15:12 msk, 23 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбек мухолифати учун янги ғоя: “Қиличларни эритиб, омочга тиш қуяйлик”

05.02.2007 22:34 msk

Пўлат Охунов

Ефрем Лукацкий фотоси, Андижон, 13 май 2005 йил

Ўзбекистон учун инқилобий йўлнинг истиқболи йўқ. “Бирлик” Халқ Ҳаракати раҳбарларидан бири Пўлат Охунов ана шундай тезисни олға суради. Веб-сайтимизда эксклюзив тарзда чоп этиш учун тақдим этилган таҳлилий мақола партия манифестини эмас, П. Охуновнинг шахсий мулоҳазасини акс эттиради. Биз мухолифатдаги кўзга кўринган сиёсатчининг фикри баҳс-мунозараларга сабаб бўлса керак, дея тахмин қиламиз. “Фарғона.Ру” АА таҳририяти баҳсни давом эттириш учун бажонидил майдон тақдим этишга тайёр.

* * *

Ўзбек мухолифати доираларида талотум бошланди: “Каримовнинг жиноий режими” билан тил бириктирганликда гумон қилинган “хоинлар” лаънатланаяптилар, муваққат иттифоқлар, комиссиялар ва комитетлар тузилаяпти, Каримовни ағдариб ташлаш, режимнинг барча малайларини жазолаш ваъда қилинмоқда. Бу фаоллик бу йил бўлиши кутилаётган президент сайловларини эътиборга олган ҳолда юзага чиққан.

Кимдан ўрнак олиш керак

Фаолларнинг бир қисми нафратга тўлиб тошганлар: улар қасос кунини орзиқиб кутаяптилар. Ироқдаги воқеалар ва Саддам Ҳусайн тақдири билан Ўзбекистонни кўтаринки руҳда солиштираётган бу одамлар ўзларини бўлажак Нури ал-Маликий ёки Жалол Талабоний (Ироқ бош вазири ва президенти) деб ҳисоблайдилар. Аснода Ироқ қандай ҳаракат қилмаслигимиз учун бизга намуна бўла олади.

Ушбу мақола муаллифи ҳақида:

Пўлат Охунов, СССР Олий Кенгашининг собиқ депутати, “Бирлик” Халқ Ҳаракати раис ўринбосари
Афсуски, “янги Ироқ” қурувчилари зўравонлик ва қасос йўлини танладилар. Саддам Ҳусайннинг қатл этилиши миллий ярашув ҳақида унутиш кераклигини кўрсатди. У ерда ғолиблар шодиёнаси бошланди. Энди улар мағлубларни (Ҳусайн тарафдорлари, суннийлар, Америка истилосига қарши бўлганларни) куч билан ўз иродасига бўйсунишга мажбур қиладилар. У ердаги зўравонлик усуллари Саддам даврида қандай бўлса, шундайлигича қолди, фақат аввал зўравонлик курдлар ва шиаларга қарши ишлатиларди, энди улар ўз ролларини алмаштирдилар.

“Янги” Ироқ тарафдорлари ва душманлари ўртасидаги “ҳисоб-китоб” натижаси очиқ-ойдин кўриниб турибди – ҳар куни тинч аҳоли ҳалок бўлаяпти. Шу билан бирга, жанг қилаётган ҳар иккала томон ҳам Ироқ халқи манфаатлари йўлида ҳаракат қилаётганини билдирмоқда. Зўравонлик зўравонлик туғдиради, қасос қасосни чақиради.

Биз Ўзбекистоннинг келажаги ана шундай бўлишини истаймизми? Биз ана ўшалардан ўрнак олишимиз керакми?

Мен, агар бировдан ўрнак олишимиз лозим бўлса, ўз эътиқоди учун йигирма олти йил қамоқда ўтирган, қамоқхонадан чиққанидан кейин эса душманларидан қасд олишдан бош тортган дунёдаги энг машҳур ва ҳурматли сиёсатчидан ўрнак олишимиз керак, деб ҳисоблайман. Бунинг устига мамлакатга раҳбар этиб сайланганидан кейин у қарама-қарши томонларни яраштириш учун қўлидан келган барча ишни қилган. Бу сиёсатчи Жанубий Африка республикаси президенти Нельсон Манделадир. Президент Мандела ташаббусига кўра ташкил этилган “Ҳақиқат ва яраш комиссияси” мамлакатни зўравонлик ва фуқаролик урушидан сақлаб қололган. ЖАРнинг энг золим президентларидан бири Бота озодликда қолиб, 2006 йилнинг 30 октябрида 90 ёшда вафот этган.

