23:13 msk, 19 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Экспертлар: Бакиев-Қулов тандемининг бузилиши Қирғизистондаги ижтимоий-сиёсий вазиятда салбий акс этиши мумкин

26.01.2007 20:39 msk

Фарғона.Ру

Феликс Кулов
Феликс Қулов. “Фарғона.Ру АА” фотоси
Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиевнинг Феликс Қулов номзодини бош вазир лавозимига номзод ўлароқ қайта кўрсатишдан бош тортганлиги ҳақидаги кечаги хабар куннинг сиёсий сенсациясига айланди. Бу бош вазир в. б. га “ғалаба қозонилмагунича” унинг номзодини кўрсатилавериши юзасидан берилган ваъда ҳамда тандем иштирокчиларидан бири ўз лавозимидан кетган тақдирда иккинчисининг ҳам автоматик тарзда ўз лавозимидан кетиши тўғрисида 2005 йилда Қулов билан Бакиев ўртасида тузилган битимга қарамай содир бўлди.

Ўз қарори сабабини изоҳлар экан, президент Қурмонбек Бакиев Жўғўрқу Кенешнинг (Қирғизистон парламенти) Феликс Қулов номзоди бўйича позицияси равшан экани ҳамда учинчи марта унинг номзоди кўрсатилиши ҳукумат тузиш бўйича масаланинг ҳал қилиниши ва ҳокимият бутоқлари ўртасида конструктив алоқаларнинг ўрнатилишига ёрдам беролмаслигини урғулади.

Аснода, 2007 йилнинг 19 январь куни парламентнинг кўпчилик депутатлари президент Қурмонбек Бакиевнинг Феликс Қулов номзодини парламентга шахсан тақдим этмаганлигидан ҳайрон бўлиб қолганлар, бу парламентнинг айрим аъзолари томонидан бош вазир учун ёмон аломат ўлароқ қабул қилинган.

Бу юзасидан депутат Бўлўт Шерниязов ҳам ўз нуқтаи назарини билдирган. Унга кўра, президент “ўзига керак бўлган пайтда конституцияни ўтказиш учун “ўз” депутатларининг 50 овозини йиға олганди, аммо нима учундир “ўз” бош вазирини ўтказиш учун 38 та овоз ҳам йиға олмаяпти”.

Марказий Осиё бўйича таниқли эксперт, “Время новостей” газетасининг шарҳловчиси Аркадий Дубнов Феликс Қуловнинг ўз сиёсий гўллиги қурбони бўлганини қайд этади. Унга кўра, Қулов дарров мухолифатга қўшилиб кетмаса керак. “Албатта, у сиёсатда қолади, аммо мухолиф сиёсатчи ўлароқ иш юритади, дея таъкидлай олмайман”, - деди сиёсатчи.

Аснода Қуловни “қулатган” парламентнинг ҳозирги таркиби ўз ваколатларини бугунги кунгача айнан бош вазир в. б. шарофати билан сақлаб қололганди, - дейди А. Дубнов. У 2005 йилнинг 24 март воқеаларидан кейинги ғавғоли кунларда парламентнинг тарқатилишини айнан Қулов тўхтатиб қолганлигини таъкидлади.

Жўғўрқу Кенеш депутати Қубаничбек Исабеков BPCга берган интервьюсида “оқибатлар жуда салбий бўлади”, деди. “Ахир Қулов ортида фақат партия ва қариндош-уруғларигина эмас, унинг ҳамфикрлари ҳам бор. Буни тан олиш керак. Бунинг устига бизда жануб ва шимолга ажратиш ҳам бор. Шунинг учун ҳам муайян кучлар вазиятни беқарорлаштириш бўйича маълум ишларни амалга оширадилар. Бу мамлакатдаги барқарор вазиятнинг ёмонлашувига ўта кучли таъсир кўрсатиши мумкин”, - дея таъқидлади Исабеков.

Қирғизистон-Россия Славян Университети (ҚРСУ) профессори Нур Ўмўров Феликс Қуловнинг ҳукуматдан кетиши мамлакат учун қимматга тушишини айтади: Қирғизистонда ҳудудий ва сиёсий гуруҳлар, аймоқларўртасида уруш бошланиши мумкин.

