12:30 msk, 29 Апрель 2017

Марказий Осиё янгиликлари

“Ил-76” учоқларини ишлаб чиқариш барибир Россияда амалга ошириладиган бўлди

31.01.2007 20:38 msk

Ўз ахб.

Россия раҳбарияти “Ил-76” учоқларининг ишлаб чиқарилишини Россияда йўлга қўйиш юзасидан якуний қарор чиқарди. Маълумки, бу турдаги ҳарбий-транспорт учоқлари ҳалигача Ўзбекистонда - Тошкентдаги Чкалов номли Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида (ЧТАИЧБ) ишлаб чиқарилган ва афтидан, яна икки-уч йил шу ерда ишлаб чиқарилса керак. Охирги ўттиз йил мобайнида Тошкентдаги Чкалов номли авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида ҳар хил турдаги мингдан зиёд “Ил-76” учоқлари ишлаб чиқарилган. Бироқ СССР парчаланганидан кейин ЧТАИЧБ ҳам СССРнинг бутун учоқсозлик саноати каби таназзулга юз тутган. 1991-2006 йиллар мобайнида ЧТАИЧБда йигирматадан кўп бўлмаган учоқ ишлаб чиқарилган.

Тошкентдаги авиакорхона аста-секинлик билан ўлиб бормоқда. Шунинг учун бўлса керакки, РФ ҳукумати “Ил-76” учоқларини ишлаб чиқаришни Россияга кўчириш ҳақида қарор қабул қилган. Бу юзасидан қарор Михаил Фрадков томонидан 2006 йилнинг 20 декабрь куни имзоланганди. Бу хабар шов-шувга сабаб бўлиши мумкин эди, бироқ йил тугаётгани сабабли мазкур хабар Россия марказий ОАВда етарлича акс этмади. Бунинг устига мазкур қарорни юридик жиҳатдан расмийлаштириш занжири ҳам ниҳоясига етмаган, чунки “Ил-76” ҳарбий-транспорт учоқларининг ишлаб чиқарилиши Хитой Халқ Республикаси билан тузилган конкрет шартнома билан боғлиқ бўлиб, мазкур ҳужжатда Тошкент бош корхона сифатида кўрсатилган.

“Ил-76”нинг Россияда ишлаб чиқарилишини йўлга қўйиш учун маблағ, ресурслар ва вақт талаб қилинади. Шундай қилиб, дастлабки пайтларда “Ил-76” аввалгидек Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаверади. Тошкент авиазаводи “Ильюшин” корпорациясининг пудратчиси сифатида 2008-2010 йилларда ўн бешта учоқ қуради. Аммо шу билан бир пайтда Ульяновскдаги “Авиастар” ЁҲЖда ҳам “Ил-76” учун стапеллар барпо қилинади.

Ульяновскдаги “Авиастар” ЁҲЖда мазкур учоқларни серияли ишлаб чиқариш 2010 йилга режалаштирилган, 2012 йилдан эса Ульяновскдаги завод йилига ўнтадан "Ил-76МД” ва "Ил-76МФ” русумли учоқларни ишлаб чиқариши керак. Бу вазифани адо этиш учун РФ ҳукумати 2009 йилгача 6,4 млрд. рубль ажратади. Бироқ бош ижрочи алмашгани сабабли Хитой шартномаси муддати 2012 йилдан 2013 йилга кўчирилиши мумкин.

ЧТАИЧБга нима бўлади? 2006 йилнинг 21 ноябрь куни Роспром раҳбари Борис Алешин ва Бирлашган авиасозлик корпорацияси (БАК) президенти Алексей Федоров Тошкентда, ЧТАИЧБнинг келажакда БАКка кирган тақдирда, БАК ЧТАИЧБ билан бирга ишлашдан манфаатдорлиги акс этган баённома имзолаганлар. Бироқ БАК эндигина ташкил этилаяпти. Ульяновскда “Ил-76” ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳақидаги ҳукумат қароридан кейин ҳеч ким Ўзбекистондаги авиазавод тақдири билан жиддий қизиқмаса керак. Шунга қарамай, Тошкент авиакорхонасининг келажаги барибир бор. Экспертлар ЧТАИЧБ яна ўн-ўн беш йил эски ҳарбий-транспорт учоқларини таъмирлаши мумкин, деб ҳисоблайдилар.

Бундан ташқари, тошкентликлар “Ильюшин” ҲШ билан ҳамкорликда яқин масофаларга учувчи "Ил-114-300” учоғини ишлаб чиқаришлари ҳам мумкин. “2007 йилнинг ўрталарига келиб “Ил-114-300”нинг биринчи тажриба нусхасини қуриш режаланмоқда”, - дея маълум қилди С.В.Ильюшин номидаги ҲШ бош директори Виктор Ливанов. Аммо учоқнинг бу тури учун буюртмалар портфели тузиб бўлинган. Санкт-Петербургдаги “Техноспецсталь Инжиниринг” ширкати яқинда бу турдаги ўттиз учоқни сотиб олиш учун шартнома имзолаган.



 

Реклама