20:48 msk, 16 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Исломчиликнинг аксилкаримовча байроғи ёҳуд полициячи давлатнинг ўч олиш тизимидаги иштироки орасидаги танлов

30.05.2005 23:21 msk

Воҳид Ахтамов

Россия матбуоти Ўзбекистон воқеаларига турлича муносабат билдирмоқда. Баъзи муаллифлар ҳукумат томонидан қўлланилаётган чораларни очиқдан очиқ қувватлашларини билдирсалар, айримлар “исёнчилар”га хайрихоҳлик билдирадилар. Яна баъзи бировлар эса масалага юзаки ёндошмасдан, уни чуқур тахлил қилишга уринмоқдалар. “Неделя города” деб номланган вилоят газеталаридан бирида чоп этилган мақола бизнинг назаримизда ана шу учинчи тоифага киради.

Икки ислом орасида

Воҳид Ахтамов

“Неделя города” (Волгоград вилояти, №20, 2005)

Тошкентда тинчлик. Ҳеч ким ҳеч нарса гапирмайди. Россия каналларида янгилик кетаётган пайтда унинг ўрнини сувда сузиб юрган балиқлар, баланд тоғлар орасида осуда осмонда учиб юрган қушлар тасвири эгаллайди. Андижон воқеалари туфайли бир неча юз одам, жумладан кексалар, аёллар ва болалар отиб ташланганлиги ва бир неча минг қочоқ Қирғизистон чегарасини забт этаётгани ҳақида пойтахтда камдан кам одам хабардор. Ўтган йили мени бир воқеа ҳайрон қолдирган эди. Мен ишга кетаётган йўналишдаги такси Боткин қабристони қаршисида тиқилинч жойга тушиб қолди. Москвадан фарқли ўлароқ Тошкентда машиналар ўртасида тиқилинч тиғиз пайтда эмас, бирон бир ҳукумат амалдорининг кортежи ўтаётган пайтда ва шунда ҳам Тошкентнинг маълум кўчаларида пайдо бўлади. Боткин қабристони ва Тошсельмашь ҳудуди бундай кўчалар қаторига кирмас эди. Бир неча минут июнь жазирамасида йўналишдаги таксида ўтиргач, гап нимада эканлигини аниқлаш учун пастга тушдим.

Бир неча ўзбек аёллари худди ёш болалардек бир-бирларининг руҳларини кўтариб, йўлни тўсиб турар эдилар. Улардан бири енгил автомашиналарга орқасини қилиб ўтирар, кимдир асфальтда чўзилиб ётарди. Яна учтаси “Тико” русумидаги машинанинг бамперига суянганича кулиб туришарди.

Текин томошани анчадан бери кузатиб турганлардан билдимки, бу келинлар қўзғолонига йўл ёқасида жойлашган ўн қаватли уйдаги коммунал муаммолар: бир неча ойдан бери иссиқ сувнинг йўқлиги, чакки ўтаётган том, амалдорларнинг бу муаммоларга бефарқ қараётганлиги сабаб бўлган. Билмадим, бу аёлларнинг юксак курсилар назаридан, шаҳар марказидан узоқда тартибсиз пикет ўтказишга ким ундаганини. Лекин бу кутилмаган ва ғалати норозилик намойишининг, ўзбек халқининг бир неча йиллик сукутидан сўнг ўтказилаётганлиги мени сабр косамиз тўлганлигига ва жамият онгида ўзгаришлар бўлаётганига ишонтирди. Исломчининг соқолли юзи ўзбек норозилигининг белгиси сифатида қабул қилинишининг тугаганлигини тушундим. Балки ўтган аср бошида Горький “Она”сининг пайдо бўлиши жамиятдаги ижтимоий қарама-қаршиликлар белгиси сифатида намоён бўлгандир.

