09:32 msk, 25 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Келажакда Хитойдан унинг қудрати сабабли эмас, унинг ожизлиги сабабли хавфсираш керак бўлади

01.02.2007 11:35 msk

Бахтиёр Рашидов

Хитой XXI асрда ўзининг иқтисодий кўрсаткичлари - ҳар йили 10 фоизлик иқтисодий ўсиш, бир триллион долларлик валюта заҳиралари, Хитой молларнинг жаҳон бўйлаб экспансияси бўйича супердавлатга айланиш имкониятига эга.

Бироқ бу муваффақиятларнинг ҳаммаси оддий ижтимоий ҳақ-ҳуқуқлардан маҳрум қилинган юз миллионлаб хитойликларни қаттиқ эксплуатация қилиш асосига қурилган. Мавжуд ички ва ташқи хавф-хатарлар эса Хитойнинг жаҳонга хўжайинлик қилиш йўлини мушкуллаштиради.

Бундай таъкидга қанақа асос бор, дерсиз? Гап шундаки, Хитой жаҳондаги қудратли давлатга айланиши учун ташқи таъсирга тобеъ бўлмаслиги ва мамлакат ичкарисида жиддий муаммолар йўқ бўлиши зарур бўлади. Америка ХХ аср мобайнида айнан шу шароитда ривожланганди. Ўша пайтларда глобаллашиш жараёни АҚШга унча кучли таъсир кўрсатмасди. Жаҳондан чексиз уммонлар билан ажралиб турувчи денгиз давлати мақоми Америкага хавфсизликни кафолатловчи яна бир жиддий ютуқ эди. Хитой эса бунақа имтиёзларга эга эмас. Кучайиб бораётган глобаллашиш жараёнида унинг ташқи дунёга қарамлиги ортиб бормоқда, Хитой потенциал нобарқарор минтақада жойлашган, мамлакат ичида эса жамиятда жиддий тангликни юзага келтирувчи ижтимоий нотенглик шиддат билан ўсиб бормоқда.

Хитой иқтисодиёти чет эл капиталига анча қарам. Хитой товарларнинг қарийб 60 фоизи Хитойдаги АҚШ, Европа, Япония, Тайвань ва Кореянинг етакчи ширкатлари томонидан ишлаб чиқарилади. Жаҳонда фаолият кўрсатаётган 500 трансмиллий корпорациялардан 470 таси Хитойда ишлайди. Бу корпорациялар ўз маҳсулотларини бошқа мамлакатларга экспорт қилар эканлар, ҳозирнинг ўзидаёқ мамлакат ИЯМнинг 37% ини ташкил қилароқ Хитойнинг ташқи савдосига катта таъсир кўрсатадилар. Шундай қилиб, чет эл капитали мамлакат ривожланишининг асосий иқтисодий кўрсаткичига таъсир қилади.

Хитой товарлари экспансияси Хитойнинг бошқа мамлакатлар истеъмолидан қарамлиги ошишига олиб келади. Бунга энг ёрқин мисол: АҚШ Хитой товарлари учун энг йирик бозордир, шунинг учун ҳам бу мамлакат билан алоқалар Хитой дипломатиясининг марказий омилига айланган. Америка истеъмол бозорини йўқотиш Хитой иқтисодиётини катта бўҳронга дучор қилиши мумкин: йирик мол оқимини тезда бошқа бозорларга буриб юбориш анча қийин муаммо.

Сиёсий муносабатларнинг глобаллашуви ҳам Хитой имкониятларига таъсир кўрсатади. Масалан, Тайвань Хитой билан АҚШ ўртасидаги геосиёсий ўйин субъектига айланган. Ўз мамлакатининг АҚШ билан тиғиз савдо-иқтисодий ва молиявий алоқаларини ҳисобга олган Хитой раҳбарияти айнан Тайвань туфайли Америка билан муносабатларни таранглаштириб ўтирмаса керак.

