17:41 msk, 22 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Хитойдаги уйғурлар: мухториятда ҳаёт қандай?

24.01.2007 21:09 msk

Гулзи Бону

“Фарғона.Ру” АА фотоси
Уйғурлар, ривоятларга кўра, Уйғуристоннинг марказида жойлашган Такламакон чўли (“ўлим саҳроси”, “Тоҳарлар ватани”, “борса келмас”) ўрнида қадим замонларда ўз ҳазоралари мавжуд бўлганию уйғурларнинг аждодлари айнан шу маъвода туғилиб ўсганларига ишонадилар.

Шарқий Туркистон қадимдан Ўрта Осиё билан битта этник-маданий ҳудудни ташкил қилган. Туркийзабон халқлар ўз маданияти ва тарихи билан Марказий Осиё республикалари халқларига яқин. Уйғурлар анъаналари, урф-одатлари, миллий либослари, миллий куйларю чолғу асбоблари, таомлари ва бошқалар жиҳатидан айниқса ўзбекларга яқин. Уйғурларда ҳатто ўзбеклар, уйғурлар, турклар ва татарлар “битта боғ мевалари”, қирғиз ва қозоқлар эса “қўшни боғ мевалари”, деган фикр юради. Бироқ бунда “қай бир нарса ўзбекникию қай бири уйғурники” деган мулоҳазаларни келтириб ўтирмайман, фақат жафокаш уйғурлар турмуши ҳамда замонавий уйғур жамиятида содир бўлаётган воқеалар билан ўртоқлашаман. Қуйида ёзилмишларнинг барчасини шахсий кузатувларим ва реал воқеаларни ўрганиш асосида битдим.

ЯНГИ ҲАДЛАР

Қадим замонларда тараққий этган Уйғур ҳазорасининг фақат Марказий Осиёгагина эмас, Хитойга ҳам катта таъсири бўлган. Бироқ ХVIII асрда манжур хитойлар сиқуви остида ўз мустақилликларини қўлдан бериб қўйганлар. Ишғол этилган ҳудудлар Синьцзян (Шинжон) дея атала бошланган, бу хитойча “Янги ҳадлар” деганидир. Ўша пайтлардан бери, уйғурларнинг таъкидлашича, вақти-вақти билан истилочиларга қарши ғалаёнлар бўлиб турган.

1949 йилда хитойликларни Шарқий Туркистонга кўчириш бошланган, натижада туб аҳоли билан хитойлик келгиндилар орасидаги муносабат ёмонлашган. Бугунги кунда уйғурлар ва хитойликлар ўртасидаги таранг муносабат фақат Шинжондаги уйғур айирмачиларининг исёнлари шаклидагина эмас, кундалик турмушдаги тўқнашувлар ва бир-бировларини хуш кўрмасликда ҳам акс этади. Масалан, хитойликлар уйғур ресторанларида истамайгина овқатланадилар, азалдан уйғур шаҳарлари бўлиб келган Қашқар, Турфон, Или, Хўтан каби жойларга камдан-кам борадилар. Уйғурлар эса, ўз навбатида, мусулмон қонунларига мувофиқ келадиган овқат пиширувчи ресторан ёки ошхоналар топиш қийин бўлганлиги учун бошқа вилоятларга бормайдилар. Улар таомларнинг аксариси чўчқа гўштидан тайёрланадиган хитой ошхоналарини четлаб ўтадилар. Уйғурлар хитойликларни “кофир” деб атайдилар, “ўз” таксичиларига пул тўлашни афзал билишиб, хитой ҳайдовчиларга хизматидан фойдаланишдан қочадилар, бу халқ вакилларига йўл бермайдилар. Хитойлик ва уйғур ёшлари ўртасидаги “қўл жанги”ни ҳатто Урумчи каби иқтисодий ва маданий жиҳатдан тараққий этган шаҳарда ҳам кузатиш мумкин. Бу икки миллат вакиллари ўртасида оила қуриш ҳақида-ку гап ҳам бўлиши мумкин эмас: хитойлик учун уйғур қизга уйланиш мутлақо номақбул иш ҳисобланади. Аксинча ҳам шундай. Шундай бўлса-да, уйғурлар ва чет элликлар ўртасида турмуш қуриш ҳоллари учраб туради.

