20:42 msk, 17 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ислом Каримов учта йўлдан бирини танлаши керак

02.02.2007 18:11 msk

Санобар Шерматова

2007 йилнинг январь ойи охирида Ўзбекистон президентининг етти йиллик бошқаруви ниҳоясига етди. Янги сайловларнинг қачон бўлиши ҳали эълон қилинмади ва матбуотда ҳокимият тақдири ҳақида жуда кўп тахминлар пайдо бўла бошлади. Бу тахминлар воқеаларнинг уч йўл билан ривожланиши мумкинлигини кўрсатмоқда: президент ваколатларини узайтириш тўғрисидаги референдум ўтказиш, номзод Каримов иштирокида сайлов ўтказиш ва энг экзотик вариант бўлмиш амалдаги давлат раҳбари иштирокисиз сайлов ўтказиш. Мазкур уч сценарийнинг қай бири амалга оширилиши мумкин?

Референдум

Ўзбекистон аҳолиси ҳар қандай сиёсий тадбирларга шу қадар бефарқлик билан қарайдики, президент ваколатларини узайтириш ҳақида референдум ўтказилган тақдирда, унинг натижаси қандай бўлиши маълум. Ҳар ҳолда, аввал (1995 ва 2002 йилларда) ўтказилган референдумлар тажрибаси расмийларнинг керакли натижаларга осонгина эришганларини кўрсатади: уларда дастлаб президент ваколатлари узайтирилган, кейин эса давлат раҳбарининг ҳукмронлиги беш йилдан етти йилга узайтирилганди. Шундай экан, референдум варианти амалга оширилиши учун (айниқса тарқоқ мухолифат мамлакат ичида қаршилик кўрсатувчи жамоатчилик фикрини шакллантира олмаётгани ҳисобга олинса) барча имкониятлар мавжуд. Агар халқаро ҳамжамият фикри омили ҳам бўлмаганида, буни бемалол амалга ошириш мумкин эди.

Ўтган йиллар мобайнида референдум механизмидан фақат Ўзбекистонгина эмас, унинг қўшнилари ҳам муваффақият билан фойдаланганлар. Марказий Осиё республикалари конституцияларини четлаб ўтган ҳолда амалга оширилган бу ўйинларнинг ҳаммаси Ғарбда салбий баҳоланган. Охирги пайтларда кўп йўналишли сиёсат юргиза бошлаган минтақа давлатларининг эса АҚШ ва Европа Иттифоқи фикри билан ҳисоблашишларига тўғри келаяпти. Бугунги кунда референдумлар ўтказиш бўйича сиёсий мода тугади, деб ҳисоблаш мумкин: Қозоғистонда (2005 йил) ва Тожикистонда (2006 йил) президентлар ўзларининг ҳокимият тепасида қолишларини сайловлар воситасида амалга оширганлар. Бунинг устига, бутун ўн олти йил мобайнида президент сайламаган мамлакат – Туркманистонда ҳам умумхалқ сайлови ўтказилиши кутилмоқда. Маълумки, олти номзод иштирок этаётган сайлов 11 февралга белгиланган.

Бугунги кунда янги тенденция ҳақида – Марказий Осиё лидерларининг ўз ҳокимиятини сайловлар йўли билан машруълаштиришга уриниши ҳақида ишонч билан айтиш мумкин. Қўшни Қозоғистон ва Тожикистондаги сайловлардан кейин Тошкент ҳам улардан ортда қолиб, учинчи марта референдум ўтказиш ғоясига ёпишиб олмаса керак.

Тошкентнинг ҳозирги пайтда демократик тамойилларга содиқ эканини намойиш этиши ҳар қачонгидан кўра муҳимроқ эканлигига бошқа сабаб ҳам бор. Гап шундаки, Ўзбекистон томон Андижон воқеаларидан кейин биринчи марта Европа Иттифоқидан халқаро жазо чораларининг юмшатилиши ёки ҳатто олиб ташланиши мумкинлиги ҳақида сигнал олган.

Ислом Каримов иштирокидаги сайлов

Иккинчи вариант – амалдаги президент ваколатларини сайлов йўли билан узайтириш ҳам референдум ўтказилганда пайдо бўладиган саволни ўртага ташлайди. Аввалдан натижаси маълум бўлган бу сайловларни Ғарб қабул қилармикан?

Европаликларнинг Марказий Осиёдаги янги стратегияси шу йилнинг апрель ойида эълон қилиниши кутилаётган Концепцияда акс эттирилади. Аммо ҳозирнинг ўзидаёқ унда Ўзбекистонга алоҳида ўрин ажратилиши тушунарли бўлиб турибди. Кейинги пайтларда жадаллашиб қолган икки томонлама алоқалар шундан гувоҳлик беради.

