02:24 msk, 22 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Душанбеда хорижда яшаётган россиялик ҳамюртларнинг III Конгрессига бағишланган фотокўргазма очилди

30.01.2007 19:02 msk

Виктор Дубовицкий

2007 йилнинг 26 январь куни Душанбедаги Россия Савдо ваколатхонаси биносида хорижда яшовчи россиялик ҳамюртларнинг ўтган йил охирида Санкт-Петербургда бўлиб ўтган III Конгрессига бағишланган фотокўргазма очилди.

Кўргазмани Россия Федерациясининг Тожикистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Рамазан Абдулатипов очди. Очилишдан сўнг Элчининг россиялик ҳамюртлар билан учрашуви бўлиб ўтиб, унда дипломат Россия Федерациясининг жаҳондаги рус диаспорасига нисбатан сиёсати ҳамда МДҲ мамлакатларидаги россиялик ҳамюртларнинг турмуши ва фаолиятига дохил бир қатор давлат дастурларининг амалга оширилиши масалаларига тўхталди.

Хориждаги россиялик ҳамюртлар аҳволи ҳақида гапира туриб, элчи Россиянинг у ёки бу мамлакатга нисбатан сиёсати мазкур мамлакатдаги россияликлар диаспораси аҳволи билан боғлиқ бўлиши кераклиги юзасидан фикр билдирди.

Элчи ҳозирги кунда ўзининг бошланғич ташкилотларида 17 мингга яқин этник россияликларни бирлаштирувчи Тожикистондаги россиялик ҳамюртлар кенгаши ишининг яхши бораётганини қайд этди. Ўтган йили уларни қўллаб-қувватлашга 315 минг АҚШ доллари сарфланган. Бу маблағлар, энг аввало, муҳтож кишиларга ёрдам беришга, уруш ва меҳнат фахрийларини даволаниши ва дам олишига, болаларнинг ёзги дам олишига, шунингдек, Россия маданияти ва санъати жабҳасида тадбирлар ўтказишга сарфланган.

Учрашув иштирокчиларидан бири, “Курьер Таджикистана” газетасининг мухбири Владимир Фролов Тожикистондаги оммавий ахборот воситалари соҳасида рус тилидан фойдаланиш масаласини кўтарди. Мамлакатда рус тилидан фойдаланиш сусайиб бораётганига мисол келтирар экан, у Тожикистон Ёзувчилар уюшмасида ҳамда Журналистлар уюшмасида рус тили секциясининг йўқлигига учрашув иштирокчиларининг эътиборини қаратди. Унга кўра, бу ҳолат тилга нисбатан қизиқишнинг пасайганини ифодалайди.

* * *

Муаллиф ҳақида: Виктор Дубовицкий, Тожикистондаги россиялик ҳамюртлар кенгаши раёсати раиси, “Фарғона.Ру” АА эксперти.