16:15 msk, 18 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

“Ҳокимият тимсоллари”. Бухоро вилоятининг “умри узоқ” ҳокими ҳақида икки оғиз сўз

07.02.2007 18:19 msk

Ўз ахб.

Ўзбекистондаги Самарқанд шаҳри мэри ҳақидаги кичик мақола билан биз “Ҳокимият тимсоллари” рукнини очган эдик. Бироқ ўзбекистонлик мансабдорлар ҳақида ахборот йиғиш тақдир этилмайдиган ва анча мушкул иш чиқиб қолди. Шунга қарамай, бугун биз Бухоро вилоят ҳокими Самойдин Ҳусенов ҳақидаги мақолани чоп қилмоқдамиз. Ҳокимият вакиллари ҳақидаги ҳатто унча кўп бўлмаган маълумотлар ҳам ҳамкасб журналистларга-да, Интернетдан фойдаланувчи кенг оммага-да фойдали бўлади, деб умид қиламиз.

Умри узоқлар орасидаги чемпион

Ҳар куни эрталаб унча кўзга ташланмайдиган ўрта бўйли бу киши Бухоронинг Шимолий мавзеидан хизмат автомобилида шаҳар марказига кириб келади. У ҳар томонлама қўриқланадиган ўн икки қаватли кулранг маъмурий бинога йўл олади. Бу Бухоро вилоят ҳокимининг қароргоҳи бўлиб ҳисобланади. Кулранг костюмдаги камсуқум киши эса вилоят маъмуриятининг мўътабар раҳбари Самойдин Ҳусеновдир.

Бухоро вилояти аҳолиси маҳаллий телеканаллар орқали ўз ҳокимларини тез-тез кўриб турадилар: гоҳ ҳокимнинг қаердадир тасма қирқаётгани, гоҳ қаердадир табрик нутқи ирод қилаётганини кўрсатадилар. Самойдин Ҳусенов Ўзбекистон сиёсий Олимпида узоқ қололганлар ичида чемпион бўлиб ҳисобланади, у ўз лавозимини 1996 йилдан бери эгаллаб келмоқда! Бироқ Ўзбекистондаги бошқа кўплаб давлат мансабдорлари каби С. Ҳусенов ҳақида кенг жамоатчиликка кўп нарса маълум эмас.

2007 йилнинг январь ойи мобайнида Бухоро вилоят ҳокими Самойдин Ҳусенов вилоятдаги учта йирик олийгоҳ – Технологик институт, Тиббиёт институти, Давлат университети талабалари билан учрашган. Вилоят раҳбари билан бўлган суҳбат чоғида турли-туман саволлар берганлар. Қайд этиш жоизки, бу каби учрашувларни вилоят ҳокими ўн йиллик иши мобайнида биринчи маротаба ўтказмоқда.
Ҳоким журналистларга эркин интервьюлар бермайди, шов-шувли баёнотлар билан чиқмайди. Ҳойнаҳой, дамдузлик ва босиқлик унинг характеридаги асосий жиҳатлар бўлса керак. Ҳатто “партия-хўжалик фаоллари” мажлисларида ҳам вилоят раҳбари бошқа юқори лавозимли мансабдорлар каби ўз тобеъларини чапаничасига сўкмаслигини айтадилар. Агар асос бўлса, зарур одамларни албатта танқид қилади, аммо аҳлоқ доирасидан чиқмайди.

“Кучли хўжалик бошқарувчиси”

Бутун ўн йил давомида Бухоро вилоятида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича ишлар давом этиб келди. Шунингдек, 1999 йилда бошланган чекка жойлардаги ўрмонларни кесиш иши ҳам ҳозиргача давом эттирилмоқда. Ҳусенов ҳукмронлиги йилларида Бухорода вип-шахслар учун қароргоҳ, 2004 йилнинг ноябрь ойида икки президент – Ислом Каримов ва марҳум Сапармурод Ниёзов учрашуви бўлиб ўтган мажмуа қурилган.

Бухоро вилоят ҳокими Самойдин Қосимович Ҳусенов ойнинг фақат икки жумасида одамларни қабул қилади. Аммо ҳоким олдига ўз муаммолари билан киришга муяссар бўлган бухороликларнинг гувоҳлик беришларича, вилоят раҳбари ҳукмронлик қилган ўн йил ичида у билан бирор маротаба ҳам учраша олмаганлар. Ҳар сафар аризачиларни “кулранг уй”нинг бошқа ходимлари қабул қилганлар.
Вилоят ҳокими Ҳусенов ҳукмронлиги даврида вилоятда жуда кўп йўллар, марказий автойўл қурилган. Бундан ташқари, кўприклар барпо қилинган, диагностика маркази фойдаланишга топширилган, кўплаб арча кўчатлари ўтқазилган.

Ўн йил мобайнида ҳоким Ҳусенов пахта етиштиришга катта эътибор қаратиб келаяпти. Шунинг учун ҳам у тез-тез селектор кенгашлари ўтказиб туради ёки пахта далаларига чиқиб туради.

