22:37 msk, 19 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Олий суд раиси қабулига киришга уриниш тошкентлик аёл учун қаттиқ калтакланиш билан якун топди

08.02.2007 15:08 msk

Умар Шарифов

Лариса Кузнецова. Фото ИА Фергана.Ру
Лариса Кузнецова. Фарғона.Ру АА фотоси
Ўзбекистонлик олти фуқаронинг республика Олий суди раиси Б. Мустафоевнинг расмий қабул куни бўлмиш 31 январда унинг ҳузурига киришга уринишлари кутилмаган натижа билан тугаган. Улар ўз чиранишларига жавобан қўлга олиниб, милиция бўлимига етказилганлар, 54 ёшли Лариса Кузнецова эса ҳатто калтак ҳам еган.

Айтиш жоизки, суд ҳокимиятининг юқори лавозимли вакили билан учрашув кўпчилик учун судларнинг адолатсиз қарори устидан шикоят қилиш ва ўз муаммоларини ҳал қилиш учун охирги имконият бўлиб қолаяпти, бу муаммолар бошқа йўллар билан нимагадир ҳал бўлмаяпти. Шунинг учун қабул кунлари Олий суд биноси олдида республиканинг турли бурчакларидан кўп одам йиғилади. Бироқ Олий суд раиси билан учрашиш осон эмас. Масалан, 28 январь куни – аввалги қабул куни бу лавозимга яқиндагина тайинланган Бўритош Мустафоев ҳеч кимни қабул қилмаган. Йиғилганларга у ишларни қабул қилаётганини айтганлар. 31 январь куни унинг қабулига юзтадан кам бўлмаган одам келган. Улар орасида ўғлининг ноқонуний равишда судлангани учун моддий ва маънавий зарарни ундиришга ҳаракат қилаётган Лариса Кузнецова ҳам бўлган (у билан кечган воқеани бу ерда ўқишингиз мумкин).

Аммо бу сафар ҳам Олий суд раиси билан учрашишнинг имкони бўлмаган. Қабулхонадан чиққан кишилар уларни Бўритош Мустафоевнинг ўзи эмас, унинг ўринбосари Жамолов қабул қилганини айтишиб, йиғилганларни таажжубга солганлар. Одамлар бақир-чақир қилиб, норозилик билдира бошлаганлар. Л. Кузнецова ҳам бундан норози бўлган, чунки Жамолов унинг барча мурожаатномаларига салбий жавоб берганди.

Бир неча одам Б. Мустафоевга бироз бўлса-да таъсир ўтказиш ва одамларни қабул қилиб, уларнинг ишини кўриб чиқишга мажбур этиш учун ариза ёзиб, президент девонига қабулхонасига олиб бориб беришни таклиф қилганлар. “Бу нима деган гап – биз юзлаб километр йўл босиб келганмиз, яна қанча кутиш керак?” – дея қичқирганлар Андижон, Жиззах ва бошқа шаҳарлардан келган кишилар. Ҳислар жунбушга келганига қарамай, улар кўпроқ илтимосномага ўхшаб кетадиган ариза ёзганлар: “Муҳтарам Бўритош Мустафоевич, мана икки ойдирки, қабулингизга келамиз, одамлар узоқ жойлардан келаяптилар. Бизни қабул қилишингизни илтимос қиламиз”. Аризага Ўзбекистоннинг турли жойларидан келган 32 киши имзо чеккан, шундан сўнг олти “делегат” аризани кўтариб, президент девони қабулхонасига йўл олганлар.

Маълум бўлишича, президент девонига кириш мамлакатнинг бош ҳаками билан учрашишдан осонроқ иш бўлиб чиқмаган. Навбатчи милиционерлар қабул вақти тугаганлигини айтишиб, келганларни ичкарига қўйишни истамаганлар. Соат бешлар чамаси бўлиб, қабулхона деворида қабул олтигача амалга оширилиши кўрсатилган жадвал осилган экан. Олий суд биноси олдига йиғилган кишиларнинг вакиллари милиционерларга буни айтишган. Ниҳоят, узоқ тортишувлардан кейин милиционерлар қабулхонага қўнғироқ қилишга рози бўлганлар ва икки кишини киритиб юбориш ҳақида буйруқ олганлар. Бир аёл ва андижонлик бир оқсоқол ичкарига кириб кетганлар. Қолганларга эса милиционерлар дарвоза ташқарисига чиқиб туришни буюрганлар. Улар ташқарига чиқишиб, ўз ўртоқларини кута бошлаганлар.

Кейин нима воқеа содир бўлгани ҳақида Лариса Кузнецованинг ўзи ҳикоя қилади.