Томонларнинг оғриқли нуқта – Ўзбекистоннинг қисман халқаро изоляциясига сабаб бўлган 2005 йил 13 майида Андижонда содир бўлган воқеалар бўйича компромиссга келганлари ҳам алоқаларнинг илиқлашганидан далолат беради. Тошкент билан алоқаларни йўлга қўйиш “критик диалог” номини олган – бу атама европаликларнинг демократияни олға суриш ва Осиё ресурсларига қизиқиш ўртасида мувозанатни топишга уринишларни намойиш қилиши керак.

Танланган тактикага риоя қилган ҳолда, европаликлар ўзбекистонлик расмийлардан режимни демократлаштириш бўйича қадамлар қўйишилишини талаб қиладилар, албатта. Тошкент эса муайян даражада европалик ҳамкорларнинг хоҳиш-истакларини инобатга олишга тайёр.

Ислом Каримов иштирокисиз ўтадиган сайлов

Илло сайловларнинг Конституцияда белгиланган муддатда – шу йилнинг 23 декабрида номзод Каримов иштирокисиз ўтишини кўзда тутувчи вариант ҳақиқий сиёсий шов-шувга сабаб бўлиши мумкин. Табиийки, бу ерда гап ҳозирги президентнинг сиёсатдан умуман четлашиши ҳақида кетаётган йўқ. Унинг характерини эътиборга оладиган бўлсак, бу амалга ошиши қийин иш. Ўзбекистоннинг ҳозирги лидери учун заҳирадаги майдонча, масалан, сиёсий ислоҳотлар чоғида президентлик ваколатларининг анча қисми ўтказилиб бериладиган парламент Юқори палатасининг раҳбари лавозими бўлиши мумкин.

Аслида, бу вариант республика референдум йўли билан икки палатали парламентга ўтган 2002 йилдан буён ишланиб келинаётганди. Биладиган одамларнинг таъкидлашларича, бу режалар Андижон воқеаларидан сўнг мамлакат Ғарбнинг танқид нишонига айланганидан кейин четга сурилганди. Халқаро босимга жавобан ўнлаб халқаро, асосан, АҚШ нотижорат ташкилотлари Ўзбекистондан чиқариб юборилганди. Мамлакат изоляцияда турган пайтда, ҳатто қисман бўлса-да, демократлаштириш режалари ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмасди.

Аммо бугунги кунда унутилган лойиҳага, айрим маълумотларга кўра, яна расмий доираларда эҳтиёж сезила бошлаган. Агар у қабул қилинадиган бўлса, мамлакатда қизиқ даврлар бошланади. Бунда расмийлар томонидан мамлакат ичкарисидаги режимни юмшатишга қаратилган қатор ислоҳотлар ташаббуси кўтариб чиқилиши, минтақадаги қўшнилар билан ошкора сиёсат олиб борилиши ва Ғарб билан аввалги даражадаги алоқалар тикланиши тахмин қилинади. Бунақа қайта қуриш учун жиддий асос керак. Асос эса бор. Ўз ваколатларини чеклашга рози бўлган расмийлар бунда ўз манфаатларини кўзлайдилар: амалдаги президент ишонган ягона одамга – унинг қизи Гулнора Каримовага ҳокимият топширилиши эвазига мамлакат модернизациялаш.

Шубҳа йўқки, ҳокимият тепасига чиқиш учун (гап бош вазир курсиси ёки президентлик лавозими ҳақида кетаяпти) “демократик” схемалардан, масалан, сиёсий партиялардан фойдаланилади. Гулнора Каримовага кейинчалик ваколатлар топширилиши шарти билан президент муддатидан аввал истеъфога кетиши ҳам мумкин (Ельцин-Путин схемаси).

Ҳатто Ислом Каримов муваффақият билан кейинги етти йиллик муддатга сайланган тақдирда ҳам бу вариант амалга ошиш эҳтимоли энг кўп бўлган вариантдек туюлади. Ўзбекистоннинг ўзгармас раҳбари ҳам Қозоғистон президенти Назарбаев каби меросхўр муаммосини ҳал қилишга мажбур. Аммо Ўзбекистондаги ўзига хос жиҳат шуки, рақобатчи қариндош-уруғлар ва сиёсий гуруҳлар йўқ бўлгани сабабли танловни фақат шахсан Ислом Каримовнинг ўзигина амалга оширади.

* * *

Санобар Шерматова, “Фарғона.Ру” АА учун махсус