12:42 msk, 16 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Томскдаги ўзбеклар: Миллий-маданий мухторият икки йил аввал ўзининг борлиги ҳақида билдирганди

24.01.2007 02:35 msk

Ҳ. У. Ҳамроев

Фото с сайта Karnaval.rde.ru
Karnaval.rde.ru сайтидан олинган сурат
Ўз ватанидан ташқарида яшаётган ва ишлаётган ўзбекистонликлар сони анчагина эканига қарамай, Россия ҳудудида ўзбеклар бирлашмаси унча кўп эмас. Уларнинг айримлари ҳақида биз аввал ёзгандик. Бу каби ташкилотларнинг кўпи ўз фаоллари ва раҳбарларининг ғайрати шарофати билан актив фаолият олиб бораяптилар. Ана шундай инсонлардан бири – Томск шаҳридаги “Ўзбекистон” миллий-маданий мухторияти раҳбари Ҳамза Умарович Ҳамроев бирлашманинг ташкил этилиш тарихи ва унинг иши ҳақида гапиради.

* * *

Совет даврида ўзбеклар Томскка олийгоҳларда ўқиш учун келишар ёки армия хизматидан ўтаб бўлганларидан кейин шу ерда қолишар, оила қуришарди. Иттифоқ тарқаганидан кейин Ўзбекистондаги иқтисодий аҳвол ёмонлашди. 1996 йилдан кейин Сибирга муҳожирлар ёпирилиб кела бошладилар ва ҳозир уларнинг сони тобора ортиб бормоқда. Булар, асосан, қурувчилар, қора иш билан шуғулланувчилардир. Оғир меҳнат ўзбекистонликларга уйда қолган оила аъзоларини боқиш имконини беради. Бу ерда юқори малакали мутахассислар ҳам етарли. Уларнинг ҳаммаси, асосан, Томскдаги олийгоҳларни битирганлар ёки ҳозирги пайтда ўқияптилар.

2002 йилда ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, Томск вилоятида 1,6 минг ўзбек истиқомат қилади. Биздаги маълумотларга кўра, [ҳозирги пайтда] ҳудудда доимий равишда яшаётган ўзбекистонликлар сони 5 минг кишига етади. Ёзда мавсумий муҳожирлар ҳисобига ўзбеклар ва Ўзбекистондан келганлар сони анча кўпаяди.

Фото с сайта Karnaval.rde.ru
Karnaval.rde.ru сайтдан олинган сурат
Миллий бирлашманинг ташкил этилиши

Миллий марказ ташкил этиш ҳақидаги масала биз томонимиздан узоқ вақт мобайнида муҳокама қилинди. Ватан соғинчи, анъаналар ва маънавий қадриятларни қўмсаш, Россия Федерацияси ҳудудида Ўзбекистон фуқаролари дуч келаётган қийинчиликлар – буларнинг ҳаммаси бирлашишга туртки бўлди. “Томск шаҳар “Ўзбекистон” миллий-маданий мухторияти” Россия Федерацияси Адлия вазирлигининг Томск вилояти бўйича бошқармаси томонидан 2004 йилнинг 14 сентябрь куни расман рўйхатга олинди.

Мухториятнинг олий бошқарув органи Умумий йиғин бўлиб ҳисобланади. Доимий ишлайдиган бошқарувчи коллегиал орган Кенгаш бўлиб, у Умумий йиғинга ҳисоб беради. Кенгаш икки йилга сайланади, у 4 кишидан иборат, ўз навбатида Кенгаш фаолиятини раис бошқаради. Мухторият кенгаши 3 ойда бир марта йиғилади. У мухторият билан боғлиқ барча масалаларни ҳал қилади. Кенгаш жамоатимизнинг энг ҳурматли ва эътиборли кишиларидан ташкил топган. Улар Томскка Совет Иттифоқи пайтиёқ келишган, аммо шунга қарамай, ўзларининг тарихий ватанлари билан бўлган алоқани йўқотмаганлар.

