19:45 msk, 22 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкент валийлари. V қисм. Муқаддас Қалдирғоч ва мустақилликнинг чорак асри

30.01.2007 14:15 msk

Андрей Кудряшов (Тошкент)

© Фарғона.Ру фотоси

Калдиргоч бий
Қалдирғочбий. “Фарғона.Ру АА” фотоси
XVIII аср ўрталарига келиб Тошкент бинолар ва аҳоли сони жиҳатдан Марказий Осиёдаги Самарқанду Бухородан қолишмайдиган энг катта савдо ва ҳунармандчилик шаҳарларидан бирига айланганди. 1000 йиллар аввал Яҳё ибн Асад томонидан асос солинган Эски Жўвадаги тепаликда жойлашмиш қароргоҳ атрофида боғ-роғларга бурканган шаҳар маҳаллалари қад ростлашда давом этарди. Муҳим савдо йўллари чорраҳасида жойлашган шаҳар яхлит девор билан ўралган бўлиб, ўн бешта дарвозаси бўлган. Аммо шаҳарликлар турмуши аввалгидек нотинчлигича қолаётганди. Тошкент аввалгидек истилочилар эътиборини тортар, сон-саноқсиз юришлар ва ички зиддиятларни бошдан кечирар, анъанавий турмуш тарзи ва мусулмон динига содиқликни сақлаган ҳолда қўлдан-қўлга ўтарди.

XVII асрда Шайбонийлар сулоласи ҳокимияти заифлашиб қолган пайтда қозоқ султонлари Сирдарё жанубидаги деҳқончилик ерларини забт этишга ҳаракат қила бошлаганлар, улардан бири бўлган Таваккул 1588 йилда Тошкентни ишғол қилган. Ўн йилдан кейин у Самарқандни эгаллаган ва кўп сонли қўшин билан Бухорогача борган, аммо қамал чоғида қаттиқ яралангач, Тошкентга қайтиб, ўша ерда вафот этган. Икки асрдан кейин қозоқларнинг ўзлари жунгорларнинг даҳшатли ҳужумига учраганлар.

1723 йилда жунгор тайшеси (меросхўр шаҳзода), “Еру кўк ҳукмдори” Цэван Рабданнинг ўғли Галдан Цэрин Тошкентни эгаллаб олиб, талон-тарож қилдирган, шаҳарга солиқ солиб, халқни ламачилик динига ўтказишга уринган. Жунгор аскарлари мусулмон қадамжонларини талон-тарож қилганлар, улар Қаффол Шоший мақбарасини безаб турувчи ўймакорлик билан ишланган Қуръон оятларини қилич билан чопганлар.

Афсоналарга кўра, жунгор ҳокимиятига қарши ҳаракатларни Тошкентнинг ўша пайтдаги ҳукмдори, шоир ва нотиқ Тўлабий Алибейқули раҳбарлик қилган экан. Тошкентнинг тарихий марказида сақланиб қолган Қалдирғочбий мақбараси ҳозирги кунгача қозоқлар томонидан муқаддас қадамжо ўлароқ қадрланади.

Самарканд-дарбаза
Самарқанд дарвоза. “Фарғона.Ру АА” фотоси
Ажнабий босқинчиларга қарши кураш тимсоли бўлган Қалдирғочбийни улуғлаш Тошкентда Юнусхўжа ҳукмронлиги пайтида ривожланган. Жунгорлар ҳокимиятидан халос бўлингач, шаҳарда Европадаги ўрта аср тижорат республикаларини эслатувчи ўзига хос бошқарув шакли жорий қилинган, унда тўрт даҳа - Шайхантоҳур, Кўкча, Бешёғоч ва Себзордан сайланган ҳокимлар шаҳарни идора этганлар. Аммо 1784 йилда оқсоқоллар қурултойи шайх Хованд Тоҳурнинг авлоди, Шайхантоҳур ҳокими Юнусхўжани Тошкент ҳукмдори этиб тайинлаганидан кейин бунга чек қўйилган.

Юнусхўжа даврида Тошкент мустақил шаҳар-давлатга айланган.

1808 йили Тошкент Қўқон хони Олимхон томонидан босиб олинган. Аммо орадан бир йил ўтмай, хон фитна сабаб ҳалок бўлган. Кейин Бухоро амири Насрулло Қўқон хони Мадалини динбузар деб эълон қилиб, унинг кўпгина ерларини, жумладан, 1842 йилда Тошкентни ҳам босиб олган. Шаҳар яна йигирма йил мобайнида қўқонликлар ва бухороликлар томонидан навбатма-навбат ишғол этиб турилган, уларга қарши шаҳарликлар томонидан бир неча бор исён уюштирилган.

1865 йилда 14 июндан 15 июнга ўтар кечаси генерал Черняев қўшинлари томонидан қилинган иккинчи ҳужумдан сўнг Тошкент Россия Империяси таркибига киритилган ва бир йилдан кейин Туркистон генерал-губернаторлигининг расмий пойтахтига айлантирилган. Ўшандан бери гувала деворли маҳаллалар “Эски шаҳар” номини олган, Анҳорнинг чап қирғоғида эса бузилган Ўрда ўрнида янги шаҳар қурилиши бошланган.