Бироқ Хитой учун глобал муаммога айланган халқаро террорчилик ва экстремизм кўпроқ хавф солади. Мамлакат истиқрорсизлик ёйи билан ўралган: Марказий Осиё мамлакатлари, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон унга шимолий-ғарб, ғарб ва жанубий-ғарбдан истиқрорсизлик билан хавф солади. Аснода Хитойнинг айнан шимолий-ғарбий ва ғарбий ҳудуди энг камбағал ҳудудлар бўлиб ҳисобланади. Мустақилликка даъвогарлик қилувчи мухтор ҳудудлар (Шинжон-Уйғур мухтор тумани, Тибет) худди шу ерда жойлашган. Буларнинг ҳаммаси “буюк Хитой ғалаёни”га қулай замин бўлиб хизмат қилиши мумкин. Шунинг учун ҳам Хитой минтақада янги зиддият ўчоқлари хавфини камайтириш учун вазиятни нормаллаштиришга уринмоқда.

Хитойча бозор социализми

Совет Иттифоқи тақдирини қайталамаслик учун Хитойдаги ҳукмрон партия бозор ислоҳотларини ўтказишга қарор қилган. Бироқ бу ислоҳот меваларидан, асосан, Хитой бюрократияси ва унга яқин бўлган алоҳида ижтимоий доиралар фойдаланмоқда, холос. Хитойлик коммунистлар ва ҳукумат амалдорлари завод ва фабрикаларни хусусийлаштириб олишиб, моҳиятан капиталистга айланганлар.

Юз миллионлар хитойлик ишчи ва деҳқонлар социалистик тизимда яшашда давом этмоқдалар. Бир партия ҳукмронлиги Хитой бюрократиясига ойлик маошнинг камлиги ва ижтимоий кафолатларнинг йўқлиги сабабли юқори устама қийматга эга бўлган товарларни ишлаб чиқараётган улкан меҳнат оммасининг “бўйсуниш жилови”ни қўлда тутиш учун зарур. Бу Хитой миллий буржуазиясига мисли кўрилмаган даромад келтиради.

Ижтимоий тенгсизлик ўсиб бормоқда

Хитой Ижтимоий фанлар академиясининг энг янги маълумотларига кўра,

бу мамлакатда бойлар ва камбағаллар даромади ўртасидаги фарқ ошишда давом этаётир. Мазкур маълумотларга мувофиқ, Хитой жамиятининг энг бой вакилларининг 10 фоизи мамлакатдаги барча хусусий мулкнинг 40 фоизини идора қилади. Расмийлар бу салбий тамойилнинг олдини ололмаяптилар.

Расмий Пекин ижтимоий табақаланиш жабҳасида бундан буёнги ўсиш ижтимоий барқарорликни издан чиқариши мумкинлигини тушунади ва бойлар билан камбағаллар даромади ўртасидаги фарқни камайтиришни энг устивор миллий вазифа ўлароқ кўриб чиқмоқда.

Хитойда ишчилар учун ижтимоий кафолатлар минимум даражада ва ишсиз қолиш фавқулодда фақирлашувга сабаб бўлади. Аснода капиталистик “ислоҳотлар” чоғида ўн миллионлаб хитойликлар давлат корхоналаридаги ўз иш ўринларини йўқотганлар. Хитойлик ишчи ва деҳқонлар касаба уюшмалари анъаналарига эга эмаслар ва ҳар қандай юридик ҳақ-ҳуқуқлардан маҳрумлар. Охирги йилларда вазият ёмонлашиб бормоқда. Бу аҳоли орасида норозилик намойишларининг ошишига олиб келаяпти. Соғлиқни сақлаш жабҳасидаги бўҳрон ҳам бунинг “хавфли сигнал”ига айланган. Хитой расмийлари бу соҳадаги ислоҳотлар барбод бўлганлигини очиқ тан олганлар. Хитой аҳолисининг ярми бугунги кунда тиббий хизматлардан фойдалана олмайдилар. Расмийлар ва жамиятнинг хавфли касалликлар ҳуружи олдида ожизлиги Хитой учун ички хавфга айланган.

