10:31 msk, 20 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Туркманистондаги сайловлар: кадр ортида қолган айрим нарсалар

11.02.2007 21:19 msk

Никита Николаев

Туркманистондаги президентлик сайловлари арафасида шарҳловчилар ва журналистлар томонидан айтилган кўпгина тахминларни икки гуруҳга ажратиш мумкин. Улардан биринчиси 2007 йилнинг 11 февралидаги сайловлардан кутилаётган натижалар маълумлигини ўз ичига оларди. Бу нуқтаи назар тарафдорларининг қарийб ҳаммаси президент Ғурбанғули Маликғулиевич Бердимухаммедовнинг мутлақ ғолиб бўлишига шубҳа қилмаётгандилар.

Кам сонли шарҳловчилар ва мақоланавислар томонидан билдирилган иккинчи тахмин 11 февраль куни ёки ундан сал ўтиб мамлакатда ҳар турли кутилмаган ишлар содир бўлиши эҳтимолини назарда тутарди. Аслида эса, сайлов куни мобайнида Туркманистондаги вазият, хавфсизлик чоралари кучайтирилганини ҳисобга олмаганда, одатдаги кунлардан фарқ қилмади.

Бердимухаммедовнинг ғалаба қозонганига ҳозирнинг ўзидаёқ ҳеч ким шубҳаланаётгани йўқ. Бироқ содир бўлаётган воқеаларнинг юзаки жиҳати эмас, Ниёзовдан кейинги Туркманистондаги умумий ҳолатни характерловчи айрим жиҳатлар қизиқиш уйғотади.

Выборы в Туркмении. Кадр местного телевидения
Туркманистондаги сайлов. Маҳаллий телевидение лавҳаси
11 февраль арафасида хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида Туркманистон фуқароларидан уларнинг “электорал жараёнга” муносабати ҳақида ярим яширин ўтказилган сўров маълумотлари пайдо бўлганди. Бунда эътиборга лойиқ жиҳат, бир томондан, ўзгаришлар истаги ҳамда ўтказилаётган сайловлар йўсини ва моҳиятидан норозилик ўртасидаги қарама-қаршилик бўлса, иккинчи томондан, вазиятнинг ёмон томонга бурилиб кетиш хавфи эди. Айнан шу нарса овоз бериш йўсинида сезиларли даражада акс этди.

Кутилмаган ҳодисалар бўлмаслиги аниқ бўлган расмий ҳисоб-китоблар якунини чиқара туриб [мазкур мақола чиқаётган пайтда Туркманистон расмий ОАВ сайловчиларнинг 99 фоизи овоз бериш жараёнида иштирок этганларини билдирганлар – таҳр. изоҳи], муштарийлар диққатини айрим эътиборга сазовор тафсилотларга қаратиш жоиз.

Туркман мухолифати лидери сайловларда сохтакорликлар ҳақида билдирди

Туркманистоннинг мухолифатдаги “Ватан” ҳаракати лидери, собиқ бош вазир ўринбосари ва Марказий банкнинг собиқ раҳбари Худойберди Ўразов Туркманистондаги президентлик сайловларида сайловчиларнинг рекорд кўрсаткичга эга бўлган иштироки республика раҳбарияти томонидан онгли равишда ошириб кўрсатилган, дея хабар қилади Новости РАА.

Хорижда яшаётган мухолифат лидери сайлов рўйхатларига охирги бир неча йил ичида мамлакат ташқарисига чиқиб кетган ва қамоқхонада бўлган республика фуқаролари ҳам киритилганини таъкидлайди. “Участка сайлов комиссиялари раҳбарлари шунчаки қўшиб ёзиш билан шуғулланганлар, бу “ниёзовча” тизим Ниёзовнинг ўзисиз ҳам ишлаётганини яна бир бор исбот қилади”, - дея таъкидлайди Ўразов.
Расмийлар ўз тасарруфларидаги барча воситалардан жуда унумли фойдаланганларига қарамасдан, ташкилотчилар истаганларидек, сайлов “умумхалқ” сайлови бўлолмади. Энг фаол овоз бериш, тушунарли сабабларга кўра, Ашхободда бўлиб ўтди. Чекка жойларга келсак, у ерларда ҳам бирдек манзара кузатилмади.

Мухолифатга (ўзаро суҳбатларда уларни пардалаб “ўзгалар” дейишади) келсак, у ҳақда икки хил фикр мавжуд. Улардан бири мухолифатнинг ўзини эмас, уни ташкил этувчи кадрларга салбий баҳо беришда аксланган: мухолифатчиларнинг қарийб ҳаммаси қачонлардир С. Ниёзов номенклатурасида бўлган кишилардир. Суҳбатларда тилга олинувчи иккинчи нуқтаи назар мухолифатга ва унинг айрим вакилларига нисбатан хайрихоҳроқдир. Улар мухолифатнинг алоҳида олинган вакиллари ҳақида “улар нима қилиш ҳақида тасаввурга эгалар”, дейишади. Аммо қисқа суҳбат қуришга рози бўлганларнинг бирортаси ҳам “мухолифат ҳамма нарсани ўзгартиришни истайди”дан бўлак ҳеч нарса билмайди. Уларга мухолифат дастури нимадан иборатлиги ҳақида маълумотга эга эмаслар. Бунинг устига, бот-бот Туркманистонни газ туфайли тинч қўймасликлари ҳақида, шу сабабли ҳам мухолифат ҳеч нарса қилолмаслиги ҳақида гапирадилар.

“Мамлакатни ким бошқаради?” деган мавзу ҳам кўпчиликни қизиқтираяпти. Биз суҳбатлашган кишиларнинг қарийб ҳаммалари у ёки бу шаклда Ғ. Бердимухаммедовнинг мустақил эмаслиги ҳақида фикр билдирдилар, устига устак, улар ҳокимият тепасидаги кишилар кейинчалик “ўзаро урушиб кетишлари мумкин”, деб ҳисоблайдилар.

Расмийлар ҳатти-ҳаракатларини ўраб турувчи маҳфийлик ва мамлакат фуқароларига Туркманистонда содир бўлаётган воқеалар юзасидан ахборот етиб келмаётгани турли миш-мишларни пайдо қилмоқда.

Энг асосий ахборот манбаи, қанчалик ғайритабиий туюлмасин, чет эл радиоларининг эшиттиришлари бўлиб қолмоқда. Интернетга келсак, бу энди “алоҳида мавзу”. Ҳаққоний ахборотнинг йўқлиги муайян даражада сайловчиларнинг сайлов арафасида радиодан эшитганлари ёки маҳаллий матбуотда чиққан материалларга таяниб ва ё ўз тажрибасидан келиб чиққан ҳолда номзод танлашларига олиб келган.

Шундай қилиб, мазкур сайлов характери ҳаммага тушунарли бўлганига қарамай, у ҳали ҳам шаклланаётган ижтимоий онгга таъсир кўрсатган муҳим омил бўлди. Бу эса Туркманистон шароитида ҳазилакам гап эмас.