикани 1985 йилдан бери бошқариб келган. У одамлар билан нормал мулоқот қила олган ёш, ғайратли, ўша пайтдаги ўлчамларга кўра анча демократ одам эди. Мустақилликнинг дастлабки йилларида ҳам Ниёзов яккаҳокимликка мойиллик кўрсатмаган: матбуотдан қўрқмаган, дунёнинг ярмини кезиб чиққан, танқидни тўғри тушунган ва аввалгидек берилиб ишлаган. Унинг хунхўрга айланиши учун ўн йил керак бўлди.

Бугунги кунда Бердимухаммедовни диктатор деб аташга ҳамда у содир этмаган жиноятлар учун уни лаънатлашга ҳеч қанақа асосимиз йўқ. Биз унга қандай муносабатда бўлмайлик, бу одамга ўзини кўрсатиши учун вақт бериш лозим. Уни фақат Ниёзов билан бирга ишлагани учунгина қоралаш мумкин эмас. У ерда ишлаган муносиб одамлар кам эмасди ва уларнинг ҳаммаси ҳам диктатурага қарши чиқишга журъат қилолмагандилар. Бу ҳамманинг шахсий иши бўлиб, чайқов учун баҳона бўлолмайди.

Фарғона.Ру: - Туркманистон Республика партияси 2007 йилнинг 11 февралида бўлиб ўтган президентлик сайлови натижаларини тан оладими?

Б. Шихмурадов: - Афсуски, бизнинг фикримиз билан ҳеч нарса ўзгариб қолмайди, шунинг учун ҳам биз бу каби кескин баёнотдан беришдан тийиламиз. Биз сайловларга тайёргарлик ва овоз беришнинг ўзи Туркманистон амалдаги қонунчилиги ва халқаро ҳуқуқий меъёрларни бузиш билан ўтди, дея тахмин қиламиз. Сайловда БМТ ва ЕХҲТдан кузатувчилар иштирок этмадилар, лекин меҳмон кўп бўлди. Энди Туркманистон янги расмийларининг машруълиги ҳақида ана ўша “тўйга савлат учун чақирилган генерал”лар гапираверсинлар. Биз эса фойдалироқ ишлар билан машғул бўламиз.

Фарғона.Ру: - Туркманистон ва Ўзбекистон мухолифатчилари ҳамкорлик қилиб турадиларми?

Б. Шихмурадов: - Турли халқаро учрашувларда иштирок этган пайтимизда биз ўзбекистонлик ҳамкасблар – сиёсатчилар, ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар билан тез-тез кўришиб турардик... Улардаги вазият бизникидан фарқ қилади, кўп одам мамлакат ичкарисида ишлайди, шунинг учун ҳам уларнинг тажрибасини биз ҳозирча қўллай олмаймиз. Бироқ биз Туркманистон Республика партияси ҳам дохил бўлган Марказий Осиё Демократик Конгресси доирасида доим фикр алмашиб турамиз. Партиямиз раиси Нурмухаммед Ханамовнинг Ўзбекистон сиёсий партиялари ва ҳаракатлари лидерлари билан алоқалари бор. Ишонаманки, бу келажак фаолиятимизда бизга ёрдам беради.