ХИТОЙНИНГ ЭНГ КАТТА ВИЛОЯТИ

Ўрта Осиё республикалари, Мўғулистон ва Россия билан қўшни бўлган Уйғуристон мухтор округи ёки Шарқий Туркистон Хитойнинг энг катта вилояти бўлиб ҳисобланади. Расмий статистика маълумотларига кўра, ҳудудда 16 миллиондан зиёд аҳоли истиқомат қилади, уларнинг ярмини хитойлар (ханцзилар), 42 фоизини уйғурлар, қолган 8 фоизини эса қозоқлар, дунганлар, қирғизлар, ўзбеклар, тожиклар, руслар ва бошқа халқ вакиллари ташкил этадилар. Уйғурлар аслида ўзларининг сони кўпроқ эканини, аммо Хитой ҳукумати ҳақиқий маълумотларни яширишини айтадилар. Моҳиятан, Хитойдаги туғишни чеклашнинг (битта оилага битта фарзанд) миллий гуруҳлар дахли йўқ, бироқ туб аҳоли орасида туғилиш кескин камайиб кетган ва уйғурларнинг тўла ассимиляциясига сабаб бўлаяпти, бу эса Хитой расмийларининг демографик сиёсатига мувофиқ келади. Мазкур вазият халқаро ташкилотлар томонидан бу ҳудудда кўп асрлардан бери яшаб келган халқ геноциди ўлароқ баҳоланмоқда.

“Фарғона.Ру” АА фотоси
Ҳудудда табиий бойликлар кўплигига, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси хилма-хил эканига қарамай, уйғурлар жуда фақирона турмуш кечирадилар. Бойликларнинг катта қисми камбағаллик ва ишсизликни бартараф этишга сарфланмасдан, мамлакат ҳарбий таъминоти учун Хитойнинг шарқий ҳудудларига жўнатилади. Ҳокимиятдаги асосий лавозимларини, давлат лавозимларини хитойликлар эгаллаганлар. Давлат тузилмаларида ишлайдиган мусулмонлар масжидга борган тақдирларида ишдан бўшатилишлари ҳақида зимдан огоҳлантирилганлар. Шинжон ташқарисида (масалан, Бежин ёки Тьяжин университетларида) ўқийдиган уйғур талабалар сони ҳаддан зиёд кам, шу сабабдан уйғурлар ўзларини қувғинди ҳис қиладилар. Тьянжин университетида ўқийдиган уйғур қиз билан суҳбатлашган пайтимизда университетда миллий озчиликлар вакиллари бўлган талабалар энг иқтидорли талабалардан бўлишларига қарамай, муттасил камситилишлари маълум бўлди. Пировардида бу қиз ўқишни ташлаб, қадрдон Шинжонга қайтишга мажбур бўлган.

ЯНГИ АВЛОД ХИТОЙЧАНИ ТАНЛАЙДИ

Кўп уйғурлар сиёсий мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда фарзандларини ўқиш хитой тилида юритиладиган мактабларга бераяптилар. Шу тариқа, уйғурларни янги авлоди араб имлосидаги ёзувларни ўқий олмайдилар ва ўз она тилларидан кўра хитой тилида саводлироқ гаплашадилар. Бундан ташқари, ўтган асрнинг етмишинчи йилларида имлонинг ўзгариши ҳам ўз ролини ўйнаган. Ўша пайтда уйғурлар лотин ёзувидан фойдаланардилар (лотин ёзувида чоп этилган эски жарида ва китобларни Урумчидаги ерости ўтиш йўлларидан ҳалигача топиш мумкин), кейин эса улар араб ёзувига ўтганлар. Айрим мутахассислар бу Совет Туркистонида яшовчи туркий халқларнинг Шарқий Туркистон аҳолиси билан қўшилишининг олдини олиш учун қилинган, деган фикрга мойиллар. Бошқалари эса ўша пайтда уйғур олимлари кенгаши чақирилиб, унда уйғурлар томонидан ўнинчи асрда Ислом дини қабул қилинганидан бери қўлланиб келинган араб ёзувини қабул қилишга қарор олинган, дейдилар.

“Фарғона.Ру” АА фотоси
Шу сабабли ҳам уйғур халқининг саводхонлик даражасини унчалик яхши, деб бўлмайди. Дейлик, менинг кузатувларимга кўра, ўрта ёшли одамларнинг кўпчилиги маиший ҳаёт, савдо-сотиқ ва камбағаллик шароитида тирикчилик ўтказишдан бошқа ўз мамлакатида содир бўлаётган воқеалар ҳақида ҳам, хорижда кечаётган ҳодисалар тўғрисида ҳам кўп нарса билмайди. Хитойликларни, хитой тилини ва хитойларга алоқадор ҳамма нарсани хуш кўрмасликни тушунса бўлади, аммо бу жўғрофия, биология, физика ва бошқа жабҳаларда энг жўн тушунчага ҳам эга бўлмасликни, саводсизликни оқлолмайди. Ваҳолонки, бир неча асрлар аввал уйғур империяси Осиё минтақасида энг ривожланган ва қудратли давлат ҳисобланарди.