Ҳусенов ҳокимиятга қандай келган?

Ҳусеновнинг ҳокимиятга келиши “қора тойчоқ” тарихига ўхшайди. Собиқ ҳоким Мавлон Раҳмонов истеъфосидан кейин президент Ислом Каримов ўзи билан Тошкентдан атай олиб келган С. Ҳусеновни Бухоро вилояти аҳлига тавсия қилишга қарор қилган. Расмий маълумотга кўра, С. Ҳусенов бир муддат вилоят ҳокимининг ўринбосари бўлиб ишлаган. Бироқ ўша йиллари у мутлақо сояда турган, шундай экан унинг “вилоят олимпига кўтарилиши” ҳамма учун кутилмаган воқеа бўлган.

“Босиқ феълли киши” – унинг яқинлари унга ана шундай таъриф берадилар. Аммо характери тўғри келмаган одамни дарров ишдан олади. Унинг кўп муовинлари – вилоят ҳокимининг биринчи муовини Исмоил Фозилов, муовинлари Ҳамид Равшанов, Мизроб Буронов, Нуриддин Очилов ҳамда бошқа кўплаб ташкилот ва корхона раҳбарлари раҳбарлик лавозимларидан бўшатилганлар.

Бухоро вилоятидаги асосий раҳбарлик лавозимларига бировларни тайинлаш ҳам ҳокимнинг қатъий буйруғига кўра амалга оширилади. Масалан, вилоятдаги энг йирик корхоналардан бири бўлмиш “Бухоротекс”нинг раҳбари Шукрулло Давиров ҳам шу зайл ишдан олинган.

Бухоро вилоятидаги воқеалар

Охирги йилларда Бухоро вилоятида содир бўлаётган кўплаб шов-шувли воқеаларга қарамай, ҳоким Ҳусенов ўз лавозимида қолмоқда.

Ромитан, 2004 йилнинг март –апрель ойлари. Расмий маълумотларга кўра, вилоятдаги Ромитан туманининг Қаҳрамон қишлоғи аҳли ясама портловчи моддалар тайёрлаш билан шуғулланганлар. Уларнинг эҳтиётсизлиги оқибатида портлаш содир бўлган, шу билан бир неча йирик террорчилик ҳуружларининг олди олинган. Бу иш юзасидан Бухоро вилоятида бир неча ўн киши судланган.

“Қораев иши”, 1999 йил декабрь ойи. Қораевлар оиласи иши жаҳоннинг энг йирик оммавий ахборот воситалари томонидан ёритилган. Қораевлар ўз уйларида бухороликларни ўлдиришиб, одам аъзоларини чет элга сотиш билан шуғулланганлар.

Митинглар ва пикетлар. 2006 йилнинг ўзидаёқ Бухоро вилоятининг Жондор ва Ғиждувон туманлари аҳолиси расмийлар ҳатти-ҳаракатларига норозилик намойиши ўлароқ икки марта автомобиль йўлини тўсиб қўйганлар. Фақат вилоят раҳбари шахсан келиб, ҳамма ишни текшириб чиқиш тўғрисида ваъда берганидан кейингина одамлар тарқалганлар. Бухоро вилоят ҳокимияти биноси қаршисида ҳам бир нечта митинг бўлиб ўтган. Норозилик намойишларининг сабаблари ҳар хил эди: бир сафар автойўл қурилаётган жойдаги уйларнинг бузилишига қарши, бошқа сафар Хўжа Исмат Бухорий қадамжосидаги қурулишга қарши, яна бир сафар эса деҳқонларга ойлик маош тўланмаётганига қарши норозилик билдирилганди...

Оила ва уй

Бухоро вилояти раҳбари Самойдин Ҳусенов Бухородаги “Қизил дала-ҳовли” яқинида ҳашаматли уйга эга. Бухоро вилоятидаги биринчи шахс ўз икки қаватли уйини қурган бу жой болалар боғчаси қурилиши учун мўлжалланганди.

Расмий таржимаи ҳол

Ҳусенов Самойдин Қосимович – 1946 йили Бухоро шаҳрида туғилган. Олий маълумотли. Тошкент Политехника институтини тамомлаган. Мутахассислиги - муҳандис-механик.

Иш фаолиятини 1963 йилда Бухоро ипак ўраш фабрикасида мутахассисликдан бошлаган. Бу фабрикада 1971 йилгача ишлаган. Таъмирчилик цехида бошлиқ ўринбосари бўлган. 1971 йилдан 1986 йилгача партия органларида ишлаган. 1986 йилдан бошлаб Бухоро вилоят ижроия комитети раис ўринбосари, режа комиссияси раиси бўлиб ишлаган. 1992-1994 йиллари Бухоро вилоят ҳокимининг муовини, иқтисодиёт ва статистика бош бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган.

