19:36 msk, 22 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкент валийлари. V қисм. Чўпонота ва тупканинг тагидаги ерлар

12.02.2007 17:54 msk

Андрей Кудряшов (Тошкент)

Мавзолей Чапан-Ота. Фото ИА Фергана.Ру
Чўпонота мақбараси. Фарғона.Ру АА фотоси
Ислом динининг машҳур хизматчилари номи билан боғлиқ бўлган Тошкентдаги қадамжолар фақат шаҳар тарихий марказидаги меъморий обидалар орасидагина жойлашган эмас. Улар кўпроқ охирги эллик йил ичида ўрта аср шаҳрини қуршаб олган кўп қаватли биноларнинг қоқ ўртасида жойлашганлар. Замонавий мегаполис чеккалари кундалик турмушининг қадим давр афсоналари билан уйғунлашуви ўтган асрнинг 60-йилларида, шаҳар ташқарисидаги далалар ва боғлар ўрнида қад ростлаган Чилонзор мавзесида бетакрор муҳит барпо қилган. Бу ерда ҳар қадамда кундалик ташвишларга кўмилган кишиларнинг эътиборидан четда қолган, аммо халқ хотирасидан ўчиб кетмаган муқаддас тарих рамзлари ва топишмоқларига дуч келиш мумкин.

Чўпонота мақбараси Фарҳод бозоридан икки дақиқали йўл. Ривоятларга кўра, Марказий Осиёнинг турли бурчакларида чўпонлар ҳомийси сифатида мўътабар бўлган Чўпонота ўз ҳассаси билан ер тагидан оби ҳаёт чиқариб, одамлар ва ҳайвонларни сув билан таъминлаган экан.

ХАЛҚ АФСОНАЛАРИДАГИ МАКОН ВА ЗАМОН

Тошкент меъморий обидалари орасида Чўпонотанинг кичкинагина мақбараси ғиштлари арча шаклида урилмиш нақшлари билан ажралиб туради. У XV асрда Самарқанд ҳукмдори Мирзо Улуғбек буйруғига биноан қурилган, деб қаралади. Шайх Чўпонотанинг ҳақиқий қабри Самарқандни ўраб турган тепаликлардан бири тепасида жойлашган. Айтишларича, валий у ерда одамларни душман ҳамласидан қутқариб қолган экан. Ривоят қилишларича, мусулмонларнинг оҳу-фарёдларини эшитган Чўпонота узоқ Шом ўлкасидан бутун бошли тоғни кўтариб келиб, шаҳарни қамал қилиб ётган кофирлар устига ташлаган эмиш. Орадан асрлар ўтиб, Тошкент яқинида яшаган валийнинг бошқа бир кароматини эшитган Мирзо Улуғбек унга мақбара қурдириш учун қурилиш материаллари ортилган туялар карвонини юборган экан.

Тошкентга уч бора келган (1416, 1419 ва 1425 йилларда) Улуғбек Тошкент яқинида Зангиота мақбарасини қурдирган улуғ бобоси Амир Темурга эргашиб, ана шундай қарорга келган бўлиши мумкин. Маълумки, ёш ҳукмдорнинг мўғул хонлари авлоди бўлмиш тошкентлик зодагонлар билан алоқаси унча яхши эмасди, шунинг учун ҳам у оддий халқ ва мусулмон олимларининг ҳурмат-эътиборини қозониш учун Чўпонота мақбарасини қурдирган бўлиши ҳам мумкин.

Мавзолей Ходжа Аламбардор. Фото ИА Фергана.Ру
Хўжа Аламбардор мақбараси. Фарғона.Ру АА фотоси
Чорвадорларнинг яна бир ҳомийси Қўйлиқота Тошкентнинг жанубий чеккасидан оқиб ўтувчи Чирчиқ бўйларида яшаган. Ҳозиргача Қўйлиқ деб аталувчи турар-жой мавзесидаги уйлар билан ўралмиш валий мақбараси бугунги кунда ҳам сақланиб қолган.

Тошкентдаги қадамжоларнинг кўпи ҳақида турли афсоналар мавжуд бўлиб, уларнинг тарихда ҳақиқатан ҳам бўлган-бўлмаганини бугунги кунда аниқлаш маҳол. Масалан, Оқтепадан бир километрча олисликда жойлашган Камолон қабристонидаги Хўжа Аламбардор мақбараси Х асрда вафот қилган ва ривоятларга кўра, Абу Бакр Қаффол Шоший сафдошларидан бири бўлган валийга шарафига бино қилинган.

Аммо Аламбардор (байроқ кўтариб юрувчи) унвони уч аср аввал Муҳаммад алайҳиссалом саҳобаларидан бирига дохил бўлган. Тарихчилар Камолон дарвозаси олдидаги мақбарага айнан ким дафн қилинганини аниқ айтиб беролмаяптилар. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, мақбара қадим қабристон ўрнида нисбатан яқинда - XIX аср бошларида қурилган.

Камаланское кладбище. Фото ИА Фергана.Ру
Камолон қабристони. Фарғона.Ру АА фотоси
Марказий Осиёдаги қадамжоларда вақт, исмлар ва воқеалар муносабати рамзий характерга эга ҳамда тарихий хронология ва топография билан доим ҳам бир хил келавермайди.