Ўзбек давлати олий мақом раҳбарлари “Андижонда отиб ташланган норозилар фақат қамалган экстремистларнинг яқинлари эди” деганларида менинг 2004-йил июнида ишга кеч қолишимга сабаб бўлган ўша қувноқ пикетчи аёлларни эслайман. Ва яна Ўзбекистон бош прокуратураси марказий биноси олдида “менинг отам ва онамни уйга қўйиб юборинглар” деган плакат кўтариб олган болакайни эслайман. Наҳотки адолатли жазо олган жиноятчининг ўғли мана шундай бино олдига плакат билан чиқиб туролса? Балки, хақиқатдан ҳам қамалган акромийлар Ўзбекистон қонунчилиги олдида жавобгардирлар ва балки улар тўкилган қон учун ҳам масъулдирлар. Лекин, азалдан ўзбек оиласи кўп болали эканлигини ҳисобга олганда ҳам Андижон бош майдонида тўпланган бир неча минг кишининг барчасини экстремистларнинг қариндошлари сифатида қабул қилиниши тасаввурга сиғмайди. Хўп майли, уларни экстремистлар деб ҳам атай қолайлик. Бу ҳолатда ўзбек халқининг асосий қисми бугун экстремистга айланиб қолган ва террорчиликка қарши кураш Ўзбекистон ҳукумати учун ўз халқи билан курашга айланиб қолди деган мантиқий хулоса келиб чиқмайдими?

Ўзбекистон ҳукуматининг ўз халқига даволари кўпайиб қолганга ўхшайди. Бироқ халқ ҳам ҳукуматга жавобан айрим даволарни қўйиш хуқуқига эга. Масалан, жуда ҳам оз иш хақи, оммавий ишсизлик, мисли кўрилмаган талаб-тунашлар ва хусусий тадбиркорларга нисбатан кўрсатилаётган босимлар. Буларнинг ҳаммаси вилоятларда аёлларни ўз болаларини беш доллардан сотишга, аланга билан тозаланган бадан жаннатга тушишига ишонган ҳолда ўзларига ўт қўйишга, эркакларни эса ўз бизнесини ёпишга, ўғрилик ва порахўрликнинг узилмас занжирига қўшилишига мажбур қилмоқда.

Шу кунларда баъзи бир шарҳловчилар Андижон воқеалари ва қирғиз инқилоби ўртасидаги ўхшашликлар ҳақида гапирмоқдалар. Агар Ўзбекистонда қонуний мухолифатнинг йўқлигини, ғарб жамғармаларининг кўпчилиги қувиб чиқарилганини ҳисобга олмасак, бу ўхшашликда жуда катта фарқ бор: Асқар Ақаев қон тўкилишининг олдини олиб ҳокимиятдан воз кечди, Ислом Каримов эса айни ўша ҳокимиятни сақлаб қолиш учун қон тўкди. Бундан ташқари, барқарорликка зил кетди. Андижон воқеалари халқнинг қашшоқлиги эвазига сотиб олинадиган барқарорлик Ўзбекистон халқига маъқул эмаслигини кўрсатди. Бироқ, бундай барқарорлик Россия раҳбарияти манфаатларида эканлигини ҳам кўрсатди.

Айни пайтда, телерадио орқали эълон қилинаётган баёнотларда бўҳрон марказида қолаётган русларга Россия сиёсатчиларининг муносабати ҳам аниқ изҳор этилмоқда. Россия ташқи ишлар вазирлиги айни пайтда Андижон вилоятида 80 минг ватандошимиз борлигини ва улардан ҳеч қайсиси жабрланмаганини эълон қилди. Бу ўринда албатта россияликлар назарда тутилмоқда, бироқ, бу ҳудудда қолган юз минглаб руслар гуманитар таназзул таҳдиди остида қолишлиги Россия сиёсатчиларини қизиқтирмаяпти. Бундан 15 йил аввал россияликларга ватандош бўлган ва шу кунларда БТРлар қуршовида қолган Андижонлик руслар тақдири тўғрисида бир оғиз сўз айтилмаяпти. Аммо тез кунларда Россиянинг барча шаҳарларида паспорт режимини бузганлиги учун жарима тўлашга мажбур қилинадиган, ўз уйларини арзон-гаровга сотиб кетган рус мигрантлари пайдо бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Ўзбекистонда қолганлар эса исломчиликнинг яшил байроғи остида бўлгани учун ҳам рад этилаётган аксилкаримовчилик ҳаракати ёхуд ўз руҳиятларига зид бўлган полиция давлатининг ўч олиш тизимидан бирини танлашга мажбур бўладилар.