ДИНИЙ РУҲДАГИ ҒАЛАЁНЛАР

Ўтган асрнинг 90-йилларида Шинжонда айирмачи гуруҳлар фаол ҳаракат қилганлар, баъзан террорчилик ҳодисалари бўлиб турарди, режаланмаган исёнлар чиқиб турарди. Уйғуристон мухтор ҳудуди аҳолиси учун бунақа воқеалардан энг эсда қоларлиси 1990 йилда Қашқарда, 1992 йилда Урумчида юз берган автобус портлашлари бўлганди. Расмийлар мусулмонларга Қашқар яқинидаги масжидга боришни таъқиқлаб қўйганларида исёнлар ва норозилик намойишлари бўлиб ўтганди. 1995 йилда расмийлар Хўтанда имомни алмаштирмоқчи бўлганларида ҳам исён диний тус олганди.

“Фарғона.Ру” АА фотоси
Аммо норозилик намойишларининг энг жиддийси 1997 йилда Қозоғистон билан чегарадош бўлган Инин шаҳрида бўлиб ўтган ғалаён бўлганди. Ўшанда расмийлардан ўз диний ҳақ-ҳуқуқларини тиклаб беришни талаб қилган мусулмонлар намойиши очиқ исёнга айланган, у Хитой армияси томонидан аёвсиз бостирилганди. Бугун кўпчилик у даврларни эслашга ҳам журъат қилолмайди. Аснода БМТ томонидан 2002 йилда террорчилик ташкилоти ўлароқ таснифланган Шинжондаги “Шарқий Туркистон” террорчиларни тайёрлаш марказининг йўқ қилингани ҳақида яқинда тарқатилган хабар ҳам жамоатчилик томонидан маҳаллий аҳолини қириш учун баҳона сифатида қабул қилинаяпти.

Хитойликлар уйғур айирмачилигини Ислом динига нисбат бериб хато қиладилар. Расмийлар террорчиликка ва радикал гуруҳларга қарши кураш ниқоби остида бутун халққа зулм ўтказаяптилар. Уйғурларнинг эса ўз ғояларини тарғиб қилишларига қарийб ҳеч қандай имконият йўқ. Мисол учун, ахборот манбалари чеклангани боис 2006 йил охирида уйғур миллатининг ҳуқуқ ва эркинликлари учун курашчи ҳамда сиёсатчи Робия Қодирнинг Нобель мукофотига тавсия қилингани ҳақида кам одам билар эди. Бундан хабардор кимсалар ҳам бу ҳақда оғиз очмасдилар.

Хитой расмийлари эса, аксинча, Уйғур мухтор округида диний кайфиятда бўлмаган жамият барпо қилароқ “оммага мафкуравий ишлов бериш” ишини анча яхши олиб бораётибдилар. Бу ерда эътиқод эркинлиги таъқиб қилинади, “диндорлик”ни чеклаш учун турли тадбирлар ўтказилади, мусулмон аҳоли ўртасида “дунёвий жамият” тушунчаси сингдирилади. Мактаб ўқувчиларининг Жумъа намозига боришларини чеклаш учун таътил чоғида ҳам ўғил болаларнинг мактабга келишлари буюрилган. Байрамларда корхона ишчилари бўлган уйғурларга алкоголли ичимликлар - “baijiu” (хитойча “оқ руҳ”) деб номланган бадбўй Хитой ароғи тортиқ қилинади.

Бир қарашда Шинжонда мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари расмийлар томонидан камситилмаётгандай кўринади. Ҳамма жойда, ҳатто кичик шаҳарларда ҳам эшиклари очиқ масжидларни кўриш, шом намозига кетаётган кишиларни учратиш мумкин. Аммо, айтишларича, барча масжидлар қаттиқ назорат остида тутиларкан, имомлар эса фақат расмийлар томонидан тайинланар экан. Уйғур оилаларидан бири масжидларга иона қилинган пуллар “байтуллоҳ” ходимлари томонидан ўмариб кетилаётгани учун закотни масжидларда қолдирмасдан, бевосита камбағал оилаларга беришни маслаҳат берди.