Манделадан биз халқимиз фаровонлиги учун эски гиналарни эсдан чиқаришни ўрганишимиз керак. Мен буни мухолифат лидерлари ва фаолларининг бугунги кундаги ўзларини тутишлари болалар қумўйинига ўхшагани учун ёзаяпман. “Мен ўзбек халқи учун ҳамма нарсага тайёрман, аммо фалончи-писмадончилар билан ҳеч қачон бирга ишламайман!!!” Ёки “Мен ҳеч қачон Каримов режими билан диалогга ёки келишувга бормайман”, деганга ўхшаш баёнотларни олайлик. Айтинг-чи, бундан ўзбек халқига нима фойда бор?

Бугунги кунда келишмаслик энг катта савоб мақомига чиқарилган. Уни кўз-кўз қиладилар, унга ҳавас билан қарайдилар, уни қимматбаҳо гавҳар каби кўтариб юрадилар. Айниқса, ўзига тўқ хорижда яшовчи мухолифатчиларнинг “қулай келишмаслиги” фарқланиб туради: улар ўзларини жаҳон сиёсатининг маркази деб биладилар ва ўзларининг фақат виртуал оламда мавжудлигию Ўзбекистонда уларнинг борлигини билишни ҳам истамасликлари каби оддий нарсаларни ҳам тушуна олмайдилар. Ҳеч ким “келишмаслик сиёсати нима берди, мухолифат мушоҳада юритишни яхши кўрадиган халқ турмушини енгиллаштирдими?” деган саволга ҳаққоний жавобни беролмайди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари келишмовчи бўлсалар ярашади. Сиёсат эса, аксинча, қўйилган мақсадларга эришиш учун эҳтимолий йўллар қидиришни тақазо этади. Миллий ярашув учун, халқимизнинг келажаги учун мухолифат ўз ичидаги ишончсизлик ва ўзаро душманликни синдириши вақти келди. Ўзбекистон жамиятининг барча кучлари билан, шу жумладан, ҳукумат билан конструктив ҳамкорлик қилишга тайёр бўлиш вақти келди.

Биз, демократлар мамлакат тақдирини битта ўзимиз белгилашга даъвогарлик қилмаймиз. Аммо Ўзбекистон ислоҳотлар ва янгиланиш йўлида олға силжиши учун жамиятга таъсир ўтказишга бурчлимиз. Яратувчанлик ўрнига ҳокимият ва мухолифат ўртасида адоватни кучайтиришни давом эттириш, душманларни таъқиб қилиш, мамлакатни “ўз” ва “бегона”ларга ажратиш мудҳиш хато бўлади. Бу хато учун бизни кейин ҳеч ким кечирмаса керак.

Радикаллар тактикаси

Бундан ташқари, хатоларга йўл қўймаслик учун, биз мухолифат иш услубини қайта кўриб чиқишимиз ҳамда қайси йўлдан боришимизни аниқлаб олишимиз керак. Аммо мухолифатнинг истиқболдаги йўлларини муҳокама қилишга ўтишдан аввал “мухолифатнинг мақсади нима?” деган саволга жавоб бериб кетайлик.

Стратегик (узоқ муддатли) вазифалар юзасидан ҳаммаси тушунарли. Бу ҳақда мухолифатдаги партиялар дастурий ҳужжатларида “бозор иқтисодиётига асосланган, ҳокимият ваколатлари тақсимоти, матбуот эркинлиги ва ҳ. бўлган демократик, ҳуқуқий давлат барпо қилиш”, деб ёзилган. Ҳаракат тактикаси ҳақида гап бошланиши билан муаммолар пайдо бўла бошлайди. Мантиққа суяниладиган бўлса, узоқ муддатли мақсадларни тактик воситалар йиғиндиси белгилайди. Аммо шу ерда парадокс юзага чиқади: мақсад баён қилинган, аммо қандай воситалар ёрдамида курашиш кераклиги ҳақида ўзбек мухолифати тасаввурга эга эмас.

