10:24 msk, 19 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонлик журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Умида Ниёзова қийноқларга дучор қилинмоқда

02.02.2007 17:06 msk

Ўз ахб.

Умида Ниязова
Умида Ниёзова
Фарғона.Ру “Фарғона.Ру” ААнинг Ўзбекистондаги манбаларидан олинган сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистон расмийлари томонидан ҳибсга олинган Умида Ниёзова қийноқлар остида кунига 15 соатдан тинимсиз сўроқ қилинаяпти. “Фарғона.Ру” АА манбалари Умиданинг у учун олдиндан жиҳозланган камерада сақланаётганини хабар қиладилар.

Қариндошлари келтирган овқатлар олиб қолинаяпти, аммо Умидага етказилмаяпти. Маҳбусага қариндошлари билан учрашиш маън қилинган. Унга нисбатан терговчи Улуғбек Ортиқов томонидан ва исми номаълум беш нафар МХХ ходими томонидан тинимсиз руҳий босимлар ўтказилмоқда. Умиданинг аҳволи жуда ëмон. Соғлиги яхши эмас. Унга психотроп таблетка ичиришга уринишлар бўлган. У турган хонага вақти-вақти билан заҳарли газ юборилмоқда. Буларни ҳаммаси Умида Ниëзованинг руҳини синдиришга қаратилган қийноқ воситаларидир. Аммо бу қийноқларга қарамай, ҳолдан тойган бўлса ҳам, Умида ўзини мардларча тутмоқда.

Кеча, 1 февраль куни У. Ниёзовага жамоатчилик асосида адвокатлик қилмоқчи бўлган ҳуқуқ ҳимоячилари Суҳроб Исмоилов ва Аъзамжон Турғунов Ўзбекистон Транспорт прокуратураси томонидан расман рад жавобини олганлар.

Уларга тақдим этилган ҳужжатда Умида Ниёзова “бир неча бор оғир жиноятларни содир этган ашаддий жиноятчи” сифатида кўрсатилган ҳамда “Ниёзова У.К. нинг жинояти онгли равишда содир этилгани” учун у ҳибсда қолиши билдирилган. Рад жавоби нусхаси Умиданинг қариндоши Шафоат қўлида бор. Шунингдек, бу ҳужжатда Умида жамаотчилик ҳимоясидан гўё бош тортганлиги ҳам маълум қилинади.

Умида Ниёзовага ҳимоячи сифатида ўз хизматини таклиф қилган, “Эзгулик” ташкилотидан бўлган яна бир ҳуқуқ ҳимоячиси Абдураҳмон Ташановнинг Uznews.netга маълум қилишича, Ниёзовани тошкентлик тажрибали адвокат Татьяна Давидова ҳимоя қилаётгани учун у А. Ташановнинг ёрдамидан ихтиёран бош тортган бўлиши ҳам мумкин.

Ниёзованинг аввалги адвокати Аброр Юсуповга бўлган ишонч, афтидан, тўлалигича сўнган кўринади. Свобода (“Озодлик”) радиоси Умиданинг дугонаси ва Uznews.net нашрининг муҳаррири Галима Бухарбаеванинг сўзларини келтиради: “Умиданинг ўзи ёллаган бу адвокат аввал унга қўнғироқ қилиб, унга нисбатан иш тўхтатилганига ишонтира бошлаган. У фақат Умиданинг келиб, паспорт ва компьютерини олса, ҳаммаси яхши бўлишини, ўз уйида аввалгидек яшайвериши мумкинлигини айтган. Мен мамлакат ташқарисига чиқиб кетган Умиданинг аҳволини яхши тушунаман – унга бу таклиф жозиб кўринган. Адвокат унга қарорни ўз кўзлари билан кўрганини, ҳеч қанақа хавф-хатар йўқлигини, иш тўхтатилганини айтиб, қайтишга кўндирган. У ўз паспортини олиш, бинойидек яшаш учун ҳеч кимга билдирмасдан мамлакатга қайтишга қарор қилади. Чегарада эса уни қўлга оладилар”, - дея ҳикоя қилади Галима Бухарбаева.

