23:29 msk, 15 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Самарқандда мусулмонлар учун махсус ҳалол таомлар ошхонаси очилди

31.01.2007 14:32 msk

Ўз ахб.

2007 йилнинг январь ойида Самарқандда “Halol food” қаҳвахонаси очилди, унинг таомномасига тақводор мусулмонлар ошпазлик санъати қоидаларига кўра тайёрланган таомлар киради.

Қаҳвахона эгаси 28 ёшли Фарҳод Турсунов – диндор йигит. Тиббиёт олийгоҳини тугатган ва Самарқанддаги клиникалардан бирига ишга жойлашган Фарҳод кунларнинг бирида етарли даражада пул топиш учун қўшимча бизнес очиш кераклигини тушунган. Тижорий лойиҳа билан шуғулланишга қарор қилгач, у хизмат кўрсатиш жабҳасини танлаган. Фарҳод аввалда фотосалон бўлган бинони сотиб олган ва аввал у ерда Интернет-кафе очган. Бизнеси билан диний ақидалари ўртасида тафовут бўлмаслиги истаги унда мусулмонлар учун махсус ошхона очиш фикрини пайдо қилган.

- Мен диний анъаналарга риоя қилувчи диндор кишилар ўз опа-сингиллари, рафиқалари ёки оналари билан одатдаги қаҳвахоналарга ёки ресторанларга кирганларини кўп бора кўрганман. У ерда бошқа хўррандалар ғалати қараш ва қилиқлари билан диндорларнинг ғашларига тегардилар, - дейди Фарҳод. – Бу ерда – менинг ошхонамда эса улар ўзларини эркин ҳис қилишлари мумкин, чунки бу ерга айнан ўша дин ва урф-одатларни ҳурмат қиладиган одамлар келади. Бу мижозларимизни “бу қаҳвахонага оилам билан кирсам бўладими?” дея мулоҳаза қилиш ҳадигидан қутқаради.

Чоғроққина ертўла дид билан жиҳозланган. Шарқона руҳ ҳамма нарсада – идиш-товоқда ҳам, овқатланиш хонасининг безатилишида ҳам акс этади. Ошпазлар ҳам ҳаммаси эркак кишилар, фақат ошпаз ёрдамчиси вазифасини Фарҳод Турсунов қўшнисининг қизи бажаради. Қайд этиш жоизки, қаҳвахонадаги телевизор ҳам фақат исломий каналларни кўрсатади.

Деворларда осилмиш араб ҳуснихати намуналари ҳам ошхона эгасининг ўта диндор киши эканидан далолат бериб туради.

- Бу ерда ҳадислар битилган, - изоҳ беради Фарҳод уларга ишора қилар экан. – Безак ишларини мунтазам Қуръон ва намоз ўқиш билан машғул бўлган танишларим бажарганлар.

“Halol food” қаҳвахонасида шарқ таомлари билан бирга Европа таомлари ҳам тайёрланади, аммо бу ерда ислом дунёсида маън этилмиш чўчқа гўшти ва бошқа маҳсулотлар ишлатилмайди. Масалан, тасмиясиз сўйилган қўй ёки буқа гўшти ҳам ҳаром ҳисобланади. Маст қилувчи ичимликлар ҳақида-ку гап ҳам бўлиши мумкин эмас – Фарҳод бу борада қаттиқ туради.

- Мен бу каби қаҳвахонани ўтган йилиёқ очмоқчи эдим, аммо ўз жойим йўқ эди. Ўшанда бир тадбиркор танишим билан бирга ишлашга тўғри келди. Аммо у бунга дош беролмади ва ажойиб кунларнинг бирида “ичкиликсиз ишлар олға кетмаяпти, ароқ сотишга тўғри келади”, дея аҳдидан қайтди, - дейди Фарҳод таассуф билан.

- Қаҳвахонани очган кунимиз қўй сўйиб, қурбонлик қилдик ва дин пешволарини зиёфатга чақирдик. Масжид имоми бизга фатво берди. Бизнинг ишимизда энг асосийси сабрли бўлишдир. Мен ошхонамизнинг кўпчиликка ёқишига аминман, - дейди ишонч билан “Halol food” эгаси .

Ҳалол таомлар қаҳвахонасини очиш ғоясини Фарҳодга Буюк Британияга кетган дўстлари айтганлар.

- Бу ишни “мен биринчи бошладим” деёлмайман, бунақа ошхона ва қаҳвахоналар Самарқандда ҳам, Ўзбекистон пойтахти Тошкентда ҳам аллақачон очилган ва улар жуда кўп, - дейди Фарҳод Турсунов. – Аммо у ерларга фақат бирор танишингиз тавсияси билан боришингиз мумкин, холос. Мен эса қаҳвахона номиданоқ буни очиқ билдиришга қарор қилдим. Нима учун инглизча дейсизми? Бу қадим Самарқандга ҳар йили кўп мусулмон сайёҳлар келиши билан боғлиқ. Қаҳвахона эса Самарқанд вилоят мусулмонлар диний идораси ва бутун ислом оламида машҳур бўлган “Хожа Исмоил Ал-Бухорий” мажмуаси ўртасидаги йўлда жойлашган. Мусулмон сайёҳлар барибир шу қаҳвахона ёнидан ўтадилар. Умид қиламанки, пок ният билан ҳалол маҳсулотлардан тайёрланган таомларимиз уларга ёқади.

Ҳозирча эса “Halol food” қаҳвахонаси ўз хўжайинининг диний ақидаларига монанд бизнес олиб бориш мулоҳазаси билан мўътабар бўлиб турибди, холос. Ахир шу чоққача Самарқандда мусулмонлар учун мўлжалланганлигини бу каби очиқ баён қилган ошхоналар йўқ эди-да.