Албатта, у ҳаракатсиз тургани йўқ. Мухолифат Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари бузилиши юзасидан мониторинг олиб бормоқда. Оммавий ахборот воситалари орқали ҳукумат ва президентнинг ҳатти-ҳаракатларидаги хатоларни танқид қилаяпти. Республикадаги вазиятга жаҳон ҳамжамиятини эътиборини тортаяпти ва шу тариқа расмийларга босим ўтказаяпти. Бу жабҳада муваффақиятларга ҳам эришмоқда: кўпинча расмийлар чекинмоқдалар, хориждаги (ўзиникини эмас!) жамоатчиликни тинчлантириш учун айрим маҳбусларни озод қилмоқдалар ёки сохталаштирилган жиноий ишларни тўхтатмоқдалар.

Бу ишни, шубҳасиз, давом эттириш керак. Аммо вазият учи йўқотилган калавани эслатади: улар қамоққа тиқадилар, биз шовқин кўтарамиз, улар озод қиладилар. Кейин ҳаммаси қайтадан бошланади. Қаторасига ўн тўрт йилдан бери аҳвол шу. Мухолифат воқеалар ортидан кетмоқда. Бунақа тактика бизни стратегик мақсадга – ҳуқуқий демократик давлат қуришга яқинлаштирадими? Бунга шубҳа қиламан.

Мухолифатчиларнинг бир қисми расмийлар халқаро босимдан чарчагач, мухолифатдаги партияларнинг мамлакат ичида фаолият юритишларига рухсат беришга мажбур бўладилар, дея тахмин қиладилар. Турмуш бунинг пуч умид эканини кўрсатди. Сиёсий режимнинг бироз кучсизланиши фақат бир марта, у ҳам бўлса, мухолифат дахли бўлмаган сабабларга кўра содир бўлди. Ўзбекистонлик расмийлари Ўзбекистон аксилтеррорчилик коалиция қўшилганидан сўнг ва АҚШ билан стратегик ҳамкорлик ҳақида шартнома имзолаганидан кейин мухолифат фаоллигига панжа ортидан қарай бошладилар.

Бу заифлашув мухолифатчиларга анжуманлар ва қурултойлар ўтказиш имконини берди. “Бирлик” партияси рўйхатга олиниш учун талаб қилинган имзоларни тўплаш имкониятига эга бўлди (лекин барибир рўйхатга олинмади).

Халқаро босимнинг бу каби камтарона натижаларига қарамай, мухолифатнинг бир қисми ҳали ҳам “чет эл”га умид билан боқишда давом этмоқда.

Хўш, келинг, мухолифат бир мўъжиза юз бериб, Ватанга қайтиш ва легал тарзда ишлаш имкониятига эга бўлди, дея тасаввур ҳам қилиб кўрайлик. Табиийки, мухолифатдаги партиялар энг асосий мақсад – ҳокимият тепасига келиш мақсадини амалга оширишга киришадилар.

Бунда икки хил йўл бор. Биринчи йўл – тинч оммавий норозилик намойишлари орқали. Лидерлар ўн тўрт йиллик авторитар ҳукмронлик оқибатида Ўзбекистон аҳолисини ўта қашшоқ ҳолга келтирган мамлакат раҳбарияти сиёсатининг пучлигини фош қилиб чиқадилар. Норозилик намойишлари бутун мамлакат бўйлаб тарқалади ва аҳоли қўлловига эга бўлган демократик мухолифат мамлакат раҳбариятининг истеъфога чиқиши ҳамда муддатидан аввал парламент ва президентлик сайловларини ўтказишни талаб қилиб чиқади. Сайловларда, табиийки, демократик кучлар вакиллари ғолиб чиқадилар.

