02:45 msk, 19 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Россия: Кўп маданиятли таълим миллий чидамсизлик ва тафриқа муаммоларини ҳал қилиш йўлидир

09.02.2007 18:04 msk

Феруза Жоний (Фарғона.Ру)

Москва азалдан турли миллат, маданият ва дин вакиллари бўлмиш муҳожирларни ўзига жалб қилиб келган. Афсуски, бу жараён охирги йилларда жуда қийин кечмоқда. Россиянинг энг йирик мегаполисида миллатлараро муносабатлар муаммоси кейинги пайтларда жуда долзарблашди. Бу Москва давлат думасини “Москва шаҳрида миллатлараро муносабатлар ҳақида” ҳамда “Ирқий ва миллий камситишга қарши кураш тўғрисида” қонунларни ишлаб чиқиш билан шуғулланишга мажбур қилди. Бу масалада асосий урғу таълимга қаратилмоқда: айнан таълим жабҳаси миллий чидамсизлик ва тафриқа муаммоларини бартараф қилишга ёрдам қилароқ, муҳожирларнинг қабул қилувчи мамлакатнинг ижтимоий ва маданий фазосига аралашиб кетишида асосий роль ўйнайди. Бу фикр 6 февраль куни Москва очиқ таълим институтида бўлиб ўтган “Янги шароитларда пойтахтда кўп миллатли таълимни ривожлантиришнинг концептуал масалалари” давра суҳбати иштирокчилари чиқишларида асосий йўналиш вазифасини ўтади.

Давра суҳбати ишида этномаданий компонентли таълим мактабларининг директорлари ва ўқитувчилари, психологлар, этнологлар, антропологлар, олийгоҳ ўқитувчилари, миллий жамоатчилик ташкилотлари вакиллари, Москва ҳукумати қошидаги Миллатлараро консультатив кенгаш (МКК) аъзолари, журналистлар иштирок этдилар. Учрашувни Москва миллатлар уйи ва “Этносфера” миллатлараро таълим маркази кўмагида Москва шаҳар Таълим департаменти ҳамда МККнинг таълим бўйича гуруҳи ташкил этган.

Москва таълим департаменти бошлиғининг ўринбосари, “Этносфера” миллатлараро таълим марказининг раиси Юрий Горячов мажлисни оча туриб қайд этганидек, кўп маданиятли таълим мавзуси Москва учун доим долзарб бўлиб келган. Мазкур муаммони ҳал қилиш концепциясини Москва СССР давридаёқ ишлаб чиқа бошлаганди. Совет Иттифоқи тарқаб кетганидан кейин янги Россия пойтахти бир ярим миллиондан зиёд муҳожирни қабул қилиб олган. Уларнинг кўпчилиги оилалари билан келганлар, кўп болалар эса шу ернинг ўзида туғилганлар. Муҳожирларнинг Россия ва Москва турмуш тарзи, анъаналари ва урф-одатларига ижтимоий-психологик ва маданий-лисоний мослашуви стратегик мақсадга айланди. Рус тилини яхши билмайдиган болаларни умумтаълим мактабларида ўқитишни ташкил этиш иши алоҳида чора-тадбирлар олишни талаб қилган.

Охирги ўн беш йил мобайнида Москва таълим департаменти муҳожирлар оиласидан чиққан болалар адаптациясига йўналтирилган қатор чора-тадбирларни амалга оширган. Хусусан, Россия пойтахтида этномаданий компонентга эга бўлган 74 таълим муассасаси ва синфлардан иборат тармоқ ташкил этилган. Уларда Россия халқ ва элатлари, МДҲ ва Болтиқбўйи, узоқ хориж мамлакатлари тили, маданияти, тарихи ва анъаналарини ўрганилади. Бу каби муассасаларни ажратилган маблағлар миқдори оширилган.

Москва таълим департаменти умумий ва мактабгача таълим бошқармаси бош мутахассиси Н. Ваганованинг маълум қилишича, шаҳарнинг 88 таълим муассасаси базасида миллий-маданий марказлар тармоғи шакллантирилиб, уларда куннинг иккинчи ярмида ўқувчилар турли халқлар маданияти, анъаналари ва тили билан танишиш имкониятига эга бўладилар.

Бундан ташқари, ҳозирнинг ўзида Москвада муҳожирларнинг болаларига рус тилини ўргатиш бўйича 276 гуруҳ ишлаяпти ва рус тилини тўла ўрганиш имконияти берилувчи ўнта мактаб очилаяпти.

Ўқитувчиларнинг малакасини ошириш академияси Ижтимоий-сиёсий таълим ва ҳуқуқ тарихи кафедрасининг доценти О. Кишенкова ўз чиқишида бу жуда нозик масалада кампаниячиликка берилиш хавфидан огоҳлантирди. Унга кўра, ксенофобияга бардошли бўлиш муаммосини ҳеч қанақа махсус дастурлар билан ҳал қилиб бўлмайди, чунки жамиятнинг умумий кайфияти тажовузкорона бўлиб, сиёсий партияларни шакллантириш, сиёсий капитал жамғариш учун “миллий” қартадан фойдаланилмоқда. Унингча, кишиларда чидамлилик ва байналмилалчилик ҳисларини тарбиялаш кундалик сермашаққат ишга айланиши керак.

“Давра суҳбати”нинг бошқа иштирокчилари таълим муассасаларида кўп маданиятли таълим дастурларини жорий қилиш зарурлиги қўлладилар. Бу иш фақат Москвадагина эмас, Россиянинг бошқа жойларида ҳам амалга оширилиши керак. Бундан ташқари, мажлис чоғида мактабда дин ўрганиш (“этнодиний компонентсиз этномаданий компонент ҳам бўлмайди”), маданиятшунослик таълими зарурлиги (“нега тарих дарсларида асосий эътибор давлатга бериладию халқлар эса орқа планда қолиб кетадилар?”), кўп маданиятли таълим жараёнига Москва миллий-маданий марказлари ва турли диаспораларни жалб қилиш масалаларига ҳам тўхталинди.

Мажлис иштирокчилари кўп маданиятли таълим самарадорлигини ошириш ҳамда мактабгача таълим ёшидаги болалар ва ўқувчиларни тарбиялаш бўйича қатор таклифларни айтдилар. Хусусан, “Халқшунослик” дарслигининг қўшимча нусхаларини чоп қилиш ва ҳар бир мактабни мазкур дарслик билан таъминлаш; тарих ва адабиёт бўйича мактаб дастурига россиялик таниқли арбоблар – турли миллат вакилларини роли ва ўрнини ўрганишни киритиш; ўқитувчилар учун дарсга тайёрланиш жараёнида қўшимча қўлланма бўлсин учун Миллий-маданий марказлар ва диаспоралар вакилларини ҳар бир миллат маданияти, анъаналари, урф-одатлари ва ўзига хос хусусиятлари ҳақида брошюралар чоп этишга жалб қилиш; турли МММ аъзоларига ўқувчилар олдида чиқиш қилиш ҳамда март ойида Наврўз байрамини нишонлаш, Москва шаҳри кунини ўтказиш каби кўп маданиятли таълим дастури доирасида улар билан тегишли тадбирлар ўтказишга имкон бериш тавсия қилинди.