Ўзбек диаспораси Томск шаҳар маъмурияти билан тиғиз алоқада бўлиб туради. Қайд этиш муҳимки, бюрократик тизимнинг мураккаблигига қарамай, маъмурият бизга озми-кўпми ёрдам бериб туради. Паспорт-виза ва муҳожирлик хизматлари билан диаспорамиз орасида таранг алоқалар юзага келган. Ўзбекистоннинг РФдаги Элчихонаси билан ҳамкорлик қилиш ҳам доим осон кечавермайди. Биз Томскда Ўзбекистон Республикаси консуллиги ёки ваколатхонасини очиш таклифи билан Ўзбекистон ТИВга бир неча бор ёзма равишда мурожаат қилгандик. Мурожаат қилишимизга сабаб, биздаги ҳисоб-китобларга кўра, Томск вилоятида Ўзбекистоннинг беш мингга яқин фуқароси яшаётгани эди. Улардан кўпчилиги ватанга кетиш имкониятига эга эмаслар. Дейлик, икки-уч йил аввал одамлар Россияга паспорт олмаган вояга етмаган болалари билан келганлар. Бу болалар балоғатга етганларидан кейин паспорт ололмаяптилар; чегарадан ўтиш ва Россиядан чиқиб кетиш учун ватанга қайтишга элчихонадан маълумотнома керак экан, у бўлса паспорт бўлганидагина бериларкан. Шунингдек, ҳужжатларни йўқотиб қўйиш билан боғлиқ бўлган муаммолар ҳам бор.

ТИВдан жавоб ололмаганимиздан кейин Ўзбекистон Президенти Каримов И. А. га мурожаат қилишга мажбур бўлдик, аммо бу ерда ҳам биз ана шундай тўсиқларга дуч келдик. Делегациямиз Тошкентга борган пайтда бизни президент девонига яқин ҳам йўлатмадилар.

Мушкул вазифалар

Фото с сайта Karnaval.rde.ru
Ўзбекларга ижтимоий, ҳуқуқ ёрдам кўрсатиш ва уларни қўллаб-қувватлаш бизнинг энг муҳим вазифаларимиздан биридир. “Ўзбекистон” ТШМММ ўз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда ёрдам сўраб мурожаат қилаётган кишиларга кўмак беришга ҳаракат қилаяпти. Биз ўзбекча матнларни рус тилига ўгириш билан шуғулланаяпмиз, юридик ҳужжатларни расмийлаштиришда ёрдам кўрсатаяпмиз, одамларни керакли давлат ташкилотларига йўналтириш бўйича консультациялар ўтказаяпмиз; ишга жойлашишга ёрдам бераяпмиз. Ноқонуний тарзда ишлаётган ўзбекистонликларда адо этиб бўлинган иш учун ҳақ олишда қийинчиликлар туғилмоқда. Биз иш берувчилар билан гаплашаяпмиз. Шунингдек, мухторият муҳтож бўлган кишиларни суғурта полислари билан таъминлашда тиббиёт ширкатлари билан шартномалар тузмоқда, РФ фуқароси бўлмаган кишиларнинг фарзандларини мактабларга ва болалар боғчаларига жойлаштиришда ёрдам бераяпти.

Биз ўсиб келаётган авлодни тарбиялаш мухториятнинг асосий вазифаларидан бири, деб ҳисоблаймиз. Болалар ва ёшлар - бизнинг келажагимиз, наслимиз давомчиларидир. Умуман, ўзбек учун болалар ва оила ҳаётдаги энг муҳим, энг қадрли нарсадир.

2005 йил май ойи охирида ўзбекистонлик талабалар билан учрашув уюштирилганди. Ўшанда шаҳарнинг барча олингоҳларидан рўйхат йиғилганди, биз деярли ҳар бир талабани тадбирга таклиф этишга ҳаракат қилгандик. Ниҳоят, биз йиғилдик. Кўпчилик марказнинг борлиги ва унинг фаолияти ҳақида ўша куни эшитди. Бу ерга фақат ўзбекларгина эмас, балки жуда кўп руслар, татарлар ва бошқа миллат вакиллари келдилар. Аммо ўша кун уларнинг ҳаммасини бир нарса – Ватанга муҳаббат ва уни қўмсаш бирлаштирганди. Бу ерда, Томскда ота-оналардан йироқда катталарнинг ҳар қанақа маслаҳати ва ёрдами жуда бебаҳодир. Учрашувда биз танишдик, бир-бировларимизни яқиндан билиб олдик. Эндиликда бу учрашувлар анъанага айланди. Бу ерда талабаларнинг долзарб муаммолари муҳокама этилади ва уларни ҳал этиш йўллари ишлаб чиқилади. Эндиликда ҳар ким бунақа марказ борлигини билади ва исталган вақтда бу ерга ёрдам сўраб мурожаат қилиши мумкин. Олдимизда турган режа ва вазифаларни тўлароқ амалга ошириш учун ташкилотнинг ўз биноси бўлиши керак. “Ўзбекистон” ТШМММ йил давомида “Рус-Ўзбек миллий-маданий маркази” қурилиши учун ер участкасини ажратиш масаласида Томск шаҳар мэриясига бир неча бор мурожаат қилган эди. Аммо мэрия ваъда бериш билан чекланганди. Фақат Ахборот сиёсати департаментига мурожаат қилинганидан кейингина “муз кўчди”. Ҳозир қўлимизда губернаторнинг Мухториятга ер участкаси ажратиб бериш ҳақидаги қарори бор.