Мухолифатнинг бир қисми кейинги ҳатти-ҳаракатларни тахминан ана шундай тасаввур қилади. Лекин “А” дегандан кейин, “Б”ни ҳам айтиш керак. Бу каби ҳаракат режаси айрим шартларга риоя қилинишини талаб этади:

а) мухолифат ҳатти-ҳаракатлари мувофиқлаштирилган бўлиши шарт,

б) демократик мухолифатнинг лидери битта бўлиши керак,

в) халқ мухолифатнинг оммавий норозилик намойишлари ҳақидаги чақириғига жавоб бериши керак,

д) демократик мухолифат тинч норозилик намойишларининг зўравонлик ҳаракатларига айланиб кетишига йўл қўймаслиги лозим,

е) демократик мухолифат норозилик намойишлари ўтказиш чоғида ташаббусни диний экстремистлар ўз қўлларига олишларига ҳамда тинч намойишлар исломий мухолифатнинг расмийларга қарши қуролли чиқишларига айланиб кетишига йўл қўймаслиги керак.

Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Масалан, расмийлар мухолифат фаоллари ҳатти-ҳаракатларига нисбатан қандай муносабатда бўладилар? Улар мухолифатчиларнинг режаларини турмушга татбиқ этишга имкон берадиларми? Қўл остида милиция, армия ва МХХ бўлган расмийлар норозилик намойишлари бошланган пайтда қандай йўл тутадилар? Милиционерлар ва аскарлар одамларнинг йиғилишиб, норозилик намойиши ўтказишларини тинч кузатиб тура олармиканлар? Шу ўринда Ўзбекистонда бугунги кунда ҳар қандай кўча намойишлари маън қилиб қўйилганини эслатиш ортиқчалик қилмас, деб ўйлайман.

Шартлар рўйхатини давом эттириш мумкин. Фақат ҳақиқий аҳволдан узилиб қолган мухолифатчиларгина бу каби йўл билан натижаларга эриша бўлади, деб ўйлашлари мумкин. Устига устак, маълумки:

- мухолифатнинг ягона лидери йўқ ва кўп мухолифатчилар бир-бирларини президентни ёмон кўргандан ҳам кўра кўпроқ хушламайдилар,

- демократик мухолифат уюшмаган, оз сонли ва тарқоқдир,

- 14 йил ичида демократик мухолифат ва унинг лидерлари қўшма тадбирлар ўтказмаганлар, улар бир-бирлари билан ҳамкорлик қилиш у ёқда турсин, ҳатто ҳатти-ҳаракатларни мувофиқлаштириш юзасидан ҳам келиша олмадилар,

- демократик мухолифатда мамлакатни иқтисодий кризисдан олиб чиқиш дастури йўқ, шу билан бирга ҳукуматга ким келади, мухолифат қанақа кадрлар потенциалига эгалиги ҳам аниқ эмас,

- мухолифатчилар мамлакат сиёсий ҳаётида қарийб иштирок этмаганлар ва мухолифатнинг асосий қисмида давлат тузилмаларини бошқариш юзасидан на сиёсий ва на бошқа хил тажриба йўқ.

Хулоса – бу йўл утопик йўлдир. Бу йўлдан бориш мамлакатни хаос ва парчаланиш сари итаришни англатади. Бу йўл демократик мухолифат учун ўзини ўлдириш билан баробар ва мамлакатнинг демократик истиқболи учун ҳалокатлидир.

Мамлакат расмийлари мухолифатнинг қайтишидан (легаллашувидан) айнан шу сабабли чўчиётганига ҳайрон бўлиш шартмикин? У ҳолда мухолифат қандай йўл тутиши керак?

Нима қилмоқ керак

Бугунги кунда бизнинг заифлигимиз, оз сонли эканимиз ва уюшмаганимизни ҳисобга олсак, биз учун ҳокимият учун кураш биринчи ўринда бўлиши мумкин эмас. Биз учун, биринчи навбатда, ўз кучимизни эътиборга олган ҳолда, Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини яратишга қандай таъсир кўрсата олишимиз ҳақидаги масала туриши керак.