Халосият миллий мафкурада

Халқ оммасини бирлаштириш учун миллий мафкура зарур. Мамлакат бюрократияси Хитойнинг бош мақсади – Хитойнинг жаҳон аҳамиятига молик буюк давлат мақомига эришувини ташвиқ қилишда қутилиш чорасини топган. Бу самарали ғоя ўз вақтида собиқ Совет Иттифоқи халқларини бирлаштирган ва илҳомлантирганди. Буюклик ғояси одамларни ёмон турмуш шароитига нисбатан сабрлироқ бўлишга мажбур қиларди. Албатта, ривожланишнинг юқори суръатларига эга бўлган Хитой собиқ социалистик лагерь мамлакатларидан тубдан фарқ қилади. Бироқ мамлакат муваффақияти оддий хитойликлар турмушида кам акс этади.

“Тинч юксалиш” юз миллионлаб хитойликларнинг машаққатли меҳнатлари ҳисобига таъминланмоқда. Агар Хитой жамиятига озгина демократия унсурлари жорий этиладиган бўлса, Хитойнинг иқтисодий мўъжизаси оқсай бошлайди. Хитойлик меҳнаткашларнинг иш ҳақини ошириш ва ижтимоий тўловларни кўпайтириш талаблари бажарилиши Хитой маҳсулотлари нархларининг ошишига олиб келади. Натижада Хитой молларининг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлиги камаяди. Айнан шунинг учун ҳам мамлакат раҳбарияти демократлашувдан хавфсирайди ва жамиятни буюк келажак шиорлари остида сафарбар қилишга уринади.

Хулоса

Хитой фақат иқтисодий ўсиш суръатининг юқорилигидагина таҳсинга лойиқ муваффақиятларга эришгани йўқ. Мамлакат сиёсий ташвиқотда ҳам олға кетди. Давлатнинг юқори лавозимли амалдорлари ва хитойлик таҳлилчилар ошкора шавқ билан АҚШ қудратининг яқин орада таназзулга юз тутажаги ва Хитойнинг XXI асрда жаҳондаги энг қудратли давлатга айланажагини башорат қилмоқдалар. Афтидан, хитойлик сиёсатчиларнинг уринишлари бесамар кетмаган кўринади: Ғарбда муҳокама қилинаётган асосий мавзулар Хитой иқтисодий экспансияси ва Хитой ҳарбий хавфи бўлиб қолган.

Жаҳоннинг энг асосий давлатига айланиш учун Хитой иқтисодиётнинг бозор модели ва Коммунистик партия томонидан авторитар тарзда бошқарилувчи мамлакат сиёсий тизими ўртасидаги тобора ошиб бораётган зиддиятни тартибга солиши керак. Иқтисодий тараққиётнинг динамик характери ҳукмрон партия диктатураси билан тобора кўпроқ зиддиятга киришмоқда. Шу тариқа, мамлакат сиёсий ҳаётини демократлаштириш зарурати тобора долзарблашиб бораяпти.

Мамлакатнинг дунё миқёсида ҳукмронлиги унга жаҳонда содир бўлаётган жараёнлар учун глобал масъулиятни ҳам юклайди. Бу юк ҳозир АҚШ зиммасидадир. Хитой бундай масъулиятни бўйнига олишга тайёрми?

Тарихчи олим, Пекин университети профессори Чзан Цзылянга (Zhang Zilian) кўра, “бу аср Хитой асри бўлмайди, мамлакатнинг яқин 50 йилда ҳал қиладиган жуда кўп муаммолари бор”. Келажакда Хитойдан унинг қудрати сабабли эмас, агар мамлакат янги иқтисодий модель ярата олмаган тақдирда, унинг ожизлиги сабабли хавфсираш керак бўлади.

* * *

Бахтиёр Рашидов (Тошкент), “Фарғона.Ру” АА эксперти