23:28 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Тожикистон-Хитой: сергак муносабатдан стратегик ҳамкорликка

25.01.2007 20:05 msk

Виктор Дубовицкий (Душанбе)

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоновнинг 2007 йилдаги биринчи расмий давлат ташрифи Хитойга бўлди. Бунда қанақадир геосиёсий рамзийлик борми, дерсиз? Шубҳасиз, бор. Тожикистон-Хитой алоқаларини охирги беш йил ичида қизиқиш билан кузатиб бораётган тарихчи сифатида менга бу давлатлар алоқаларида сергаклик билан бир-бировларини ўрганиш босқичи ўтиб бўлганлиги ҳамда яхши қўшничилик ва кўптомонлама ҳамкорлик даврига кирганлари жуда сезилади. Гарчи бу нарса расмий ҳужжатларда қайд этилмаган бўлса-да, бу алоқалар Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида икки мустақил давлат ўртасидаги икки томонлама алоқаларнинг юқори даражаси бўлмиш “стратегик ҳамкорлик” босқичига чиқиб бўлди.

* * *

Ўн беш йил аввал 1992 йилнинг 4 январида Тожикистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилган пайтда ўзаро муносабатлар тартибга солинмаган чегара муаммоси сабабли хира тортган эди. Икки давлат ўртасидаги 509 километрлик чегара улар учун эски мерос эди: бу чегара бўйича шартномалар Россия Империяси ва Чин ўртасида XIX ўртасида ва охирида бир неча марта имзоланган ҳамда ҳар сафар жўғрофий жиҳатдан мавҳумлиги билан фарқланарди, бу эса хариталарга аниқлик киритилаётганда кўплаб тушунмовчиликлар ва ўзаро эътирозларга сабаб бўларди. Агар Хитой дипломатиясининг кескин вазиятларда ишлатиб турадиган “мазкур масалани кейинга авлодларга қолдириш” каби оригинал усули бўлмаганида, буларнинг ҳаммаси жиддий зиддиятларга олиб келиши мумкин эди. Ҳақиқатан ҳам ортингда беш минг йиллик тарихга эга давлат турганда шошилмоққа не ҳожат?! Ҳайтовур, хитойликларнинг бир авлоди бунақа имкониятга эга бўлди: Совет Иттифоқи парчаландию буюк қўшни билан бўлган чегара бирданига тўрт бўлакка бўлиниб кетди. Гарчи тўрттала собиқ совет республикалари раҳбарияти шарқдаги буюк қўшни билан бўлган чегара муаммоларини битта делегацияга бирлашиб ҳал этишда сиёсий оқиллик намойиш этган бўлса ҳам, улар эришган натижалар турлича бўлганди.

Хитой Тожикистон билан чегара муаммоларини ҳал қилаётган пайтда Тоғли Бадахшон мухтор вилояти (ТБМВ) ҳудудидаги умумий майдони... 20 минг мурабба километрдан ошган учта жойга даъвогарлик қилганди! Хитойлик саёҳатчилар ва буддавий зиёратчиларга Помир Исо таваллудидан олдин ҳам маълум эди. Улар Помирни Цун-лин – “Пиёзли тоғлар” деб атардилар.

Лекин тожикистонлик дипломатлар иши таҳсинга сазовор: олти йиллик экспертлик ишидан ва бир неча босқичли музокаралардан кейин кичкинагина тоғли мамлакат буюк қўшнига баҳсли ҳудуд бўлган уч участканинг 4,5 фоизинигина (990 кв. км) ўтказиб берган. 2006 йилнинг июнь ойида чегарада демаркацион ишлар бошланган, улар 2008 йил охиригача давом этади. Ҳозирча тожикистонлик ва хитойлик чегарачилар томонидан қирқ битта чегара устуни ўрнатилди.

Сарикўл тизмасидаги Қулма довони орқали Тошқўрғон-Хоруғ транспорт йўлаги пайдо бўлиши икки мамлакат чегара муаммоларини нормаллаштиришнинг муҳим натижаларидан бири бўлди. Бу йўлак Тожикистонга ШУМТдан ташқари Покистон орқали Ҳинд уммонига чиқиш имкониятини ҳам берарди. Тожикистон Республикасининг Тоғли Бадахшон мухтор вилояти (ТБМВ) бўйича божхона хизмати ҳудудий бошқармаси бошлиғи С. Саидакбаровга кўра, 2006 йилда ТР ва ХХР ўртасида “Қулма” божхона маскани орқали ўтган мол айланиши 4.250 минг АҚШ долларидан ошиб кетган.