- Биз у ёқ-бу ёқдан гаплашиб, кутиб ўтирардик. Бир киши: “Анави келган машинага қаранглар, бу полковник, навбатчи милиционерларнинг бошлиғи”, деди. Мен унинг олдига бориб саломлашдим ва “Сиз уларнинг бошлиғимисиз?” деб сўрадим. “Ҳа”. “Марҳамат қилиб, айтинг-чи, нима учун биз бу навбатчилардан фамилияларини сўраганимизда, айтишни истамадилар?” У бўлса бақириб-чақира бошлади: “Сизга уларнинг фамилияси нимага керак бўлиб қолди?” “Биз ичкарига кирмоқчи эдик – бизни эса қўймадилар. Шунинг учун ҳам бизни шундай-шундай фамилияли кишилар ичкарига қўймаяптилар, деб қўнғироқ қилиш учун уларнинг фамилияларини билиб олмоқчийдик”. “Бу ерга нимага йиғилдиларинг – провокация уюштирганими?..” Мен: “Нега ундай дейсиз? Биз ҳозир Олий суддан келаяпмиз – у ерда одамларнинг жаҳллари чиқиб ётибди, бирор кор-ҳол рўй бермасин тағин...”, дедим. “Сизларга нима бўлди, - дейди, - ё урушни хоҳлаб қолдингларми?” “Қанақа уруш – мана ўтириб кутаяпмиз, ҳозир вакилларимиздан икки киши чиқиши керак”. Шу пайт у ҳеч қандай изоҳсиз буйруқ қилди: “Уни машинага ортинглар – ТИИБга олиб боринглар”. У бу сўзларни айтиб улгурмасидан навбатчи милиционерлардан бири чопиб чиқиб, худди ашаддий жиноятчилардай қўлларимни орқамга қайирди. Мен: “Ёрдам беринг, ёрдам!” дея қичқира бошладим, мен билан келган кишилар қўрқиб кетиб, жойларида тек қотиб қолдилар, у [милиционер] мени машина томон судрай бошлади. Судраб борганидан кейин мени машина эшиги олдида чўккалатиб қўйиб, калтаклай бошлади. Мен қичқирардим... Кейин менга айтиб беришларича, ўша бошлиқ – полковник ҳам мени орқамдан туриб ура бошлабди. Мени полковник билан милиционер иккаласи роса тепишди. Мен жуда қўрқиб кетдим – ҳалиги йигит ғирт ҳайвонга айланиб қолганди. Яна ураркан, ўзбекчалаб тинмай нималардир дерди. Хуллас, калламга ҳеч нарса кирмай қолди, бошимни қўлларим билан беркитиб олдим, шу пайт у бошимга ҳам урди...

Аёлни милиция машинасига итариб киритишиб, пойтахтнинг Яккасарой туман ИИБга олиб борганлар. Унинг ортидан президент девонига келган бошқа “делегатлар”ни, жумладан, ичкарига кириб кетган икки кишини ҳам участкага олиб келганлар.

Милицияда уларни тўрт соатдан ортиқ – кечки соат ўнгача ушлаб ўтирганлар. Ҳаммаларидан бундан буён ҳеч қандай пикетларда қатнашмаслик (гарчи улар ҳеч қанақа пикетда қатнашмаган бўлсалар-да) ҳақида тилхат олганлар. Уларга бу қоғозга имзо чекмагунларича участкадан чиқариб юбормасликларини айтишиб, қўрқитганлар. Фақат Лариса Кузнецовагина имзо чекишдан бош тортган. У ўзининг келтаклангани ва қўли жонсиз бўлиб қолгани тўғрисида шикоятига жавобан унга... тушунтириш хати ёзиб бериш таклиф қилинган. ТИИБда ундан калтаклангани ҳақидаги аризани қабул қилишдан қатъиян бош тортганлар. Унинг калтакланиши ва ТИИБга олиб келиниши сабабларини ҳам тушунтириб ўтирмаганлар. Шунинг учун ҳам Лариса Кузнецова ўзи билан содир бўлган бутун воқеани тушунтириш хатида баён қилган. Адолат қидиришга уриниш қўлга олинганлар учун ана шундай якун топган.

Эрталаб калтакланган аёл 17-касалхонанинг травматология бўлимига мурожаат қилган. Уни кўздан кечирган шифокор рентгенга тушишни буюрган ва “Бошнинг юмшоқ тўқималари жароҳатланиши, чап елканинг жароҳатланиши ва қон уйилиши” дея ташхис қўйган. У милицияга қўнғироқ қилиб, калтакланиш ҳақида маълум қилишга мажбур эканини, пировардида унинг олдига участка нозири келишини айтиб огоҳлантирган. Аммо нозир келмаган.

Яккасарой туман прокурорининг муовини Л. Кузнецовага суд-тиббий экспертизага йўлланма берган. Унга кўра, милиция “ишлови”ни кўрган шифокор: “Бу қўл билан тутгандан қоладиган из эмас, балки калтак изидир. Афтидан, сизни тепкилашган шекилли”, деган.

Л. Кузнецова ўзининг калтаклангани юзасидан бевосита президент девонига шикоят қилмоқчи бўлган, бунинг учун у қабулхона бошлиғи Эргашевга мурожаат қилган. Аммо бошлиқ унинг аризасини қабул қилишдан бош тортган ва жабрланувчи аёлнинг айтишича, унга қуйидагича жавоб берган: “Марҳамат қилиб, уни почта орқали юборинг, мен ўз одамларимга қарши иш қилишни истамайман”. Кейин аёл полковник ва унга тобеъ бўлган милиционернинг жавобгарликка тортилишига унча ишонқирамайгина ўз аризасини почта орқали юборган. Унга кўра, бунга эришиш имконияти Ўзбекистон Олий суди раиси қабулига кириш имкониятидан кўра камроқдир.