Қирғизистонлик сиёсатшунос Асқарбек Мамбеталиев 24.kgга берган изоҳида Қуловнинг истеъфоси мамлакатдаги кўпчилик томонидан хоинлик сифатида баҳоланиши, бу Қурмонбек Бакиев ҳокимиятининг маънавий тамалига зарба бўлиши мумкинлиги юзасидан тахмин билдирди. “Қирғизистон президентидан ҳатто унинг юртдошлари ҳам юз ўгиришлари мумкин. Бу билан баҳорда мавжуд расмийларни ағдариш эҳтимоли ошиб, реаллик даражасига чиқади. Президент парламентни тарқатиб юбориш ва бош вазирни ишдан бўшатиш каби икки нохушликдан ёмонроғини танлади”, - дея қайд этди Асқарбек Мамбеталиев.

“Мен Бакиев ва Қулов ўртасидаги ўзаро муносабатлар мантиғи, иккинчидан, президент ҳатти-ҳаракатларининг босқичма-босқич амалга оширилиши мантиғи ва ниҳоят, вазиятнинг муҳтамал ривожи мантиғи президентдан Феликс Қуловни бош вазир лавозимига кўрсатиш ва уни ўша лавозимга мустаҳкам ўрнаштиришни талаб этади, дея кутгандим. Аммо мен энг муҳим унсурни – бу мамлакатда мантиқнинг ўзи йўқлигини унутибман, - дея билдирди АКИpressга собиқ ташқи ишлар вазири, ҳозирда Ижтимоий сиёсат институти директори бўлиб ишлаётган Муратбек Иманалиев. – Мен Қулов номзодининг олиб ташланиши президент томонидан нотўғри қадам бўлди, деб ўйлайман. Чунки, биринчидан, у тандем ҳақида битим тузган. Шубҳасиз, уларнинг ўртасида муайян муаммолар бор, бир-бирларига нисбатан эътирозлар бор. Аммо Қуловнинг Қирғизистонда иккинчи одам бўлишга, айни пайтда президентга тиргак бўлишга тайёр одам экани очиқ кўриниб турарди.

Иккинчидан, Қуловни бу пойгадан четлатар экан, Бакиев иқтисодиёт аҳволи ва бошқа кўплаб масалалар, жумладан, HIPC учун ҳам жавобгарликни ўз бўйнига олади. Янги бош вазир Қулов каби жавобгарликни ўз бўйнига ололмайди. Қулов елкасида ётган масъулият улуши энди Бакиев елкасига кўчади. Мен буни президент учун жуда жиддий муаммо, деб ўйлайман.

Учинчидан, мен Қуловнинг бўлмаслиги Бакиев позициясини мустаҳкамламаслигига аминман. Аксинча, заифлаштиради. Нима учун дерсиз? Чунки мухолифат ҳамда жамоатчиликнинг айрим вакиллари 2005 йилда тузилган тандем ҳақидаги меморандум бўйича ҳисобот талаб қила бошлайдилар. Президент бунга тайёр бўлиб туриши керак”, - дея ўз сўзини якунлади М. Иманалиев.

Феликс Қуловнинг ўзи бу юзасидан қандай фикрда? Бош вазир в. б. яқин кунларда махсус матбуот анжумани ўтказишни ваъда қилиб, ҳозирча бўлиб ўтган воқеа юзасидан изоҳ беришдан бош тортмоқда. Бироқ унинг боши қотганлиги Қуловнинг “Ағим” газетасига айтган жумласида ўз аксини топган: “Эркакча сўзида турмаган одам ҳақида нима ҳам дея олишим мумкин?”

Аснода, 24.kg ААнинг хабар қилишича, бугун Олий иқтисодий кенгаш мажлиси чоғида Қулов қуйидагиларни билдирган: “Мен Қирғизистон бош вазири лавозимига Азим Исабековнинг кўрсатилганидан хурсандман. У мен бош вазир бўлган пайтда вазир бўлиб ишлай бошлаганди. Ҳукумат аъзоларидан бирор кишининг бош вазирликка кўрсатилиши менинг ишимга берилган ўзига хос баҳо бўлади. Азим Исабеков ўсаяпти ва етук раҳбарга айланиб бораётибди. Мен ҳукумат муносиб бош вазирга эга бўлади, деб ўйлайман”. Қуловга кўра, у вазирлар маҳкамаси раҳбари лавозимига даъвогар бўлмиш А. Исабеков билан учрашиб, уни қўллаб-қувватлашини айтган.



 

Реклама