08:21 msk, 23 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкентдаги “Coscom” суд қарорига кўра ўчирилган. Рақиблар ўзларида йўқ хурсандлар

08.02.2007 11:07 msk

Ўз ахб. (Тошкент)

2007 йилнинг 5 ферваль куни фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг “Coscom” уяли алоқа оператори лицензиясини тўхтатиб қўйишни бекор қилиш ҳақидаги қарорини бекор қилди. Шундай қилиб, юқори инстанция суди Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг (ЎзААА) уяли алоқа хизматларини кўрсатишдаги техник узилишларда айбланаётган, Ўзбекистонда катталиги жиҳатдан учинчи бўлган GSM-оператор лицензиясини тўхтатиш ҳақидаги қарорини тўғри деб топган.

ЎзААА лизенция бериш бўлими бошлиғи Альмира Гатаулина аввалги инстанция суди қарори бекор қилинганидан кейин ЎзААА буйруғи ўз-ўзидан қайта амал қила бошлашини маълум қилган. Айнан шунинг учун ҳам, унга кўра, 378 минг мижозга хизмат кўрсатувчи “Coscom” тармоғи 7 февраль куни ўчириб қўйилган.

Маълумки, “Coscom” ҚКнинг 87 фоиз акциялари бугунги кунда Американинг “МСТ Corp.” ширкатига тегишли бўлиб ҳисобланади. “2006 йил сентябрида “Coscom”ни Россиянинг “Мегафон” оператори сотиб олмоқчи бўлган”.

Бир ҳафта аввал ЎзААА икки соатга алоқа узилганлигини баҳона қилиб, “Coscom” лицензиясини 5 февралдан 15 февралгача тўхтатиб қўйган.

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманлараро суди бу қарорни нотўғри деб топиб, уни бекор қилган, бироқ ЎзААА бу қарорга қарши норозилик билдирган ва душанба куни Тошкент шаҳар суди ЎзААА қарорини ўз кучида қолдириб, биринчи инстанция судининг қарорини бекор қилган.

* * *

“Coscom” уяли алоқа оператори хизматларининг дафъатан тўхтатиб қўйилиши Тошкентдаги минглаб одамларни эсанкиратиб қўйди. Қарийб тўрт юз минг ўзбекистонликнинг телефонлари жим бўлиб қолган чоршанба куни эрталабки соат 11 гача “Coscom” мижозларининг кўпчилиги ширкатнинг давлат назорат идоралари билан бўлган зиддияти қай бир тарзда мизожларда аксланиши мумкинлигига ишонмаган эдилар. Одамлар, одатдагидек, расмийларнинг айни иш ҳафтаси ўртасида уларни ўн кунга оператив алоқадан маҳрум қилиб қўйишларини хаёлларига ҳам келтирмай, учрашувлар ва хизмат сафарларини режалаштираётгандилар.

Алоқани ўчириб қўйиш аввалдан огоҳлантиришсиз амалга оширилган, мижозлар эса вақт ва пул йўқотиб, зудлик билан Ўзбекистон ҳудудида ишлаётган бошқа операторларга мурожаат қилишга мажбур бўлганлар. Бу бошқа уяли алоқа ширкатлар пакетларига бўлган талабнинг кескин ошиб кетишига сабаб бўлган, ногаҳоний бахтга сазовор бўлган “Coscom” рақиблари мижозларга хизмат кўрсатишга улгуролмай қолганлар. Соат 14 дан кейин Тошкентнинг Чилонзор мавзесидаги вақтли тарификация карточкалари сотадиган кичик пунктларнинг кўпчилигида ишлайдиган сотувчилар бўш рақамлар йўқлиги сабабли янги мижозларни тармоққа улашнинг иложи йўқлигини айтишган. Қатортол кўчасидаги МТС хизмат кўрсатиш пунктларидан бирида “Фарғона.Ру” АА мухбирига сотувда фақат битта рақам қолганини хурсандчилик билан маълум қилганлар. Бу рақамни ўн дақиқа ичида ишга тушириб берганлар, аммо кейинроқ тармоқдаги каналларнинг доимий бандлиги туфайли вақти-вақти билан узилишлар бўлиб турган.

Аснода, тезкор сўров натижаларига кўра, гарчи фойдаланувчиларнинг кўпчилиги вазият тақазосига кўра бошқа операторлар пакетларини сотиб олишга мажбур бўлган бўлсалар-да, бундан кейин ҳам эски рақамлардан фойдаланишдан воз кечмоқчи эмаслар. Улар юқори даражада хизмат кўрсатиши билан ном қозонган “Coscom” уяли алоқа хизматининг тикланишига умид қилишиб, SIM-карталарини сақлаб қўйганлар. Тошкентликлар орасида юрган миш-мишларга кўра, “Coscom” тармоққа қайтганидан кейин мижозларга товон сифатида анчагина текин вақт тақдим этилармиш. Бунда ширкат хўжайинининг ким бўлиши мижозларни унча ташвишга солмаяпти.



 

Реклама