13:53 msk, 17 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Марказий Осиё муҳожирларининг Россия шароитига мослашуви. Франция тажрибаси нимани кўрсатди? (I қисм)

01.02.2007 19:04 msk

Михаил Калишевский, Фарғона.Ру

Плакат в московском метро. Фото ИА Фергана.Ру
Москва метросидаги плакат. Фарғона.Ру АА фотоси
Россия оммавий ахборот воситалари Европадаги муҳожирлар фарзандлари, кўпроқ келиб чиқиш араб бўлган ёшларнинг 2005 йил куз-қиш ойларида Франция, Германия, Бельгия ва бошқа қатор давлатларда содир этган безориликларини анча батафсил ва зимдан қувониш билан ёритгандилар. Умуман олганда, ўша пайтдаёқ аҳён-аҳёнда: “Бу каби воқеалар Россияда содир бўлиши мумкинми?” деган савол ўртага ташлаб турилган.

Бугунги Россия – бу кечаги Франция

Россия ҳозирги пайтда Европа 50-60-йилларда бошида кечирган даврни бошдан кечирмоқда: бизда ҳам собиқ “метрополия”га собиқ “мустамлакалар”дан муҳожир-мардикорлар ошиқиб кела бошладилар. Бунинг устига, ушбу жараённинг ижтимоий-маданий ўлчамларига ва оқибатларига кўра, Россия 2005 йилда иммигрантлар ҳужуми энг оммавий кўринишга эга бўлган Францияни эслатади.

Агар, Худо кўрсатмасин, Россияда шунақа иммигрантлар исёни юз бергудек бўлса, унда асосий зарба собиқ совет Ўрта Осиёсидан келганлардан бўлиши мумкин. Фақат булар ҳозирда унутилган ўзбек қурувчилари ёки сертакаллуф тожик фаррошлари бўлмайдилар, балки уларнинг Россияда руслар орасида униб-ўсган ва озми-кўпми русча гаплашадиган болалари ва набиралари бўлади. Нима учун кавказликлар эмас, айнан Ўрта Осиёдан чиққанлар “зарба берувчи куч”га айланади?

Шунинг учунки, айнан Ўрта Осиёликлар Россия диаспоралари ҳамжамиятида энг паст, истиқболсиз ва “герметик” бўлган ижтимоий-маданий камгакларни эгаллаб турибдилар ва афтидан, бундан кейин ҳам эгаллаб турадилар. Шимолий Африка мамлакатларидан келган иммигрантларнинг зурриётлари Францияда нима қилган бўлсалар, Ўрта Осиёдан келганларнинг авлодлари ҳам бизнинг мамлакатда худди ўшандай йўл тутадилар.

50-60-йилларда Францияга келган меҳнат муҳожирларнинг қарийб тўртдан уч қисмини Франциянинг собиқ мустамлакалари бўлмиш Мағриб мамлакатларининг (Жазоир, Марокаш, Тунис) вакиллари ташкил қилганлар. Булар кўпроқ анъанавий мусулмон ҳамжамиятидан бўлган, асосан, қишлоқлик кишилар эдилар. Уларнинг таълим даражаси ва касбий малакаси анча паст бўлиб, шу сабабдан ҳам бу кишилар фақат малакаси оз ва жуда арзон ишчи кучи сифатида ишлатилганлар. Табиийки, улар қаттиқ эксплуатация қилинганлар, ишга ёллашда, ҳақ тўлашда, уй-жой билан таъминлашда, таълимда ва ҳаказоларда турли камситишларга дучор қилинганлар. Вақт ўтиши билан Шимолий Африкадан келганлар Франция иқтисодиётининг малака талаб қилинмайдиган ва кам ҳақ тўланадиган жабҳаларини тўла эгаллаганлар.

Ўрта Осиёдан келган ҳозирги муҳожирлар ҳам анъанавий мусулмон ҳамжамиятига мансуб кишилар бўлиб, уларнинг ҳам аксарияти қишлоқдан чиққан. Уларнинг билим ва касбий малака даражаси ҳам малака талаб қилинмайдиган ва кам ҳақ тўланадиган меҳнат билан машғул бўлишга мажбур қилиб, ижтимоий жиҳатдан обрўли ва кўп ҳақ тўланадиган иш ўринларига даъвогарлик қилишга имкон бермайди. Шу билан бирга, замонавий Россияда Ўрта Осиёдан келганларни эксплуатация қилиш ва камситиш ўтган асрнинг 50-60-йилларида Францияда бўлган эксплуатация қилиш ва камситишдан бир поғона юқоридир.

Аснода худди Францияда кузатилгани каби Россияда ҳам Ўрта Осиёдан келган муҳожирлар собиқ СССРнинг бошқа жойларидан келган муҳожирлар (украинлар, белоруслар, молдаванлар, арманлар, грузинлар, озарбайжонлар) ўрнига обрўсизроқ ишларни эгаллаётганлари кузатилади. Улар Россияга аввалроқ келишган бўлиб, бошданоқ юқорироқ малака ва билим даражасига эга бўлганлари учун обрўлироқ ижтимоий камгакларни эгаллашиб, ижтимоий пиллапоя бўйлаб юқорироққа кўтарилиб олганлар. Бундан ташқари, масалан, Молдавия ва Украинада меҳнат муҳожирлари Россиядан юз буришиб, Марказий ва Ғарбий Европага ишга кета бошлаганлар, бунинг устига мазкур мамлакатлардаги ижобий иқтисодий ўсиш меҳнат муҳожирларини ичкарида ушлаб қолишга ҳам имкон ярата бошлади.

