11:10 msk, 21 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон собиқ бош вазири Феликс Қулов қаерга кетади?

07.02.2007 13:00 msk

Феликс Кулов. Фото ИА Фергана.Ру
Феликс Кулов ва Фарғона.Ру галереясидаги бошқа портретлар – Қирғизистон
Ўтган йилнинг 19 декабрь куни Феликс Қулов ихтиёрий равишда истеъфога кетганидан кейин парламентда унинг номзоди қайта тасдиқланмагач, “Қулов президент Бакиевга нисбатан мухолифатга ўтадими?” деган савол қирғизистонлик сиёсатчилар ва сиёсатшунослар учун асосий саволга айланди.

Қуловнинг мухолифатга ўтиши мумкинлигини президент унинг номзодини Жўғўрқу Кенешга (Қирғизистон парламентига) учинчи маротаба тасдиқлаш учун юбориш нияти йўқлигини собиқ бош вазирнинг ўзи билмаганлиги билан изоҳлайдилар. Ҳатто президент Бакиев бош вазир лавозимига бошқа кишининг номзодини кўрсатишга қарор қилгани ҳақида эълон қилган пайтда ҳам Қулов очиқдан-очиқ ўз номзодини учинчи марта парламентда тасдиқлатиш учун киритишни илтимос қилган. Собиқ бош вазирнинг “тандем” бўйича сафдоши – президент Бакиевдан ҳафа бўлганини президентнинг бош вазир лавозимига янги номзодни киритиш қарорига нисбатан унинг изоҳи ҳам айтиб турибди: “Эркакча сўзда турмаган киши ҳақида нима ҳам дея олардим?”, - деганди ўша пайтда Қулов.

Бу жумла, нима қилиб бўлса-да, Қуловни бош вазир лавозимига қайтариш ҳақида Бакиев ва Қулов ўртасида келишув бўлганлигидан далолат беради. Бу ҳақда парламентдаги биринчи муваффақиятсизликдан кейин Феликс Қуловнинг ўзи ҳам билдирганди: “Биз президент билан шунақа бўлишини кутгандик, ҳукумат истеъфосидан кейин депутатларнинг ўз курсилари учун қўрқишлари ҳам вазиятга таъсир қилди. Аммо президент ижобий натижага эришилмагунича менинг номзодимни қайта-қайта киритаверишга ваъда берган”.

Ҳақиқатан ҳам, президентнинг Қуловни бош вазир номзодига тиклаш бўйича ҳатти-ҳаракатлари ҳукумат истеъфоси парламентга вазирлар маҳкамасини тузишга имкон берувчи янги, “мухолифат” Конституцияси шароитида содир бўлганлиги ҳисобга олинадиган бўлса, мантиққа мувофиқ эди. Айнан Қулов бошчилигидаги ҳукуматнинг истеъфоси Жўғўрқу Кенешни тарқатилиш хавфи остида янги, Бакиев учун фойдали Конституцияни қабул қилишга мажбур этганди.

Феликс Қуловнинг Қурмонбек Бакиевдан ҳафа бўлишига, ҳақиқатан ҳам, анча сабаблар бор эди. Эслатиб ўтамиз, 2005 йилда бўлиб ўтган “март инқилоби”дан кейиноқ икки лидер орасида Қурмонбек Бакиев президентлик сайловларида ғалаба қозонган тақдирда, Феликс Қуловга бош вазирлик лавозими кафолатланиши ҳақида битим имзоланганди. Энг асосийси – битимда тандем иштирокчиларидан бири лавозимдан кетган тақдирда иккинчисининг ҳам ишдан кетиши кўрсатилганди. Охирги воқеалардан кўриниб турибдики, Қурмонбек Бакиев тандем шартларини бир томонлама бузган.

Агар Феликс Қулов барибир президентдан ҳафа бўлди, деб ҳисобланса, собиқ бош вазир амалга ошириши мумкин бўлган камида икки хил йўл бор.

Биринчиси – мавжуд мухолифат сафларига қўшилиш. Бироқ ҳозирги мухолифатнинг принципиаллиги анча шубҳали экани ҳисобга олинадиган бўлса, бу вариантнинг амалга ошиш эҳтимоли кам. Президент рақиблари қароргоҳидагилар ҳар хил тоифадаги одамлардир. Интеллектуал Ўмурбек Текебаев билан тадбиркор Ўмурбек Бабановнинг ёки КГБнинг собиқ полковниги Қубатбек Байбўлов билан журналист Мелис Эшимкановнинг ўртасида қанақа умумийлик бўлиши мумкин? Бу ерда мухолифатнинг ноябрь ойида Бишкекда ўтказган митинглари чоғида Феликс Қулов мухолифатчилар кутганларига зид равишда уларга қўшилиб кетмаганлигини ҳам эътиборга олиш зарур.

Қулов учун иккинчи муҳтамал йўл – президентлик сайловларида ғалаба қозонишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган мухтор сиёсий “ҳаракат”дир. Аслини олганда, содир бўлган воқеанинг нима учун содир бўлганлиги тушунарли бўлиб қолди. Шарқ халқларида “икки қўчқорнинг боши бир қозонда қайнамас” деган мақол бўлиб, бу икки кучли сиёсатчининг “биринчи рақамли” ва “иккинчи рақамли” лавозимларда ишлай олмаслигини аниқ ифода этади. “Иккинчи рақамли” доим “биринчи”га қараб туради, “биринчи рақамли” эса ҳар доим “иккинчи рақамли”дан хавфсираб юради. Тандем тузилган пайтда асосланилган мувозанатни сақлаш тамойилига билдирилган умидлар пуч бўлиб чиқди. “Биринчи рақамли” “иккинчи рақамли”дан қутулди. Аммо бу кўпга бормаса керак.

Албатта, учинчи вариантни – Феликс Қуловнинг сиёсатдан батамом кетишини ҳам истисно қилиб бўлмайди. Аммо бу вариант энг шубҳали вариантдир.



 

Реклама