Дўстлар ва байрамлар

Фото с сайта Karnaval.rde.ru
Karnaval.rde.ru сайтдан олинган сурат
Мухториятимиз Томск шаҳридаги бошқа миллий-маданий марказлар, “Сибир Халқлари Ассамблеяси”, Новосибирск шаҳри ўзбек диаспораси билан муносабатлари жуда илиқ – биз биргаликда турли тадбир ва байрамлар ўтказамиз, семинарларда иштирок этамиз ёки шунчаки тажриба алмашамиз.

Ташкил топган кундан бошлаб диаспора шаҳар маданий ва ижтимоий турмушида жуда фаол иштирок этиб келмоқда. Ўз миллий ансамблимизни тузишга қарор қилганимизда олдимизда унча осон бўлмаган иш турганини ҳис қилдик. Ўзбекистондан миллий чолғу асбоблари, зарчопонлар ва бош кийимлар олиб келинди. Ансамбль “Умид” деб номланди. Бу рамзий ном бутун диаспоранинг ўзбек маркази келажагига умиди ва ишончини ифодаларди. “Наврўз” байрамида (2005 йилнинг 19 марти) иштирок этиш ансамбль учун дебют бўлди. Ансамбль “Авангард” маданият саройида бўлиб ўтган “Радуга” миллий қўшиқ ва рақс фестивалида иштирок этди.

2005 йилнинг ёзида Томскда биринчи марта шаҳар карнавали бўлиб ўтди. Албатта, бизнинг байрамни Рио-де-Жанейродаги, Венециядаги карнаваллар билан солиштириб бўлмайди, аммо у кўп томскликларнинг ёдида қолди. Томскнинг биринчи карнавалидаги иштирокимиз марказ ҳаётидаги унутилмас воқеалардан биридир. Карнавалда кўп ғайриоддий ва қизиқ ҳодисалар бўлди, аммо бунгача ҳечам ёрқин либосдаги ўзбек раққослари ва ғайриодатий мусиқий асбоб тутган мусиқачилар шаҳарнинг марказий кўчаларида пайдо бўлмагандилар, бу кўп томошабинларни ҳайратга солди.

2006 йилнинг март ойида навбатдаги “Наврўз” халқ байрами нишонланди. “Авангард” МС анъанага кўра ўзбек, тожик, қирғиз, қозоқ, бошқирд-татар миллий марказлари ва байрам меҳмонларини йиғди. Ўзбекона урф-одатларга кўра, мусиқачилар одамларни байрамга карнай-сурнай билан чорладилар. “Авангард” фойесида таниқли ўзбек фоторассоми Владимир Жирнов фотокўргазмаси бўлиб ўтди. Концерт дастури кўчада якунланди, у ерда меҳмонларни ажойиб совға кутарди: байрамга ташриф буюрган барча кишилар сумалак ва палов билан меҳмон қилинди.

2006 йилнинг 1 май куни Томскда Халқлар дўстлиги куни нишонланди. Фестиваль намойишдан бошланди. Турли миллий марказлардан ташкил топган колонна шаҳар марказий кўчаси бўйлаб ўтди. Намойишчилар миллий либослар кийиб, ўз мамлакатлари байроқларини кўтариб ўтдилар. Барча иштирокчилар Ўзбек маркази мусиқачилари ижросидаги ўзбек куйи садолари остида ўтиб борардилар. Драмтеатр олдида эса шарқона оҳангдан таъсирланган иштирокчилар рақсга тушиб кетдилар. Биз яна кўплаб байрамларда иштирок этдик – ҳаммасини санаб адоғига етолмайсиз. Жумладан, биз Томскдаги иккинчи шаҳар карнавалида ҳам иштирок этиб, “2006 йилнинг энг яхши мусиқий колоннаси” йўналишида иккинчи совринни қўлга киритдик.