02:34 msk, 24 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тарихий саводсизликни битириш. Александр Бёрнс – “компасли савдогар”

24.01.2007 14:21 msk

Виктор Дубовицкий

А.Бёрнс
А. Бёрнс
XVIII аср охирлари XIX аср бошларида Марказий Осиё европалик тадқиқотчиларнинг олий мақсади эди. Бухоро, Хива ва Қўқон хонлари ўз чегараларининг дахлсизлигини ажнабий насронийлардан қаттиқ ҳимоя қилардилар. Уларнинг кўпчилиги бу йўлда қурбон бўлардилар. Айнан шунинг учун ҳам Марказий Осиёни тадқиқ этилиши тарихида бу минтақага илмий мақсадлар билан кириб келган, аммо ўзларининг асл мақсадларини яширган саёҳатчилар номлари қолган. Улардан бири инглиз Александр Бёрнс 1831-1836 йилларда арман савдогари қиёфасида Афғонистон ва Марказий Осиёда бўлган.

Машҳур шоир Роберт Бёрнснинг узоқ қариндоши бўлган Александр Бёрнс 16 ёшида Ҳиндистондаги мустамлакачи қўшинда хизмат қила бошлаган ва дипломатик фаолиятда ҳам, илмий изланишларда ҳам улкан қобилиятга эга эканини намойиш қилган. 1831 йили Англиянинг Ост-Индия ширкати раҳбарияти А. Бёрнсни алоқа йўллари ҳамда Марказий Осиёдаги сиёсий ва иқтисодий вазиятни аниқлаб келиш учун истихборатга юборади. Орадан бир муддат ўтиб Ҳинд қирғоқларидан Амударё томон кичик бир карвон йўлга туради, улар орасида одми катак салла ўраб, кулранг чопон кийган “армани савдогар” ҳам борарди. Унинг “армани”лиги қизиқувчан кишиларга форс тилида бемалол гаплаша оладиган инглизнинг сезиларли талаффузи юзасидан изоҳ бериш учун зарур эди. Афғонистоннинг тоғ сўқмоқларию Туркман чўлларидан Бухоро ва Эрон воҳаларига қадар таҳликаларга тўла уч йиллик саёҳат ана шундай бошланган.

Лоҳурдан чиққанидан беш ойча ўтгач, А. Бёрнс ўз ҳамроҳлари билан ҳозирги Термиз яқинида Амударёдан кечиб ўтиб, Бухоро хонлиги ҳудудига кириб кетган. Лейтенант зийрак тадқиқотчи ва яхши конспиратор бўлиб чиққан, у салласига яширилган компас ёрдамида йўлни қоғозга тушириб борган. Ўзи боролмаган жойлар йўловчилардан олинган маълумотларга асосланган ҳолда баён қилинган. Пировардида Европа илми XIII асрда яшаб ўтган Марко Поло замонларидан бери келинмаган жойлар ҳақида уникал маълумотларга эга бўлган.

Албатта, Бёрнс томонидан, масалан, ҳозирги Тожикистон ҳудуди ҳақида олинган маълумотлар кўпинча хато бўлиб чиқади, аммо бу Европа жўғрофияси биринчи бор эга бўлган дастлабки маълумотлар бўлганини унутмаслик лозим.

“Амударё шимолида тоғлар дастлаб Ҳисор вилоятида учрайди. Ҳисор тоғлари анча баланд бўлишига қарамай, фақат қиш пайтидагина қор билан қопланади. Ҳисор тоғларида Панжобнинг туз тоғларида бўлгандек туз топганлар. Ҳисорда суғориш ишлари яхши йўлга қўйилган ва бу ерда гуруч кўп етиштирилади. У Бухорога ҳам, Қундузга ҳам қарам эмас”.

Александр Бёрнс машҳур Бадахшон лаълини ҳам эътиборсиз қолдиролмаган. “Бадахшон қадимдан ўз лаъл конлари билан Деҳли императорлари орасида маълум ва машҳур бўлган. Айтишларича, Амударё қирғоғида Гўрон деб номланган жойда жойлашган экан... Бу ерда катта лаъллар жуфт-жуфт топилиши ҳақида фикр мавжуд: бу лаъл изловчиларни иккинчи жуфти топилгунига қадар ўзлари топган қимматбаҳо тошни яшириб қўйишга ёки катта тошларни иккига бўлишга мажбур бўлардилар”.

Бадахшон лаъли Русда ва Шарқда ҳам яхши маълум бўлган. Россия маликаси Екатерина II тожини 400 қиротлик Бадахшон лаъли безаб туради. Британия тожини ҳам иккита машҳур Бадахшон лаъли безайди. Тошлардан бири “Қора шаҳзода лаъли” номи билан маълум. Иккинчиси эса Шарқда “Ҳирожи Олам”, Ғарбда “Темур лаъли” сифатида 600 йилдан буён маълум бўлиб, у ўз вақтида ҳақиқатан ҳам Амир Темур ва унинг авлодларига тегишли бўлган, 1851 йилда эса Ост-Индия ширкати томонидан инглиз қироличаси Викторияга ҳадя қилинганди.

Унинг бу саёҳати ҳақидаги “Бухорога саёҳат” икки жилдли китоби инглиз тилида бир неча марта нашр этилибгина қолмай, ўша пайтлардаёқ француз, немис ва рус тилларига таржима қилинган. Ҳеч кимга маълум бўлмаган лейтенант бирданига ўз ватанида машҳур кишига айланган. Британия жўғрофия жамияти бу саёҳати учун унга олтин медаль, Париж жўғрофия жамияти эса кумуш медаль берган. Лондондаги “Атениум” зодагон клуби уни ортиқча расмиятчиликларсиз аъзо қилиб олган. Бунақа шараф ҳаммага насиб қилавермасди.

Афсуски, Европанинг йирик жўғрофий жамиятларига аъзолик А. Бёрнсни янги илмий тадқиқотларга илҳомлантирмаган – у умрининг охиригача Британия армияси истихборатчи зобити бўлиб қолган. У 1838-1842 йиллардаги биринчи инглиз-афғон уруши сўнгида Қобулда фожеавий равишда ҳалок бўлган.

* * *

Муаллиф - Виктор Дубовицкий, тарих фанлари доктори (Душанбе, Тожикистон).