03:43 msk, 22 Июль 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон бозоридан “Путин тухумлари” йўқолди. “Буш оёқчалари” эса қимматлади

15.08.2005 21:43 msk

Алексей Волосевич (Тошкент)

Ўзбекистон ҳукумати шу йилнинг 5 август куни “парранда гриппи” тарқалиши муносабати билан Россия ва Қозоғистондан товуқ гўшти ва тухум харид қилишни таъқиқлаб қўйди. Бунинг натижасида республикада тухум нархи дарҳол кўтарилди. Бугун Тошкент бозорларида катта тухумлар донаси 100-200 сўмдан (1 доллар – 1130 сўм) сотилмоқда. Бир ҳафта олдин эса тухум нархи 80-100 сўм эди.

Тухум нархининг тахминан 20 фоизга қимматлаши сабаби аниқ эмас. Нархнинг кўтарилишига психологик эффект ёки бошқа нарса сабаб бўлдими, аниқ эмас. Чунки, Ўзбекистонга четдан унчалик кўп миқдорда тухум олиб келинмас эди. Масалан, 2003 йил мамлакатга Россиядан бир ярим миллион зотдор товуқ ва миллиондан кўпроқ тухум олиб келинган бўлса, ўтган йилнинг баҳорида Ўзбекистон ҳукумати парранда гўшти ва маҳсулотларига тўланадиган бож солиғини 10 фоиздан 50 фоизгача оширди. Шу йил апрелидан эса тухум учун бож тўловининг 20 фоизи миқдорида акциз солиғи жорий этилди. Бу каби чекловлар натижасида Россия ва Қозоғистондан мамлакатга парранда гўшти ва тухум олиб кириш кескин камайди. Энди эса, “парранда гриппи” туфайли бу маҳсулотларни мамлакатга олиб кириш биратўла таъқиқланди.

Айни пайтда, Ўзбекистонга Туркия, Европа ва Америкадан олиб келинувчи “Буш оёқчалари” деб аталадиган товуқ гўшти нархи ҳам кўтарилди. Бу маҳсулотни барча савдо шаҳобчаларида керагидан ортиқча тарзда топиш мумкин. Лекин уларнинг нархи бир неча кун ичида 2400 сўмдан 2600 сўмга ошиб кетди.

Ўзбекистон бозорларида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан етиштирилган товуқ гўшти ҳам сотилади. Бироқ, бу маҳсулот билан асосан хусусий тадбиркорлар савдо қиладилар. Кенг миқёсда маҳаллий товуқ гўшти саноат ишлаб чиқариши даражасига етган эмас. Совет Иттифоқи таназзулидан сўнг озуқа базасининг ривожланмагани оқибатида гўшт ишлаб чиқариш саноати Ўзбекистонда ишламай қолди. Ҳукумат парранда гўшти етиштириш саноатига чет эл сармояларини жалб қилишга ҳаракат қилиб кўрди, бироқ бу уринишлар самара бермади. Расмий маълумотга кўра, бир йилда Ўзбекистоннинг парранда гўштига бўлган талаби 175 минг тоннани ташкил этади. Ўзбекистон гўшт етиштириш саноатининг қуввати эса фақат 7-8 минг тонна гўшт етиштиришга етади. Йилига мамлакатга 25-30 минг тонна парранда гўшти импорт қилинади.

Парранда маҳсулотлари нархларининг кўтарилиши бу маҳсулотнинг Россия ва Қозоғистондан импорт қилинишининг таъқиқланиши билан боғлиқ бўлмаса керак. Негаки, бу давлатлардан Ўзбекистон парранда гўштини деярли импорт қилмайди. Бироқ, парранда маҳсулотлари бозорида Европа Итифоқи ва Туркиядан қилинаётган импорт муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон Давлат бож қўмитасига кўра, 2005 йилнинг январь – июнь ойларида 12, 4 минг тонна (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 12, 7 фоиз кам) парранда гўшти олиб келинган. МДҲ давлатларидан қилинган импорт эса умумий импортнинг 3 фоизини ташкил этган.

Нарх кўтарилишини доллар қийматининг ошиши билан ҳам изоҳлаб бўлмайди. Сўнгги кунларда доллар 1110 -1120 сўмдан 1115 -1130 сўмга қимматлади. Бироқ, Америка доллари парранда маҳсулотларига нисбатан фақат ярим фоизгагина қимматлаган. Товуқ гўшти нархи эса 8 фоизга, тухум нархи 20 фоизга кўтарилган.



 

Реклама