Тожикистон таркибида қолган “Пиёзли тоғлар” ҳудудида йигирмага яқин фойдали қазилмалар конлари жойлашгани ҳам аҳамиятсиз нарса эмас.

Албатта, Тожикистон-Хитой алоқалари фақат Қулма орқали амалга оширилаётган савдо-сотиқ билангина чекланмайди – бу алоқалар анча кенг ва турфа йўналишлидир. 2006 йилнинг октябрида Душанбеда ўтган “Тожикистон ва Хитойнинг давлатлараро алоқалари: ҳозирги аҳвол ва истиқбол” илмий анжуманида ўтган ўн беш йил ичидаги ўзаро ҳамкорлик якунлари бўйича тожикистонлик ҳамда хитойлик олимлар ва дипломатлар томонидан айрим маълумотлар айтилди. Шу жумладан, “мамлакатлар орасида ҳал қилинмаган ҳеч қанақа сиёсий муаммо қолмаган”лиги қайд этилди.

ШҲТ доирасида Тожикистон Хитойдан 600 миллион долларлик имтиёзли кредит олган. Тожикистон енгил саноатига ҳам Хитой сезиларли даражада кўмак кўрсатаяпти.

Тожикистондаги етакчи иқтисодчи олимлардан бири, иқтисодиёт фанлари доктори Хожимаҳмат Умаровга кўра, айнан Хитойдан келтирилаётган арзон баҳоли кундалик эҳтиёж моллари Тожикистоннинг камбағалликка қарши кураш дастурида ёрдам берган: айнан шу туфайли охирги икки йил ичида аҳолининг камбағал қатлами 83,4 фоиздан 64 фоизга тушган.

Ўсимликлар селекцияси, уруғчилик, чорвадорлик жабҳаларида ҳам Тожикистон Хитой ёрдамидан умид қилиб турибди. Қишлоқ хўжалиги техникаси, шунингдек, кичик ГЭСлар учун агрегатлар етказиб берилиши ҳам республика учун алоҳида аҳамиятга эга.

Энди стратегик жабҳадаги муносабатларнинг яна жиҳатига тўхталсак. Ўтган ҳафтада Тожикистон президенти Э. Раҳмоновнинг Хитойга ташрифи кунлари Хитой қуруқлик ва денгиздан кейинги энг муҳим геосиёсий жабҳа – коинотни ўзлаштиришга сезиларли қадам қўйди. ХХР ҳудудидан учирилган баллистик ракета сайёра қобиғидан 865 километр баландликда Хитойга қарашли эскирган метеорологик йўлдошни уриб портлатган.

Хитой ўз РҚМ тизимини ривожлантириши америкаликларни жуда қаттиқ ташвишга солиб қўйди. Бу янги ҳарбий-стратегик ўйинда Тожикистон диққат марказида бўлиб қолди, дейиш мумкин: Россия билан стратегик ҳамкорлик Тожикистон ҳудудида 40 минг километргача коинотнинг улкан секторини диққат билан кузатиб турувчи “Окно” космик қўшинлар объектини жойлаштиришни ўз ичига олади, у Хитойга ҳам Шинжонни, ҳам Тибетни қўриқлашда ёрдам бериши мумкин. Менимча, америкаликларнинг Эрон билан бўлган зиддияти “қайноқ” урушга айланиб кетадиган бўлса, ШҲТ доирасидаги ҳамкорлик террорчиликка қарши курашдан ҳарбий-космик жабҳадаги ҳамкорлик даражасига чиқиши мумкин.

Тасодифми ёки йўқми, аммо Россия “Окно”си ўтмишда бутун Совет Иттифоқига маълум ва машҳур бўлган Нурек устида жойлашган. Помирдан қадим Хўжандгача узанган бу катта йўл ҳозирда Евросиё доирасида аҳамиятли трассага айланган.

Муаллиф ҳақида: Виктор Дубовицкий – тарих фанлари доктори, “Фарғона.Ру” АА эксперти, Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида яшайди.