22:30 msk, 19 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Москвада “Муҳожирот сирлари ёки Тожикистонлик муҳожирлар фожеаси. Бундан ким манфаатдор?” ҳужжатли фильмининг тақдимоти бўлиб ўтди

02.02.2007 20:39 msk

Феруза Жоний

2007 йилнинг 30 январь куни Москвадаги миллатлар уйида “Муҳожирот сирлари ёки Тожикистонлик муҳожирлар фожеаси. Бундан ким манфаатдор?” ҳужжатли фильмининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимот “Тожик маданий маркази” (ТММ) регионал жамоатчилик бирлашмаси (РЖБ) ҳамда Россия Федерациясидаги Тожикистон Республикасидан келганларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан уюштирилган. Фильм уй шароитида, тегишли аппаратурасиз қилинган, у ҳаваскорлик даражасида суратга олинган. Аммо бу Россиядаги тожик муҳожирлари турмушининг ҳаққониятини ва фожеийлигини янада бўрттириброқ кўрсатади. ТММ кенгаши раисаси, Москва ҳукумати қошидаги КК Президиуми аъзоси Хуршеда Ҳамроқулованинг айтишича, “фильм муаллифлари қўлларидан келган ишни қилганлар. Улар буни қилмаслик мумкин бўлмагани учун қилганлар”.

Фильмни тасодифий кишилар суратга олмаганлар. “Тожик диаспораси” жамоатчилик ташкилотининг раҳбари Каромат Шарипов Москвадаги тожик меҳнат муҳожирлари ҳаёти ҳамда катта материал тўплаган, бу материалларнинг бир қисми ушбу фильм асосини ташкил қилган. Фильмнинг бутун студия ишини таъминлаган ҳаваскор тасвирчи Сергей Каленик эса ушбу фильм қаҳрамонларидан бири Дониёр Худоёровнинг озод қилиниши учун бир неча йил курашган. “ТВ Центр” каналида “Секретние материали” (“Маҳфий материаллар”) дастурининг раҳбари, форс тилини биладиган тележурналист Александр Горянов эса Дониёр ҳақида ТВЦда учта кўрсатув ҳозирлаган ва Худоёровни тергов қилган терговчи тележурналистни судга берганига қарамай, унинг озод қилиниши учун охиригача курашган.

Фильмда ўз вақтида кенг ёритилган фактлар йиғилган. Уларни битта фильмга жам қилган муаллифлар бугунги кунда, XXI асрда инсон қадри инсонни ҳимоя қилиши керак бўлган кишилар томонидан қай даража шафқатсизларча оёқости қилинаётгани ҳақида ҳикоя қилувчи воқеаларни кўрсатиб берганлар.

Бир лавҳада кунига йигирма беш рублдан ишлайдиган элликка яқин тожик мардикорлар яшайдиган уй кўрсатилади. Бошқасида эса 2006 йилнинг февраль ойида Хлебниково мева-сабзавот бозорида тўққиз йигит тириклайин куйиб кетган куйиб кетган уй кўрсатилади. Кейинги лавҳа милиционерлар томонидан ўрмонга олиб борилиб, зўрланган қиз ҳақидадир. Бахтга қарши, бунақа воқеалар оз эмас, аммо фақат шу қизгина ўзини хўрлаган “ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари” устидан судга арз қилиш ва уларни панжара ортига юбориш учун ўзида жасорат тополган...

Фильмда аэропортда муҳожирларнинг паспортлари тортиб олиниб, уларни минг рублдан қайтиб сотиб олишга мажбур қилишлари ҳақида, ДАН ходимлари мардикорлар тушган автомашиналардан киши бошига 1500 рублдан йиғишлари ҳақида, бозорда скинхедлар қора сочли йигитга ҳужум қилишиб, унинг ўн тўрт жойига пичоқ уриб, ниҳоят унинг кўктомирини кесиб, жуфтакни ростлаб қолганлари ҳақида, кўчада тожик аёлни тўхтатишиб, рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги маълумотномани йиртиб ташлаганлари, бу аёлнинг милицияда икки кун оч ўтирганию унинг қариндошлари ва дўстлари томонидан пора эвазига киритган озиқ-овқатлари тўнғиздан тўқ милиционерлар қўлида қолган ҳақида ҳикоя қилинади.

“Муҳожирот сирлари ёки Тожикистонлик муҳожирлар фожеаси” фильми Россиядаги меҳнат муҳожирларининг ҳақ-ҳуқуқсизлигини ҳамда амалдорлар ва “ҳуқуқ-тартибот органлари” дея аталувчиларнинг ғайриинсоний муносабатларини кўрсатувчи турли фактларга тўла.

Фильм номланишидаги “Бундан ким манфаатдор?” саволига қаҳрамонлардан бири тилидан жавоб олинади: “Бундан Тожикистон ҳукумати манфаатдор”. Шунга қарамай, бу савол очиқлигича қолган. Фильмни томоша қилиб бўлгач, сизни бошқа савол ўйлатиб қўяди – “нима қилмоқ керак?”

- Фильм мени ўкраб йиғлашга мажбур қилди, - дея эътироф этади Хуршеда Ҳамроқулова. – Фильмда гап менинг миллатдошларим ҳақида бораётгани учунигина эмас, лекин бу ҳам таъсир кўрсатган бўлиши мумкин. Бу фильм бизга - токи биз қонун ва ўзгалар эркини ҳурмат қилишга ўрганмас эканмиз, токи ўзимизнинг ва ўзгаларнинг қадр-қимматини қадрлашга ўрганмас эканмиз, токи ҳар қандай миллат вакилида энг аввало инсонни кўра олмас эканмиз – биз ҳеч нарсани ўргана олмаслигимизни, қуллар ва лаганбардорлар мамлакати бўлиб қолаверишимизни яна бир бор эслатади. Ҳатто ўзимизни уч карра демократик мамлакат дея овоза қилсак ҳам! Фильм муаллифларига ҳалол меҳнатлари учун ташаккур билдираман. Бироқ очиқ айтаман: улар фақат сир пардасини бироз кўтардилар, холос. Ҳақиқат эса янада мудҳишроқ ва жирканчроқдир.

Фильм ҳалок бўлганлар рўйхати билан якунланади. Бу ҳали охирги пайтларда ҳалок бўлганларнинг тўла рўйхати эмас. Улар урушда, касалликдан ёки кексаликдан ўлмадилар. Улар жамиятнинг бағритошлиги, амалдорларнинг бефарқлиги ва очкўзлиги туфайли нобуд бўлдилар.