06:08 msk, 17 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистонда Россиянинг ҳамюртларни кўчириш бўйича дастурида иштирок этишни истаганлар сони кун сайин ошиб бормоқда

13.02.2007 23:11 msk

Е. Захарова (Бишкек)

2007 йилнинг 15 январидан бошлаб Россияда ҳамюртларни ихтиёрий равишда кўчиришга кўмаклашиш бўйича дастур ишга тушди. Қирғизистонликлар мазкур дастурдан нима кутишлари мумкин? Қирғизистон фуқароларига ушбу дастур доирасида қанақа ёрдам кўрсатилади? “Фарғона.Ру” АА мухбирининг шу ва бошқа саволларига Россиянинг Қирғизистон Республикасидаги Федерал муҳожирлик хизмати (ФМХ) ваколатхонаси раҳбари Юрий Ермолаев жавоб берди.

«Фарғона.Ру»: - Қирғизистоннинг муҳожирлик бўйича давлат департаменти раисаси Айгуль Рисқулова ўз интервьюларидан бирида мазкур дастурнинг ҳар жиҳатдан яхши экани, бироқ кўчириш учун жой сифатида унча қулай бўлмаган ҳудудлар танланганини билдирганди. Аммо, Рисқуловага кўра, миграцион оқимлар фақат ўша ёққа йўналтирилар экан. Мазкур нуқтаи назарни қандай шарҳлаган бўлардингиз?

Ю. Ермолаев: - Бошданоқ айтиб қўяй: биз ҳеч кимни Россияга кўчишга тарғиб қилаётганимиз йўқ. Мазкур давлат дастури эса одамларга танлов имкониятини беради. Россия, энг аввало, ўзига мақбул жиҳатларни илгари сурган. Фуқароларга миграцион оқимлар биринчи навбатда йўналтирилиши керак бўлган ўн иккита “учирма” ҳудуд таклиф қилинганди. Булар стратегик жиҳатдан муҳим бўлган чегараолди ҳудудлари, шунингдек, ишчи кучига талаб катта бўлган вилоятлардир. Шунингдек, Марказий Россиянинг ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан барқарор, аммо демографик муаммоларга эга бўлган ҳудудлари ҳам ана шундай жойлар сирасига киради. Кўчаётганлар, биринчи галда, айнан шунақа ҳудудларга юбориладилар. Аммо яна бир марта такрорлаб айтаманки, ҳеч ким бирор-бир кишини у ёки бу шаҳар ва ё вилоятга кўчишга мажбур қилмайди. Фуқароларга танлов имкони берилган, қаерда яшашни эса ҳар бир киши мустақил равишда ҳал қилади.

«Фарғона.Ру»: - Мазкур дастур миграцион кайфиятга қандай таъсир кўрсатди?

Ю.Ермолаев: - Аввал-бошда қайд этиш зарурки, ўз доимий яшаш жойини алмаштиришни истаганлар сони ошди. Масалан, қиш пайтида ваколатхонамизга кунига олтмиштагача одам мурожаат қилаётганди. Ҳозир эса идорамизга кунига 130-150 киши келаяпти. Мазкур дастур билан боғлиқ равишда юзага келган миграцион кайфиятга келсак, албатта, у ушбу лойиҳанинг қандай ишлашига боғлиқ бўлади. Энг асосий сабаблардан бири кўчиш учун пулнинг йўқлигидир. Бунақа одамлар ўн бир мингдан зиёд кишини ташкил қилади. Фармон чоп этилганидан кейин 18 январгача 391 киши дастлабки талабномаларни топширган, оила аъзолари билан эса улар 1169 кишини ташкил этадилар. Кўчириш бўйича давлат дастурида иштирок этишни истаганлар сони кундан-кунга ошиб бормоқда. Марказдан Давлат дастури иштирокчиларининг сертификатларини олганимиздан кейин биз бу тоифа одамларни “учирма” ҳудудлардаги яшаш шароити билан таништириш учун чақира бошлаймиз. Шундан сўнг уларнинг ўзлари якуний қарорга келадилар. Ўша пайтдан бошлаб одамларни кўчириш бўйича амалий ишларни амалга ошириш бошланади.

«Фарғона.Ру»: - Кўчириш бўйича дастур ўз ичига нималарни олади?

Ю.Ермолаев: - Биринчидан, аввал айтганимдек, дастур кўчиш билан боғлиқ барча харажатларни қоплайди. Дейлик, бир киши Узоқ Шарққа кўчадиган бўлди. Унинг учун катта маблағ ажратилади. Агар ҳатто оила уч кишидан иборат бўлса ҳам, беш тоннали контейнерни кўчириш ҳаражатлари тўла қопланади, уч кишидан кўпроқ оилага эса иккита беш тоннали контейнерни кўчириш ҳаражатлари қопланади. Бундан ташқари, кўчиб келган оилага ўзини тиклаб олиши учун пул берилади: мазкур дастурнинг ҳар бир иштирокчиси 40 минг рублдан 60 минг рублгача пул олади, бунга қўшимча равишда ҳар бир оила аъзоси учун 15 мингдан 20 минг рублгача берилади. Агар оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзолари дарров ишга жойлаша олмасалар, уларга ярим йил мобайнида ишсизларга бериладиган нафақа тўланади. Нафақа миқдорининг қанчалигини айтолмайман, чунки ҳар бир ҳудудда нафақа миқдори ҳар хилдир. Бундан ташқари, бу кишилар ҳужжатлар расмийлаштиришдаги барча тўловлардан озод қилинадилар, бу рўйхатдан ўтиш ва Россия Федерацияси фуқаролигини олишга ҳам тегишлидир. Ҳамма харажатларни давлат ўз зиммасига олади. Асосийси эса, кўчувчиларга Россия фуқаролари билан баробар ижтимоий хизматлар тўлалигича кўрсатилади. Бунга мактабгача тарбия муассасаларидан жой ажратиш, бепул тиббий хизмат кўрсатиш ҳамда ўрта ва олий таълим киради. Муҳим нарсалардан яна бири шуки, барча ҳудудларнинг раҳбарлари дастур иштирокчиларига вақтинча яшаб туриш учун уй-жой топиб беришлари, фоизсиз қарз, ипотека олишда ёрдам беришлари керак. Айрим ҳудудлар эса бошданоқ уй-жойли бўлиб олишни таклиф қиладилар, ер участкаси ажратиб берадилар ва ҳаказо. Аммо такрор айтаманки, турли ҳудудлардаги шарт-шароит бир-биридан фарқ қилади.

«Фарғона.Ру»: - Сиз нима деб ўйлайсиз, нима учун қирғизистонликларнинг кўпи Россияга доимий яшаш учун кетишни истаяптилар?

Ю. Ермолаев: - Биринчи навбатда, бу иқтисодий характердаги сабаблар, ишсизлик, Қирғизистондаги иш ҳақининг озлиги оқибатидир. Бошқа сабаблар ҳам бор, масалан, оилани бутлаш. Қирғизистонликлардан кимнингдир ота-онаси, кимнингдир боласи Россия Федерациясида яшайди, кимдир эса ўзи ва болалари учун бу ерда келажак йўқлиги туфайли кетишни истайди.