“Фарғона.Ру” АА фотоси
Урумчида ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида Шарқий Туркистонга кўчиб келган руслар томонидан асос солинган православ черкови ҳам бор. Бу черковга ибодатга келадиган хитойликлар, агар Хитой коммунистик партиясига аъзо бўлмасалар, таъқиб қилинмайдилар. Бироқ Америкадан келган миссионерлар ўз фаолиятларини очиқ юритишиб, “даҳрийлар”ни насронийликка даъват эта олмайдилар. Зеро, расмийлар америкалик даъватчиларнинг хитой ва уйғур тили ҳамда маданиятини ўрганиш баҳонасида коммунистик партия қонунларига зид келувчи ўз миссияларини яширинча адо этаётганларига аминлар.

АСНОДА ТУРМУШ ДАРАЖАСИ ОШАЯПТИ

Уйғурларни эзиш, уларнинг диний ҳақларини камситиш, 1955 йилда “мухторият” мақомига эга бўлган Уйғуристоннинг ички ишларига аралашиш каби фактларга қарамай, газеталар, журналлар уйғур тилида чиқади, телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришлар уйғур тилида олиб борилади, Уйғуристонда жойлашган университетлар, мактаблар ва Хитой армияси қисмларида мусулмонлар учун махсус ошхона, қаҳвахона ва ресторанлар очилган.

Бундан ташқари, Хитой расмийлари Уйғуристонда турмуш даражасини оширишга, ишлаб чиқаришни, экспортни ривожлантиришга, ҳудудга чет эл сармояларини жалб қилиш учун бор куч-ғайратларини сарфламоқдалар, шу сабабдан 1994 йилда Урумчи махсус иқтисодий ҳудуд дея эълон қилинган. Эндиликда чекка жойларда эшак араваларда эмас, кўпроқ автомобилларда юрадиган бўлганлар. Марказий Осиё мамлакатлари ва Россия билан бўлган бизнес ва савдо-сотиқ алоқалари ривожланаяпти. Кўп шаҳарларга давлат субсидиялари (маблағлари) ажратилмоқда. Шундай қилиб, охирги ўн йил ичида Шинжондаги аҳолининг турмуш даражаси сезиларли даражада яхшиланганини эътиборсиз қолдириб бўлмайди.

“Фарғона.Ру” АА фотоси
Шунга қарамай, Хитой расмийлари томонидан бу ҳудудда амалга оширилаётган аҳволни ўнглаш ҳатти-ҳаракатлари тузук эътиқодли мусулмонларнинг ҳаммаси томонидан ҳам олқишланаётгани йўқ. Бу кишилар учун аждодлар яшагандай турмуш кечириш ва Жумъа намозини адо қилиш нариги дунёга олиб кетиш мумкин бўлмаган молу давлатдан кўра муҳимроқдир.

ДЕВОРНИНГ ҲАМ ҚУЛОҒИ БОР

Умуман олганда, бу ерда бирор-бир маълумот олиш анча қийин, чунки хитойлик расмийлар ахборот чиқиб кетмаслиги учун барча зарур чораларни кўриб қўйганлар. Одамлар “Хитойда ҳатто деворнинг ҳам қулоғи бор” дейдилар ҳамда уйғурлар ва уларнинг аҳволи ҳақида бирор-бир маълумот олиш истагида келган чет элликлар “ўзингизга яхши бўлиши ва ўз хавфсизлигингизни таъминлаш учун оғзингизни юмиб юринг” қабилида жиддий огоҳлантириладилар. Ўзаро суҳбатларда одамлар коммунистларни, тизимни танқид қилишлари мумкин, аммо ҳатто оила даврасида ҳам уйғур халқи мустақиллиги учун кураш ҳақида гапириш ёки уни очиқ қўллаб-қувватлаш қарийб мумкин эмас – қамалиш хавфи бор. Бизга айтишларича, уйғурлар орасида озгина рағбатлантириш ва “давлат хавфсизлиги” учун ўз қўшнилари ва дўстларининг гапини керакли жойларга ташиб борадиган “почтачилар” ҳам бор экан. BBC, Wikipedia, Human Rights Watch каби ташкилотларга дохил Интернет-сайтлар ҳамда уйғурларга бағишланган барча сайтлар маҳаллий провайдерлар томонидан бўғиб қўйилган.

Давоми бор