23:11 msk, 19 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Вазирликлар ва давлат комитетлари миқдори бўйича Қирғизистон жаҳон мамлакатларининг биринчи ўнлигига кириб қолиши мумкин

06.02.2007 09:36 msk

Халид Валидов (Бишкек)

Агар Жўғўрқу Кенеш (Қирғизистон парламенти) президент томонидан таклиф қилинган ҳукумат структурасини тасдиқлайдиган бўлса, бу республика Вазирлар ва давлат комитетлари миқдори бўйича ХХР, Ҳиндистон, Туркия ва бошқа қатор давлатлар каби жаҳон мамлакатлари биринчи ўнлигига кириб қолиши мумкин.

Депутатларнинг бир нечтаси иккинчи марта кўриб чиқиш учун таклиф қилинаётган ҳукумат структурасини яна бир бор танқид қилдилар. Депутат Қанибек Иманалиевга кўра, ҳукуматнинг самарали структурасини яратиш учун шу пайтгача ишлаган барча вазирликлар, давлат комитетлари ва давлат агентликларини инвентаризация қилиш кифоя.

Айрим депутатлар айтарли иқтисодий тараққиётга эришолмаётган ва улкан бюжет танқислигига эга бўлган мамлакат бу қадар кўп вазирликлар ва маҳкамаларга эга бўлолмайди, дея тахмин қиладилар. Қайд этиш жоизки, бу республикада ҳар бир давлат комитети барча ўлчамларга кўра вазирликка тенг келади. Шундай қилиб, айтайлик, улкан ҳудуд ва кўп сонли аҳолига эга бўлган қўшни Қозоғистон 16 вазирликка, Ўзбекистон эса 13 та вазирликка эга бўлгани ҳолда, Қирғизистонда вазирликлар сони 19 тага етиши мумкин. Ҳатто Ҳиндистонда ҳам вазирликлар сони 18 та.

Қирғизистон иқтисодиёти таҳлилий марказининг директори Сапар Ўрўзбаков “мамлакатдаги иқтисодий бўҳроннинг сабабларидан бири бу ерда давлат аппаратининг социализм давридагидек ғўдайганлигича қолаётганидир”, деб ҳисоблайди.

Республикани бошқариш аппарати бошқаришнинг ҳар хил турларидан фойдаланувчи бошқа мамлакатлардан ўйлаб ўтирилмасдан тузилмалар кўчириш ҳисобига ошиб бораётганлиги билан характерланади. Масалан, бу ерда АҚШдаги каби давлат котиби; Россиядаги каби Хавфсизлик кенгаши; айрим Ғарб мамлакатларидаги каби Конституцион суд мавжуд. Шу тариқа, мамлакатда ички мантиқдан маҳрум бўлган давлат бошқарувининг эклектик модели юзага келган.

Бошқа томондан эса маҳаллий сиёсатшунослар мамлакатда ҳали ихчам, аммо самарали тарзда ишлаши мумкин бўлган бошқарув аппаратини яратиш учун сиёсий замин йўқлигини қайд этадилар. Бу шарт-шароит конституцион ислоҳот чоғида яратилиши керак эди, аммо бу Қирғизистонда содир бўлмади.

Республикада бошқарувнинг парламент шаклига ўтиш билан президент маъмурияти ва ҳукумат аппаратининг ҳозирги кундаги шаклига эҳтиёж қолмайди, дея тахмин қилинаётганди.

Мамлакат ҳукуматининг янги структурасини қабул қилиш бўйича Жўғўрқу Кенеш (Қирғизистон парламенти) депутатлари 6 февраль куни овоз берадилар.



 

Реклама