22:58 msk, 21 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Туркманистонда Сардор жиноятларининг изларини йўқ қила бошладилар

02.02.2007 19:36 msk

Фарғона.Ру

Фото с сайта Dogryyol
Dogryyol сайтидан олинган сурат. Ўвадан-Депе қамоқхонаси ҳудудининг аэрофотографик тасвири
“Немис тўлқини” мухбирининг Туркманистондаги ўз манбасидан олган маълумотига кўра, Туркманистон расмийлари қамоқхоналар ва ёпиқ турдаги руҳий касалликлар шифохоналари тизимида ислоҳотлар ўтказиш ҳақида буйруқ берганлар, шунингдек, республикадаги энг қаттиқ қўриқланадиган қамоқхона – Ўвадан-Тепе қамоқхонасининг бир қатор блокларни бузиб ташлаш бўйича ишларни бошлаб юборганлар.

“Немис тўлқини” манбаси маълумотларига кўра, Туркманистон Хавфсизлик Кенгашида мамлакатнинг янги раҳбарияти “ халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар ва Ғарб томонидан бўлаётган босимларни камайтириш учун парда ортида “сиёсий” маҳбуслар ишини қайта кўриб чиқиш имкониятини истисно қилмаяпти”.

Бироқ, “Фарғона.Ру” АА тасарруфида бўлган маълумотларга кўра, бу мамлакатдаги режимнинг муқаррар либераллашуви ҳақида хулоса чиқаришга ҳали эрта. Туркманистонда содир бўлаётган воқеаларни 11 февраль кунига белгиланган янги давлат раҳбари сайловига тайёргарлик ўлароқ қабул қилса ҳам бўлади, лекин бунинг бошқача талқини ҳам бор. Нима бўлганда ҳам, “Туркманистондаги ўзгаришлар”дан дарак берувчи ҳар қандай кутилмаган умидбахш хабарлар жиддий текширувларни талаб қилади. Туркманистондаги ҳақиқий аҳвол шуни тақозо этади.

Хусусан, энг маҳфий ва ташқи дунёдан қарийб узиб қўйилган Ўвадан-Тепе қамоқхонасининг йўқ қилиниши ҳақидаги миш-мишлар Сапармурод Ниёзов вафот этиши биланоқ пайдо бўлганди. “Фарғона.Ру” АА экспертларининг фикрича, бу бир томондан ўзгаришлар соғинчи билан, бошқа томондан эса янги расмийларнинг пайт фойдаланиб, (энг аввало Ғарб ижтимоий-сиёсий доиралари кўз ўнгида) ўзгаришлар даври бошланганини кўрсатиш учун юритилаётган сиёсати тақозоси билан юзага келганди.

Маҳбуслар Туркманбошининг вафот этгани ҳақида билганларидан кейин (21 декабрь оқшомида) қамоқхонада содир бўлган воқеалар исён билан тугаган. Исёнда бу мудҳиш жойга келганига кўп бўлмаган ва озгина бўлса-да, ўзида қаршилик кўрсатиш салоҳиятини ҳамда Сардор вафотидан кейин озод бўлишга умидни сақлаб қололган кишилар кўпроқ фаоллик кўрсатганлар.

“Фарғона.Ру”нинг Туркманистондаги манбаси маълум қилишича, воқеада иштирок этганлар: “Ýatan ýeriň garaňky bolsun, Saparmurat Türkmenbaşy. Jähendem garşy alsyn seni” (“Ётган еринг зимистон бўлсин, Сапармурод Туркманбоши. Жаҳаннам қарши олсин сени”) дея қичқирганлар. Маъмурият томонидан кўрилган чоралар маҳбуслар орасида қурбонлар бўлишига олиб келган. Бу “маҳкумлар исёни”дан кейин расмийлар қатор маҳбусларни бошқа жойларга кўчирганлар (бундай жойлардан учтаси аниқланган).

Айни пайтда, “масалани кун тартибидан олиб ташлаш” мақсадида Ўвадан-Тепе билан боғлиқ бўлган барча нарса ҳақидаги ахборот четга чиқиб кетмаслигига йўл қўймаслик учун ҳаракатлар амалга оширила бошланган. Энг аввало, бу “махсус блоклар”га, шунингдек, қўриқлаш ва назорат қилиш тизимларига тегишли эди. Бузиш ишлари қамоқхонадаги мавжуд тартиб билан “чет эл жамоатчилигини таништириш” эҳтимолини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилмоқда. Пировардида Туркманистон расмийлари Ўвадан-Тепе тўғрисидаги гаплар шунчаки афсона экани ҳақида баёнот берадилар.

Лекин ҳозирги пайтда республика раҳбарияти олдида иккита жиддий муамо пайдо бўлган: маҳбуслар ҳамда қўриқчи/хизматчилар орасидаги гувоҳларнинг борлиги ва ортга қайтмас бўлиб кетмиш “йўқолиб қолган” маҳбусларнинг бўлганлиги. Бу муаммо устида ҳам “ишлаяптилар”.

Ўвадан-тепе қамоқхонасининг бутунлай бузиб ташланиши ҳақида гап бўлиши мумкин эмас: у батамом ёпилган тақдирда амалдаги расмийлар учун ёқимсиз бўлган жуда кўп саволлар пайдо бўлади (ким қурган, “махсус режим”ни ким ишлаб чиққан ва амалга оширган ва ҳ. ва ҳ.)

Шу билан бирга Туркманистонда содир бўлаётган воқеаларни “1953 йил”дек қабул қилмаслик керак. Вақт ва одамлар ўзгарди, аммо бу каби режимлар моҳияти ўзгаришсиз қолди.