Бундан ташқари, тўғри йўлни танлаш учун биз Ўзбекистонда юзага келган вазият билан ҳисоблашишимизга тўғри келади. Ўн беш йил ичида мамлакатда юз минглаб одамлар жалб қилинган тизим, ўз молиявий-иқтисодий манфаатларига эга бўлган ҳудудий ва республика миқёсидаги гуруҳлар пайдо бўлди. Бугунги шароитда ўз бизнесини юритаётган анчагина бой одамлар бор, мухолифат ҳақида мутлақо эшитмаган ёшларнинг янги авлоди ўсиб-улғайди – бу ёшларнинг қадриятлари ва идеаллари бўлак. Бу одамлар яхши яшаганлари, пул топганлари ҳамда ўз ҳукумати ва президентига хизмат қилганлари учун жазо берадиган мухолифатни ёқлармиканлар? Биз икки нарсани тан олишимиз керак. Биринчиси: бугунги шароитда биз ўзимиз ҳам бошқаришга тайёр эмасмиз. Иккинчиси: бугунги шароитда ҳокимият тепасига чиқишимизга йўл қўймайдилар. Бу фактларни англаган ҳолда биз устивор йўналишларимиз ва шиорларимизни алмаштиришимиз керак. Энг асосий устивор йўналиш – ҳокимият учун курашдан бугунги босқичда фуқаролик жамиятини тузиш бўйича сермашаққат иш фойдасига воз кечишимизга тўғри келади.

Энг асосий мақсад ва устивор йўналиш Ўзбекистоннинг сиёсий майдонида демократик мухолифатни легаллаштириш бўлиши керак. Легал сиёсий кучга айланар эканмиз, биз ҳукуматга мухолиф бўлишдан воз кечмаслигимиз лозим. “Стратегик масалалар”да расмийлар билан ҳамкорлик қилган ҳолда, мухолифат “ҳокимиятни конструктив тарзда танқид қилиш” ҳуқуқини сақлаб қолади. Асосий мақсад ҳукуматга қарши ҳокимият учун кураш эмас, Ўзбекистонни қашшоқликдан олиб чиқиш муаммоси устида барча сиёсий кучлар билан ҳамкорликда ишлаш бўлиши керак.

Шу билан бирга демократларнинг янги сиёсати расмийлар ва мухолифат ўртасидаги мавжуд ишончсизлик ва адоватдан қутулишга ёрдам беради. Биз халқ ва расмийларга ўзимизнинг расмийларни ағдариб, ҳокимиятни эгаллаб олиш қасдида юрган фитначилар эмас, нормал одамлар эканлигимизни кўрсатиш имкониятига эга бўламиз. Биз ҳокимият ва мухолифатнинг биргаликда муроса қилиб яшай олиши мумкинлигини исботлашимиз мумкин. Биз ўзимизни ҳамма нарсадан ва ҳар бир кимсадан норози бўлган бақироқ ва танқидбоз эмаслигимизни исботлашимиз мумкин. Биз конструктив тарзда ишлашга қодирлигимиз ва иш билан фойда келтиришимиз мумкинлигини исботлашимиз мумкин. Биз ўз кадрларимиз ва мутахассисларимизни ўстириш имкониятига эга бўламиз. Биз аҳолини ўз мақсадларимиз билан таништириш имкониятига эга бўламиз. Бизга ишониш-ишонмасликни эса сайловчи ҳал қилсин.

Бу мухолифат учун иккинчи эҳтимолий йўлдир. Шиорлар ва иш услубини ўзгартириш тегишли ташкилий ишлар амалга оширилишини талаб қилади. Сир эмаски, асосий кучлар Тошкентда йиғилган. Вилоят марказларида фаолият юритаётган мухолифатдаги партиялар аъзолари бармоқ билан санарли даражада оз. Айнан шунинг учун ҳам мухолифат ҳокимиятга таъсир ўтказолмайди. Бундан келиб чиқадики, партия сафларини тўлдириш иш учун зарурий шартга айланади. Бу ерда янги шиорлар, бир томондан, мухолифатга хайрихоҳ бўлган , иккинчи томондан эса ўзини ва ўз яқинларини мухолифатнинг конфронтацион ва радикал сиёсатига қурбон қилишни истамаган кишиларни ўзига тортиши мумкин.

Мен куч ишлатиш усуллари билан ҳокимият учун курашга тайёр радикал демократларни маслаҳатимга қулоқ тутишга чақириш бефойда эканини тушунаман: уларни нафрат кўр қилиб қўйган ва улар менинг сўзларимни эшита олмайдилар. Бугунги кунда бизнинг йўлларимиз айри тушган. Радикаллар учун ғалаёнлар ва тўнтаришлар бўлиши зарур. Биз эса демократик Ўзбекистон қуриш бўйича ишни давом эттиришни истаймиз.