Бироқ Аброр Юсуповнинг ўзи бу айбловларни кескин рад қилади ва Умида Ниёзованинг панжара ортига тушиб қолишида ўзини айбдор деб билмайди: “Сизга жиноий иш қўзғатишни рад этиш ҳақида, маъмурий иш тўхтатилгани тўғрисида қарор кўрсатсалар, мижозингизга нима деган бўлардингиз? Бошқача гап айтган бўлармидингиз? Менинг Умида олдида виждоним пок”, - дея иқтибос келтиради адвокатнинг сўзларини “Озодлик” радиоси.

Ўзбекистондаги “Human Rights Watch” ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти ваколатхонаси раҳбари Андреа Берг ҳам Юсуповни ёқлаган: “Менинг билишимча, адвокат Умидани эмас, адвокатнинг ўзини алдашган. Унга Умиданинг ҳеч қандай айби йўқ эканини айтишиб, ноутбуки ва паспортини олиб кетиши мумкинлигини маълум қилишган”.

“Озодлик” радиосининг ёзишича, Юсуповнинг айбдорлигига тошкентлик мустақил сиёсатшунос, собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошев ҳам шубҳа қилади: “Ҳойнаҳой, уни алдаганлар ёки махсус хизматлар қўрқитган бўлишлари мумкин. Шунинг учун ҳам у Умидага унга қарши қўзғатилган маъмурий иш тўхтатилгани ҳақида ёлғон хабар жўнатган. Шунинг учун ҳам Умида келган. Бу нозик, озғин қизалоқни терговчининг олдига тиш-тирноғигача қуролланган, бронежилет ва кутузка кийган олти милиционер олиб келади. Уни бу аҳволга кўрган қариндошининг ҳалигача тили калимага келмаяпти. У ақлдан озаёзибди. Мен Умида Ниёзованинг ҳибсга олинишини сиёсий буюртма, ўзгача фикрлиларни қатағон қилиш, деб ҳисоблайман. Умида ҳеч қанақа фундаментал ғоялар тарқатувчиси эмасди. У бор-йўғи президент Ислом Каримов сиёсати юзасидан танқидий фикр билдирганди, холос. У тез-тез иқтисодий ва сиёсий бўҳрондан чиқиш йўлларини таклиф қиларди”.

Ниёзова ишига ишончли вакил сифатида киришган Абдураҳмон Ташанов Би-би-сига Умида Ниёзованинг компьютерида 2005 йил май ойида Андижонда бўлиб ўтган қонли воқеалар ҳақидаги материаллар, Human Rights Watch ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотининг Андижон воқеалари юзасидан ҳисоботлари ҳамда ўша воқеалар гувоҳлари ва қурбонларидан олинган интервьюлар топилганлигини маълум қилган. Ўзбекистон транспорт прокуратурасининг терговчилари шу асосда Ниёзовани таъқиқланган “Акромийлик” диний гуруҳига дахлдор билиб, у “таъқиқланган материалларни тарқатиш билан шуғулланган” деган хулосага келганлар, деб ҳисоблайди Ташанов.

“Фарғона.Ру” АА манбаларидан олинган маълумотларга кўра, адвокат Аброр Юсуповга “Умиданинг аҳволи яхши”, деб айтиш буюрилган. Шунингдек, унга Миллий хавфсизлик хизмати томонидан Умиданинг икки яшар боласини топиб келтириш буюрилган. Улар боладан Умидагa тергов пайтида босим воситаси сифатида фойдаланмоқчилар. Бундан ташқари, МХХ Тошкентдаги баъзи инсон ҳуқуқлари фаолларига хорижий давлатлар элчихоналарига “Умида маҳаллий қонунларни бузди”, деб айтиш тавсия қилинган. Умида билан Интерньюсда ва Фридом Хаузда бирга ишлаган кишилар яширинча сўроқ қилинмоқдалар. Уларга Умида жиноятлари ҳақида “фош қилувчи” мақолалар ëзиш таклиф қилинмоқда.

Умида Ниёзова ўттиз иккига кирган. У Ўзбекистондаги Internews Network халқаро ташкилоти ваколатхонасида, кейин эса Freedom House ташкилотининг Тошкентдаги филиалида ишлаган, охирги пайтларда таржимон сифатида Human Rights Watchнинг Тошкентдаги идораси билан ҳамкорлик қилаётган эди. У мустақил ҳуқуқ ҳимоячиси бўлиб, мухолифатдаги партиялар аъзоси эмас ҳамда бирорта ҳам ҳуқуқ муҳофаза қилиш жамияти, гуруҳи ва ташкилотига аъзо эмас.