Тарих инжиқлигига кўра, айнан Камолон дарвозаси Мовароуннаҳр ислом маданиятининг биринчи марта Европа тамаддуни ҳарбий қудрати билан тўқнашган жўғрофий нуқта бўлиб ҳисобланади. 1865 йили Чимкент томондан келган генерал М. Черняев экспедицион корпуси Тошкентни олиш бўйича биринчи муваффақиятсиз ҳужумдан кейин, Чилонзор боғларига пана қилиб, айланиб ўтиш маневрини амалга оширган.

ЧИЛОНЗОРМИ, ЧИНОРЗОРМИ ЁКИ ТАШЛАНДИҚ ЖОЙЛАРМИ?

Метронинг “Чилонзор” станциясидан нарироқда жойлашган Қатортол кўчасидаги серқатнов автойўлнинг ўртасида чоғроққина боғ бўлиб, унда пастаккина мақбара ва ҳовузли масжид бор. Бу обида Эшон Хайробод деб аталиб, XVIII асрда валий қабри устига қурилган. Аммо у ҳақда бугунги кунда кўп нарса маълум эмас. Ривоятларда айтилишича, нўғой Хайробод исмли бир кишига тушида бир овоз: “Эртага уйинг остонасига ажойиб оқ туя келади. Унга ўтиргин-да, ўз ҳолига ташлаб қўй – истаган томонига кетаверсин. У тўхтаб, чўккан жой сенинг Парвардигорга ибодат ва хидмат қилиш жойинг бўлади”, деган.

Ишан Хайрабад. Фото ИА Фергана.Ру
Эшон Хайробод. Фарғона.Ру АА фотоси
Бутун Чилонзорни кесиб ўтувчи Қатортол кўчаси Самарқанд дарвоза кўчасининг давоми сифатида ҳақиқатан ҳам XVIII асрда пайдо бўлган, аммо ўша пайтда уни шаҳар ташқарисидаги кичикроқ қишлоқлар ўраб турарди. Шаҳарга яқинлашган сари улар қалин мевали боғлар орасида йўқолиб кетардилар.

Ўзбекистон миллий мустақилликка эришганидан кейин расмийлар шаҳар, туман ва кўча номларидаги совет рамзларини йўқ қила бошлаганлар. Бу жараён ҳалигача давом этмоқда, хайриятки, бунда топонимик сиёсат янги рамзларни эмас, эски ва анъанавий номларни маъқул топмоқда.

2005 йилнинг 6 майида Ўзбекистон Сенати Тошкентнинг Акмал Икромов тумани номини Учтепа туманига айлантириш юзасидан қарор қабул қилган.

Номнинг тарихан шунақа бўлганлиги шаҳар маъмурияти қошидаги топонимик комиссия томонидан тасдиқланган, комиссия бу хусусда эътиборли тарихчи ва ўлкашунос Борис Голендердан маслаҳат сўраб мурожаат қилган.

- Тасарруфимдаги 1913 йилда чиққан Тошкент рангли харитасида Учтепа Чўпонотага яқин жойда кўрсатилган, - деди Борис Анатольевич Голендер журналистларга. – Самарқанддан карвон йўли орқали Тошкентнинг жанубий дарвозаларига яқинлашаётган йўловчиларга учта баланд тепа узоқдан кўриниб турган. Йўл мўлжали сифатида хизмат қилган бу тепаликлар ўтган асрнинг 20-йилларигача турган, кейин эса маҳаллий аҳоли томонидан ғишт қуйиш учун ташиб кетилган.

Чиланзар-Ота. Фото ИА Фергана.Ру
Чилонзорота. Фарғона.Ру АА фотоси
Чилонзор номининг ўзи ҳақида эса илмий доираларда ҳалигача турли-туман баҳсли фикрлар бор. Одатда, жой номини, ривоятларга кўра, 1551-1648 йилларда яшаган валий Чилонзорота ҳақидаги афсона билан боғлаш одат тусига кирган. Унинг табиб бўлгани, кўп касалликларни чилон воситасида даволагани маълум. Валий ҳамма жойга чилон экиб ташлаган экан, шундан бу жойлар Чилонзор деб аталар экан. Чилонзорота мақбараси Чилонзор кўчасида, Ўзбекфильм киностудияси ёнида ХХ аср бошларида қурилган бўлиб, у яқинда бир гуруҳ жонбозлар томонидан таъмирланган.

Борис Голендер Чилонзор номи Чинорзордан келиб чиққан бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди. Ўлкашунос ўзининг бу фикрини “Тошкент маҳаллалари ва мавзелари” китобида асослаган.

Халқ оғзаки ижоди тадқиқотчиси, Тошкент Давлат университети ўзбек филологияси факультети доценти Омонулло Мадаев эса бу борада бошқача фикрда. Унга кўра, Чилонзор маҳаллий шеваларнинг бирида чилон ўсган жойни эмас, тупканинг тагидаги “ташландиқ” ерлар маъносини англатади.