14:38 msk, 22 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича комитети ўзбекистонлик расмийлардан А. Корнетов иши бўйича ҳукмни қайта кўриб чиқишни талаб қилмоқда

13.02.2007 13:46 msk

Ўз ахб.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича Комитетининг 88-сессиясида Ўзбекистон фуқароси Лариса Тарасованинг ўғли Александр Корнетов ишини қайта кўриб чиқиш ҳақидаги илтимосномаси кўриб чиқилди.

1977 йилда туғилган А.Корнетов 2001 йилнинг 11 январь куни ўзига тегишли бўлмаган квартирани сотиш чоғида фирибгарлик содир этганликда ҳамда бу уй соҳибаси фуқаро П. ўлдирганликда гумонланиб ҳибсга олинганди. Онасининг сўзларига кўра, “жисмоний тазйиқ”қа учраган Корнетов ўзига қўйилган жиноят юзасидан айбни тан олган. У билан бирга ҳибсга олинган Емелин фамилияли унинг дўсти ҳам мазкур қотилликни содир этишга дахлдорлигини тан олишга мажбур бўлган.

2001 йилнинг 7 август куни Тошкент вилоят суди А. Корнетовни фирибгарлик, ўғирлик ва қотилликда айбдор деб топиб, уни ўлим жазосига ҳукм қилган. У билан бирга судланган дўсти эса 19 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Тарасованинг ўғли Емелин ёрдамида фуқаро П. нинг мол-мулки ва уйини сотиш учун уй соҳибасини ўлдирганликда ҳамда бошқа бир уйни ўмарганликда айбдор, деб топилган.

2001 йилнинг 26 декабрь куни апелляцион инстанция бўлмиш Жиноий ишлар бўйича Тошкент вилоят суди коллегияси Корнетов ва Емелинга нисбатан чиқарилган ҳукмни ўз кучида қолдирган. 2002 йилнинг 7 январь куни Корнетовнинг адвокати ишни қайта кўриб чиқиш илтимоси билан Ўзбекистон Олий Судига мурожаат қилган. 2002 йилнинг 19 февраль куни Олий Суд ўлим жазосини 20 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирган. Ҳозирги пайтда Александр Корнетов қамоқда сақланмоқда.

2002 йилнинг 5 март куни БМТ Инсон Ҳуқуқлари бўйича комитети Ўзбекистонни Корнетовга нисбатан чиқарилган ҳукм ижросини мазкур маҳбус иши бўйича илтимоснома кўриб чиқулгунича тўхтатиб туришга чақирган. Бунга жавобан Комитетга ўлим жазосининг 20 йиллик қамоқ жазоси билан алмаштирилгани ҳақида 19 февраль куни Ўзбекистон Олий суди томонидан қарор чиқарилган тўғрисида хабар келган.

Аснода Л. Тарасова ўз ўғлининг айбсизлигига қатъий ишонади ва унинг суд хатоси қурбони бўлганини таъкидлайди. Унга кўра, ўғлининг айби исботланмаган ва айблов фақат билвосита гувоҳликка асосланади, холос. Тарасова ўз сўзларининг исботи сифатида қатор далиллар келтиради. Масалан, дарёдан топилган ўлик билан фуқаро П.нинг бир неча йил аввал вафот этган онаси ДНК текшируви боши кесилган жасаднинг ҳақиқатан ҳам П.нинг жасади эканини тасдиқламаган. Бундан ташқари, гўё П. қўли билан ёзилган ва унинг чўнтагидан топилган хат бошсиз жасад топилганда тузилган ашёлар рўйхатида кўрсатилмаган. Тарасовага кўра, суд П.нинг иккита паспорти бўлгани ва у аёл Александрга Россиядаги акасининг олдига кетмоқчи бўлгани ҳақида айтганини ҳам эътиборга олмаган. Тарасова йўл қўйилган бошқа қонунбузарликлар ва сохтакорликлар ҳамда ўз ўғлининг терговчи томонидан калтаклангани ҳодисаларини ҳам келтиради.

Л. Тарасова томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиққан БМТ Инсон Ҳуқуқлари бўйича комитети Корнетов ишида жуда баҳсли жиҳатлар борлигини эътироф этган. Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар бўйича Халқаро Битимга Қўшимча Баённомага мувофиқ тарзда ҳаракат қилароқ Комитет Ўзбекистон расмийлари А. Корнетовга нисбатан унга чиқарилган ҳукмни қайта кўриб чиқиш ва товон тўлашни ўз ичига олувчи самарали адлия чораларини кўриш мажбуриятини зиммаларига олишлари керак, деб ҳисоблайди. Бундан ташқари, Комитет расмийларга келажакда бу каби қонунбузарликларнинг олдини олиш ва Ўзбекистон ҳудудида яшовчи барча одамларнинг Битимда тан олинган ҳуқуқларини кафолатлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқлари бузилган тақдирда бу ҳуқуқларнинг самарали ҳимоясини таъмишлаш мажбуриятини юклайди. Ўзбекистонлик расмийлар яқин 90 кун ичида БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича комитетига жавоб беришлари ва кўрилган чоралар ҳақида хабар қилишлари лозим.