Бу “ўрин алмашиш жараёни”ни холисона акс эттирадиган бирор-бир статистик маълумотни олиш қийин, чунки Россияга келаётган муҳожирларнинг касбий ихтисосига нисбатан расмий статистика анча шартлидир. Шунга қарамай, охирги беш-етти йил ичида, дейлик, Москва ва Россиянинг бошқа катта шаҳарларидаги қурулишларда қора ишларда ишловчи кишиларнинг миллий таркиби чамалаб кузатиш мумкин. Агар 90-йилларда бу жойларда асосан “украин”, “молдован” ёки “арман” бригадалари ишлаган бўлсалар, ҳозирда бу жабҳада асосан тожиклар ва ўзбеклар меҳнат қиладилар. Шаҳар коммунал хўжалигида ҳам Ўрта Осиёдан кишилар жуда кўпчиликни ташкил қиладилар. Баъзан пойтахтда миллати рус бўлган бирорта ҳам кўча супирувчи қолмагандай таассурот туғилади – қаёққа қараманг тожиклар ёки ўзбекларга кўзингиз тушади.

Группа милиционеров, ожидающих душанбинский поезд на маленькой станции Харабали
Харабали станциясида Душанбе поездини кутаётган милиционерлар гуруҳи. “Фарғона.Ру АА” фотоси
Биринчи дарс: муҳожирлар кўпинча қолиб кетадилар

50-60-йилларда “учинчи дунё” мамлакатларидан арзон ишчи кучи импортини олқишлаган Франция ҳамда бошқа Ғарбий Европа мамлакатлари расмийлари “мардикорлар” бу мамлакатларга бир муддатга келишиб, Европада етарлича пул топганларидан кейин ватанларига қайтишларини ҳамда ўша ерда Ғарб сиёсий ва маданий таъсири “агентлари” ролини ўйнашларини тахмин қилгандилар. Аммо бунинг ғирт тескариси бўлиб чиқди – иммигрантларнинг аксарияти Европада қолиб кетди.

Ўзлари қолганлари етмагандай, борган мамлакатларига оилалари, қариндош-уруғлари ва танишларини ҳам кўчириб келдилар. Оқибатда Европа мамлакатларидаги иммигрантлар жамоати жуда тез ўса бошлади. Бу қуйидаги сабабларга кўра содир бўлди: биринчидан, ватандаги иқтисодий аҳволнинг ёмонлиги ва сиёсий истиқрорсизлик иммигрантларнинг қайтишлари учун рағбатлантирувчи омил бўлолмасди; иккинчидан, Ғарб иқтисодий тараққиётининг ўзи ва бу жамиятнинг демографик аҳволи “учинчи дунё” мамлакатларидан тобора кўпроқ арзон ишчи кучи келишини талаб этарди.

Шунга қарамай, Ғарбий Европада иммиграцияни чеклашга уриниб кўрганлар. Францияда 70-йиллардаёқ собиқ мустамлакалардан ишчи кучини уюштирилган ҳолда “олиб кириш”ни бас қилганлар, “учинчи дунё” муҳожири учун Францияга машруъ йўл билан кириб бориш ва ишга жойлашиш фақат “оилани бирлаштириш” йўли билан ёки сиёсий бошпана ҳақидаги илтимоснома ёрдамидагина мумкин бўлиб қолди. 70-80-йилларда Шимолий Африка жамоатлари тарихий ватандан келувчи “қариндош-уруғлар” ҳисобига кўпайиб борди. Албатта, бунда номашруъ йўл билан келганлар ва “ички кўпайиш”ни ҳам эътибордан қочирмаслик керак – статистик маълумотларга кўра, Францияда яшовчи араб оилаларига 6 тадан бола, “туб аҳоли” ҳисобланмиш французлар оилаларига эса 1,84 тадан бола тўғри келган.

Фото ИА Фергана.Ру
Москва кўчаларидаги тиланчилар. “Фарғона.Ру АА” фотоси
50-60-йилларда бўлгани каби ҳозир ҳам Мағрибдан келган иммигрантларнинг аксарияти кам ҳақ тўланадиган ишлар билан машғуллар, бунақа ишларнинг ўндан тўққизтасини французлар қилишни истамайдилар. Шимолий Африкалик иммигрантлар французлар ҳамда бу ерга аввалроқ кўчиб келган итальянлар, испанлар, португаллар билан солиштириб бўлмайдиган даражада ёмон шароитда яшайдилар. 60-йилларда мағриблик ишчилар шаҳар четидаги бидонвиль дея аталувчи санитария меъёрларига тўғри келмайдиган хароб кулбаларда истиқомат қилардилар. Бироқ бидонвиллар муаммоси 70-йилларда кўп қаватли муниципал турар-жойлар (HLM – арзон квартиралар) қурилиши билан ҳал қилинганди. Аммо охирги ўн йилликда HLM анча путурдан кетиб қолган. Ҳозирда бу кўп хонадонли кўримсиз уйлар муҳожирлар ишлайдиган корхоналарга қарашли ётоқхоналар билан биргаликда Париждаги Сен-Дени мавзеси каби бутун бошли этник маҳаллаларни ташкил қилган.

* * *

(Давоми бор)

Муаллиф ҳақида: Михаил Калишевский - мустақил журналист, Москвада яшайди. Мақола “Фарғона.Ру” АА учун махсус тайёрланди.