Икки йил мобайнида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида ўринбосарлик қилган. 1996 йилдан бери Бухоро вилоят ҳокими лавозимини эгаллаб келмоқда. 2005 йил январида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига аъзо этиб сайланган.

“Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган. Ҳусенов икки марта “Ўзбекистон қаҳрамони” мукофотига кўрсатилган. Бироқ ҳалигача бу унвонни ололмаган.

Бухоро вилоят ҳокимияти манзили:
705018, Иброҳим Мўминов кўчаси, 1
Телефон:+99865224-41-10
Факс:+99865223-05-95
Email:info@buxoro.uz
Веб сайт: www.bukhara.gov.uz
2006 йилда Бухорода тиббий диагностика маркази фойдаланишга топширилган. Ҳозирча тасдиқланмаган маълумотларга кўра, у келажакда хусусийлаштирилиши ва пировардида ҳокимнинг рафиқасига ўтиши ҳисобга олинган ҳолда барпо этилган. Бухоро вилояти раҳбарининг рафиқаси ва оила аъзолари давлат рақами 200 бўлган “Espero” русумли хизмат машинасида юрадилар. Дарвоқе, Ҳусеновнинг ҳамма машиналарининг (хизмат автомашиналари назарда тутилмоқда) давлат рақами 200 дир. Аввал губернатор “Espero”да юрарди, охирги уч йилдан буён эса оппоқ жипда юрибди. Ҳокимнинг ўғиллари Бухорода йирик бизнесга эгалар. 2006 йилда улардан бири “Уздэу” автомобиллар салонини очган. Сўнгги йилларда Бухорода эски дарахтлар ёппасига йўқ қилиниб, улар ўрнига арча кўчатлари ўтқазилмоқда. Бу кўчатларни ҳам вилоят раҳбарининг қариндошларидан бири олиб келади. Ҳоким эса барча корхоналарга бу “арча”ларни анча юқори баҳода сотиб олишни буюради. Икки йил аввал С. Ҳусеновнинг пахта бизнеси билан шуғулланаётган ўғилларидан бирининг иши республика Миллий хавфсизлик хизмати ўтказган терговга тушган. Айтишларича, ҳоким ишни “бости-бости” қилиб юборган. Губернаторнинг иккинчи ўғли Бухородаги “Асакабанк” кредит бўлимининг бошлиғи бўлиб ишлайди.

Нима деса десинлар?

Амалдорларнинг журналистлар билан мулоқот қилмасликлари сабабли жамоатчилик кўпинча миш-мишлар билан озиқланади. Бухороликлар бизга айтиб берган нарсаларнинг уйдирма эмас, ҳақиқат эканига ишониш қийин. Айтишларича, Ҳусеновлар оиласи вилоят раҳбари номини орқа қилиб, бугунги кунда Бухородаги савдо нуқталари ва кўчмас мулкка эга бўлиб олганлар. Биргина Бухоро шаҳрининг ўзидаёқ вилоят маъмурияти бошлиғининг биродари Завқиддин Ҳусеновга “Шарқ” мавзесидаги озиқ-овқат бозори ҳамда иккита АЁҚШ қарар экан. Бундан ташқари, Ҳусеновлар маҳаллий тадбиркор Фазлиддин Жалиловни шаҳарда машҳур бўлган “Шарқ люкс” ресторанини уларга сотишга мажбур қилганлар. Бугунги кунда бу ресторан “Висол” деб аталади, у вилоят ҳокимининг жияни номига қўйилган (Висол Ҳусенов - Завқиддин Ҳусеновнинг ўғли). Бу ресторан ёнида “Ҳусеновлар супермаркети” жойлашган. Маҳаллий тадбиркорларга кўра, Ҳусеновлар оиласи вакиллари шаҳар ва вилоятдаги яхши ривожланган барча нуқталарни сотиб олишга уринмоқдалар.

Бу эса бизга С. Ҳусенов ҳақида шаҳарликлар томонидан кўчанинг ўзида айтиб берган миш-мишлардир: “Ҳусенов қанақадир баёнотлар берадиган Жириновский эмас. У ўз ишини бажараяпти, вилоятга раҳбарлик қилаяпти. Бу осон иш эмас. Аммо мен, гарчи кўриниши камтарона бўлса-да, пули жуда кўп, деб эшитганман. Унинг ўғли Бухорода жуда машҳур”. “Мен “Бухоро” ўйингоҳига тақдим этилган ўтирғичларни айирбошлаш натижаси, деб эшитганман. Бу курсиларни араб шайхи совға қилганмиш. Уларнинг сони эса 20 мингга яқин эди. Ўзингиз тушунасиз, бу катта пул. Айтишларича, бунинг эвазига Ҳусенов шайхга Бухоро жайронларини овлашни таклиф қилган экан. Агар ҳар бир жайрон учун катта пул тўлаётган бўлса, ов қилаверсин. Фақат бундан вилоят фойда кўраяптими ёки Ҳусеновми – шунисини билмайман”.